Ака-сингил ва опа-сингил меҳри

05:05 / 08.05.2020 | Назар | 997

Ассалому алайкум! Ака-сингил, опа-сингил меҳр-оқибати қандай бўлиши лозим? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қуйида сизга Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларидан иқтибос келтираман. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қариндошларга садақа қилиш ҳақида сўралди. У зот:

«Унга икки ажр берилур: қариндошлик ажри ва садақа ажри», дедилар». 

Икки Шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

Икковларининг лафзида: 

«Мискинга қилинган садақа садақа, (холос). Қариндошга қилинган садақа эса ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир»,  дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда қариндош-уруғларга садақа қилишга тарғиб бор. Бу иш туфайли қариндошчилик алоқалари мустаҳкамланади. Бундай алоқалари мустаҳкам бўлмаган жамиятдан эса яхшилик кутиб бўлмайди. Қариндошига яхшилик қилмаган одамнинг бошқаларга яхшилик қилиши мумкин ҳам эмас. Ундай яхшилик бўлган чоғда ҳам, бирор ғараз кўзланган бўлади, холисона бўлмайди. Шунинг учун ҳам Исломда аввало яқинларга, қариндошларга хайр-эҳсон, садақа қилишга амр этилган. Яқин қариндошларга қилинган эҳсонга икки ҳисса ажру савоб берилади.

     Кўриниб турибдики ҳар яхшиликни аввал қариндош уруғларидан бошлаш керак. Қариндошларга садақа қилиш деганда нафақат пул, балки ҳар бир қилган яхши амалингиз ҳам тушунилади. Валлоҳу аълам.