Ассалому алайкум. Ёшим 21да, 10 ойлик фарзандим бор. Ҳозирда касал бўлиб юришга роса қийналяпман, шифокордан сўрасам «кўпроқ ётинг, болани кўтарманг, оғир кўтариш мумкин эмас», деди. Лекин келин бўлганим учун бунга жуда ҳижолат бўляпман. Қайнонам касал бўлганимизни ёмон кўради. Лекин касал бўлиб юролмай қолганимда уйга кириб ётинг дейди. Касал бўлмаган пайтларимда, пешиндан кейин ухлаб қолсам, бола ухлаганда ишларингизни қилинг дейдилар. Ҳўжайнимни айтишича, «перфекцианист» эканман. Бирор ишни қилолмасам ҳам асабий бўлиб қоламан. Оғриганим учун уй ишларини қила олмаяпман. Тўғриси қайнонамдан қўрқиб қолганман, шунинг учун ҳам оғрисам ҳам иш қилишга ўрганганман, лекин ҳозирги ҳолатимда роса қийналяпман, иш қилолмаяпман. Дори ичмоқчи бўлсам қайнонамдан сўраб ичаман, лекин медицинадан хабари йўқ. Шифокор ёзиб берган дориларни ўзи ўқиб чиқиб ёки ўзини танишларидан сўраб, ўзи рухсат берган дорини ичишим керак. Яна бир нарса ҳўжайинимни олдиларида айбимни айтиб қаттиқ гапиради. Гап кўтаролмайдиган бўлиб қолганман, сал нарсага, айниқса қайнонамнинг сал тегиштириб гапирган гапларига ҳам асабим бузилиб кетади. Жуда ҳам тушкунликка тушиб қолдим нима қилсам бўлади? Яхши келин бўлишим учун нима қилишим керак, қайнонамнинг қандай кўнгилларини олай, илтимос ёрдам беринг. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин. Илтимос саволимни каналингизга қўймасангиз.
– Ва алайкум ассалом! Яхши келин, яхши инсон бўлишингиз учун аввалом бор соғлом бўлишингиз керак. Тезроқ шифо топиш йўлларини изланг. Дори ичишга рухсат сўрашингиз жуда ғалати. Чунки бу сизнинг жисмингиз, сизнинг танангиз. Сиз ўз соғлигингизга нима фойдаю нима зарар эканлигини билишингиз керак. Тинмай изланишингиз керак. Интернетлардан фойдаланиб излаб ўрганиб юришингиз керак. Ўзингизнинг олдингиздаги масъулиятларни тўлиқ ўз зиммангизга олишингиз керак. Соғлик-саломатлик неъмати муҳим бўлганлиги учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз, умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар. Сизга Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларидан бир парча келтирмоқчиман:
“Имом Аҳмад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Аллоҳдан яқийнни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган».
«Яқийн» мустаҳкам иймондир. Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда турадигани мустаҳкам иймон бўлса, ундан кейинги – иккинчи ўринда турадигани соғлик-саломатликдир.
Имом Насаий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан афвни, офиятни ва мустаҳкам соғлиқни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин мустаҳкам соғлиқчалик яхши нарса берилмагандир», деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизга ана шу неъматларини ато қилсин. Омийн!
Ислом соғлиқнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканлигини, банда унинг учун шукр қилиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади.” Сиз ўзингизда соғлом бўлиш ва зиммангиздаги ишларингизни бажаришингизда куч-қувват ҳосил бўлиши учун аввал ният қилишингиз ва шунга интилишингиз керак. “Амаллар ниятга кўрадир” маъносидаги ҳадисга мувофиқ иш бўлади. Яна “Яхшилик гумонида бўлинглар” маъносидаги ҳадисга мувофиқ сиз ҳам яхшилик умидида бўлиб юришга одатланинг. Фақат ижобий нарсаларга эътибор бериб, салбий ишларга ва воқеаларга қулоқ тутманг. Шу орқали асабларингизни муҳофаза қилиб оласиз.
Валлоҳу аълам!