– Ва алайкум ассалом! Ҳадисни охиригача ўқимаган кўринасиз. Билол розияллоҳу анҳу азон айтиб одамларни таҳажжудга, саҳарлик қилишга уйғотганлар. Яъни, бомдод вақтидан аввал азон айтганлар. Шунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Билолнинг азони сизларни саҳарликдан тўхтатмасин”, деганлар. Ортларидан Абдуллоҳ ибн Умму Мактум азон айтганларида ҳамма саҳарлик қилишдан тўхтаб оғзини ёпган, чунки бомдод вақти кирганида айтганлар. Ҳозирги пайтда бу каби икки бор азон айтилмайди. Фақат бомдод вақти кирганида айтилади ва ўша пайт еб-ичишдан тўхташ шарт. Шу сабаб ўша кун қазосини тутиб берасизлар.
- عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا يَغُرَّنَّكُمْ مِنْ سَحُورِكُمْ أَذَانُ بِلَالٍ وَلَا بَيَاضُ الْأُفُقِ الْمُسْتَطِيلُ هَكَذَا حَتَّى يَسْتَطِيرَ هَكَذَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: لَا يَمْنَعَنَّكُمْ مِنْ سُحُورِكُمْ أَذَانُ بِلَالٍ وَلَا الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيلُ، وَلَكِنِ الْفَجْرُ الْمُسْتَطِيرُ فِي الْأُفُقِ.
1209. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай (ердан осмонга) чўзилган оқлик ҳам сизларни саҳарлигингиздан алдаб қўймасин. Токи мана бундай бўлиб ёйилгунча», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида:
«Билолнинг азони ҳам, баландга чўзилган фажр ҳам сизларни саҳарлигингиздан ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр (ман қилсин)», дейилган.
Шарҳ:Ушбу ҳадиси шарифда саҳарликни қачонгача давом этдириш мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда.
Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади. Бу субҳи козиб ёки фажри козиб дейилиб, «ёлғончи тонг» деган маънони англатади. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукмига кўра, ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти тугамаган бўлади.
Иккинчи босқич эса ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Бу субҳи содиқ ёки фажри содиқ дейилиб, «рост тонг», деган маънони билдиради. Ана шунда оғизни бекитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас.
Валлоҳу аълам!