Ассалому алайкум! Менинг опаларим бор, лекин йўқдек... Бири намоз ўқийди-ю, билган иши ёмонлик, иғво. Иккинчиси риёкор, хоҳласа намоз ўқийди, хоҳласа йўқ. Энди тоқатим тоқ бўлди. Уларни аввалгидек эъзозлашни истамаяпман. Бегонадек муомалада бўлсам (номига борди-келди дегандек) гуноҳга қолмайманми?
– Ва алайкум ассалом! Қариндошлар биз бандалар учун синовга берилган. Қариндошларга қандай муомала қилинишига қараб савоб ёки гуноҳ олинади. Гуноҳкор бўлиб қолмаслигингиз учун уларга яхши муомала қилаверинг. Улардан ҳеч нимани кутманг, аммо қўлингиздан келган хизматни Аллоҳ учун қилаверинг. Ҳаётда шундай вазиятлар бўлади. Бу нормал ҳолатдир. Ўзингизнинг ибодатларингизда маҳкам тураверинг. Опаларингиз учун дуода бўлинг. Силаи раҳм тўғрисида жуда кўплаб ҳадислар келтирилган. Буларга амал қилиб яшашимиз лозим.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом:
«Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», дедилар. Шундай экан Аллоҳнинг наздида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом наздида одамларнинг яхшироғи бўлишни истасангиз опаларингизга яхшилик қилаверинг.
Валлоҳу аълам!