Махфий ва жаҳрий намоз

02:28 / 14.05.2020 | Google User | 1769
Ассалому алайкум! 1) Бир видеода фарз намозларида такбирлар, қироатлар, Самиъаллоҳу калимаси, намоздан чиқишдаги саломлар жаҳрий айтилади ва ўқилади, суннат намозлари эса бошидан охиригача махфий ўқилади дейилди. Шу маълумот тўғрими? 2) Нафл намозлари жаҳрий ўқиладими ёки махфий?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Овозни ошкора ёки махфий қиладиган ўринларда ошкора ва махфий қилиш.

Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракъатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракъатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин ва аср намозларида қироат овоз чиқармай қилиниши вожиб.

Ушбу ҳолат жуда кўплаб ривоятларда келган.

وَقِيلَ لِخَبَّابٍ: بِأَيِّ شَيْءٍ كُنْتُمْ تَعْرِفُونَ قِرَاءَةَ النَّبِيِّ r فِي الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ؟ قَالَ: بِاضْطِرَابِ لِحْيَتِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

«Хаббобга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешин ва асрдаги қироатларини нимадан билар эдингиз?» дейилди. У:

«Соқолларининг қимирлашидан», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Пешин ва аср намозида қироат махфий қилингани бу ривоятда очиқ-ойдин айтиб турилибди. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироат қилаётганларини фақат у зотнинг соқоллари қимирлашидан билиб олар эканлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ أُمَّ الْفَضْلِ سَمِعَتْهُ وَهُوَ يَقْرَأُ وَالْمُرْسَلَاتِ عُرْفًا فَقَالَتْ: يَا بُنَيَّ، وَاللهِ لَقَدْ ذَكَّرْتَنِي بِقِرَاءَتِكَ هَذِهِ السُّورَةَ، إِنَّهَا لَآخِرُ مَا سَمِعْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ r يَقْرَأُ بِهَا فِي الْمَغْرِبِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умму Фазл у кишининг «Вал мурсалаати урфан»ни қироат қилаётганини эшитиб:

«Эй ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат қилишинг ила, батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан охирги эшитган нарсамни эслатдинг. Уни шом намозида ўқиган эдилар», деди».

Ушбу ривоятга қараганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозида «Вал мурсалаати урфан» сурасини биринчи ва иккинчи ракъатларга бўлиб қироат қилганлар.

عَنْ جُبَيْرِ ابْنِ مُطْعِمٍ t قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقْرَأُ بِالطُّورِ فِي الْمَغْرِبِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шомда «Ват-Тури»ни қироат қилганларини эшитдим».

Икки ҳадисни бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдан шом намозида қироат ошкора бўлишини билиб оламиз.

(“Кифоя” китобидан)

 Валлоҳу аълам!