Аллоҳнинг зикрлари

23:15 / 21.05.2020 | Izzatullo | 629
Ассалому алайкум! Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки мен ҳар куни тасбеҳ, ҳамд, истиғфор, таҳлил, Қуръон тиловати ва яна турли дуоларни одат қилганман. Лекин баъзи бир маърузаларда буларнинг тартиби ҳақида ҳам эшитиб қолдим. Бу зикрларни тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Нақшбандия тариқатидаги мурид зикрни бошлашдан олдин тавба қилади. Таҳорат қилиб қазо намоз ёки шукри вузуъ намозини адо этади. Яна тавба қилиб, бутун вужуди ила диққатини жамлаб зикрга ҳозирланади.

Юз марта «Астағфируллоҳ ал-Алий ал-Азийм аллазии лаа илаҳа иллаа ҳува ва атубу илайҳи»ни айтади.

Юз марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтади.

Юз марта «Аллоҳумма солли алаа»ни охиригача ўқийди.

Юз марта «Ихлос» сурасини ўқийди.

Мурид имкони борича кўпроқ лафзи жалолани – Аллоҳ - лафзини ихлос билан такрорлаб юради.

Одатда мазкур зикрлар Бомдод намозидан ке-йин қуёш чиққунча қилинади.

Шунингдек, Бомдод намозидан кейин «Ёсин» сурасини қироат қилиш ҳам кундалик вирдлар ичида бор.

Қуёш чиққандан кейин икки ракъат «Ишроқ» намози ўқилади.

Чошгоҳ вақти кирганда эса Зуҳо-чоштгоҳ намози ўқилади.

Пешин намозидан кейин «Мулк» - Таборак сураси қироат қилинади.

Аср намозидан кейин «Амма» сураси қироат қилинади.

Шом намозидан кейин икки ракъат «Аввобийн» намози ўқилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг ҳадиси шарифларида бу намоз айнан шундай ном ила зикр қилинган. Баъзи бир ўзига тариқат шайхлиги нисбатини берадиган муҳтарамлар бу намозни нима сабабдан «Туҳфаи расул» деб номлаб олганларининг сабабини била олмадик.

Ётишдан олдин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб ётилади. Кечаси эса суннатга мувофиқ қилиб «Таҳажжуд» намози адо этилади.

(“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан)

 Валлоҳу аълам!