Савоб олиш

01:34 / 06.05.2020 | Комола | 651
Ассалому алайкум! Рамазон ойида жуда ҳам кўп савобларга эга бўлишим учун нималар қилишим керак?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш.

1238- عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

1238. Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

1. «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».

Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони Каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир.

Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганлигини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди.

Қуръони Карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.

Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди?»

Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир».

Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оятнинг тафсирида аллома Ибн Касийр жумладан қуйидагиларни ёзганлар:

«Бир кишининг силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилганлиги ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб:

«Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.

«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».

Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алай­ҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир».

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинч­лик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.

Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

1283- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

1283. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан.)

 

 Валлоҳу аълам!