Ассалому алайкум! Ҳанафий мазҳабида ҳижома учун нарх белгилаш мумкинми? Жавоб учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! «Кифоя» китобида:
Ҳаммомнинг ва қон олувчининг ижараси дуруст.
Ҳаммом ҳақини бериш қадимдан одат бўлиб келаётган иш.
Имом Бухорий ва Муслим Рофеъ ибн Хадийждан келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдирганлари ва қон олувчига ҳақ берганлари зикр қилинган.
Икрима розияллоҳу анҳу айтади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг учта қон олувчи ғуломлари бор эди. Улардан иккитаси унга ва унинг аҳлига даромад келтирар эди. Биттаси ундан ва унинг аҳлидан қон олар эди».
Ибн Аббос, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳажжом қандоқ ҳам яхши банда, қонни кетказади, қуйилганни енгиллаштиради ва кўзни равшанлаштиради», деганлар», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, қайси бир фаришталар тўпи олдидан ўтсалар, қон олдиришни лозим тут», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Валлоҳу аълам!.