Она билан муносабат

08:36 / 28.04.2020 | Ya’yo | 522

Ассалому алайкум! Онам билан гўзал муносабатда бўлолмайман, улар менга нимадир десалар, эркаласалар, чин дилдан эмас, балки кесатиб айтаётгандек бўладилар. Уйда унча чеҳрамни очиб юролмайман, ҳаракат қиламан, лекин уддалай олмайман. Яқинларим ибодатда қоим эмаслар, илм ўрганишмайди. Онамга «Ҳазратнинг китобларини ўқинг», десам, «тушунмайман», деб ўқимайдилар. Кўп вақтларини телефонда ўтказадилар, билмайман балки шу сабабданми, уйда ўзим билан ўзим бўлишни, ёлғиз қолишни хоҳлайман. Бу ҳолатда қандай йўл тутишим керак?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Психологик томондан қаралганда инсонга бошқаларнинг бирон қилиғи, ўзини тутиши ёқмаса демак шу инсонда ҳам шу қилиқлар бор дегани. Ўзингизга яхшилаб эътибор қилсангиз аслида онангизнинг феълидаги баъзи тарафлари сизда ҳам бор демак. Яъни сизга ёқмаган ана шу одатларнинг устида ишлаб уларни бартараф этишингиз учун атрофдагиларнинг бу одатлари сизни безовта қилаверади. Ҳамда инсон бировнинг меҳрига зор бўлса, уни олиш учун аввал ўзи бериши керак. Демак сизга онангизнинг эътибори, меҳри керак экан ўзингиз биринчи ўринда онангизга эътибор қилишингиз, меҳрибон фарзанд бўлишингиз керак. Онангиз сизни бу дунёга келтириб шу ёшингизгача парваришлаб, едириб, ичириб, ҳозирги ҳолатингизга келишингиз учун катта меҳнат қилган ва ўзини бу йўлда ҳечам аямаган энг биринчи инсондир. У кишидан ниманидир кутиш нотўғри. Энди фақат сизда нимаики бўлса, унга бериш вақти келди. Турмушга чиққан ва ўз фарзандини дунёга келтирган аёлгина буни чуқур ҳис эта олади. Тўғри баъзи бир аёлларда ҳудбинлик ҳам йўқ эмас. Бу феъл уларга ота-оналари томонидан берилган нотўғри тарбиянинг маҳсулидир. Бу каби болаликдан орттирилган одатларни фарзандлар йўқота олмайди. Психологик нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, инсонни биров ўзгартира олмайди. У фақатгина ўзини ўзи ўзгартира олади холос. Албатта бунинг учун маълум шарт-шароитлар яратилсагина. Яъни у инсонга ундан талаб этилган одатлар орқали муносабат қилинса. Мисол учун онангиз сизни тонгда: “Қизалоғим турақол тонг отди. Юр бирга намоз ўқиймиз сўнг мазали нонушта қиламиз асалим. Сен учун яхши кўрган таомингни тайёрлаб қўйдим”, деб уйғотишини истасангиз, сиз онангизга ҳудди шундай гаплар билан муомала қилиб кўришингиз керак. Онангизга ибрат бўлиб ўқиган китобларингиздан таъсирли жойларини гапириб беринг. Шунда онангизда ҳам қизиқиш пайдо бўла бошлайди. Бирор инсонга нисбатан, қайсидир ишга йўлбошлаш нияти пайдо бўлдими, демак фақат ўзининг тажрибаси, шахсий ибрати орқалигина таъсир кўрсатиш мумкин.

 «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» деган («Исро» сураси, 23-оят).

 Валлоҳу аълам!