– Ва алайкум ассалом! Оқиб кетадиган бўлса зиёни йўқ. Оқмайдиган сувга бавл қилишдан қайтарилган. Аммо шундай бўлсада, болаларга ўша ерга бавл қилмасликни ўргатиш керак. Валлоҳу аълам.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга бавл қилмасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар».
Бир ривоятда «Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда «Оқмас сувга бавл қилишдан қайтардилар», дейилган экан.
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда катта ва муҳим масала кўтарилмоқда: ўша замонда ҳеч кимнинг эсига келмаган тиббий эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши ҳам оқмай турган сувга бавл қилиши мумкин эмаслигини қаттиқ тайинлаб айтмоқдалар.
Замон ўтиши билан илм-фан, хусусан, тиббиёт ривожланиб, одамлар бу таъкид маъносини энди тушундилар. Инсон пешобида турли зарарли моддалар бўлар экан. Ана шу пешоб орқали сувга аралашиб қолган зарарли моддалар бу сувни истеъмол қилган, ундан таҳорат ёки ғусл қилган кишиларга зарар етказиши аниқ экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оқмай турган сувга бавл қилиб бўлмаслиги.
2. Оқмай турган сувга бавл қилинса ёки нажосат тушса, ундан таҳорат қилиб бўлмаслиги.
3. Нопок сув ила таҳорат ёки ғусл қилиб бўлмаслиги.
4. Пешоб нажас ва зарарли нарса эканлиги.
Валлоҳу аълам!