Бенамозларга бўлган нафрат

01:29 / 30.04.2020 | Nilufar | 686
Ассалому алайкум! 5 вақт намозга турмуш ўртоғим билан энди ўтдик. Шу вақтгача хунук қилиб айтганда, ўта замонавий оилалардан эдик. Намоз ўқимайдиган инсонлардан, ҳаттоки ўз жигарим опамни намоз ўқишга тарғиб қилсам, ҳали ўқиёлмаслигини айтса опамдан ҳам нафратландим. Аллоҳ ўзи кечирсин. Бу ҳолатим гуноҳ эмасми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ ибодатларингизда бардамвом айласин! Йўқ, бундай нафратланмаслик керак. Чунки ҳидоят Аллоҳдан. Ўзингиз айтганингиздек, Аллоҳнинг ҳидояти бўлмаганида сиз ҳам яқингача ибодатга кирмаган эдингиз. Шу пайтда яқинларингиз сиздан нафрат қилса, қандай ҳис қилган бўлардингиз ўзингизни? Ундан кўра яқинингиз бўлгани сабаб унга яхшиликни раво кўринг, Аллоҳдан ҳидоятни сўранг. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида Исмоил алайҳиссаломга аҳлларини намозга буюриш билан бирга унинг учун сабр қилишларига ҳам амр қилади. Яқинларни ибодатга чорлашда сабрли бўлиш керак. Нафратни изҳор қилиб уларни диндан бездирмаслик лозим. Валлоҳу аълам.

«Наҳл» 125. Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билувчи ва ҳидоят топувчиларни ҳам ўта билувчидир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали яхшиликка чорловчи умматларига баён қилиб бермоқда.

Аввало,

«Роббингнинг йўлига...»

Яъни даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.

Иккинчидан:

«...ҳикмат...»

Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.

Учинчидан:

«...ва яхши мавъиза ила даъват қил».

Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.

Тўртинчидан:

«Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».

Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал қилмасдан, рақибининг кўнглига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.

Бешинчидан:

«Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билувчи ва ҳидоят топувчиларни ҳам ўта билувчидир».

Яъни яхшиликка чорловчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.

("Тафсири Ҳилол" китобидан.)