– Ва алайкум ассалом! Карма сўзи ислом динига алоқаси йўқ тушунча. Ҳеч қайси инсон тақдирида нима бўлишини олдиндан билмайди. Ота-онаси, буви-боболарининг ҳаётида бўлган нарсалар қайтиб ўзининг фарзандларида такрорланиши эҳтимоли борлигини ҳам бандаси билмайди. Қандай қилиб фарзандларим ҳаётида қайтмасин дея дуо қила олади. Фарзандларнинг ёки ўзининг тақдирида ҳозир бир минутдан кейин нима содир бўлишини билмайдику инсон. Карма сўзи буддистларнинг динидан олинган ибора. Бу ҳақда аввал ҳам мукаммал қилиб жавоб берилган. Ота-оналар ўз фарзандлари ҳақида қилган дуолари мустажоб деб ўргатади шариатимиз. Шундай экан фарзандларимиз ҳақида, ўзимизнинг тақдиримиз ҳақида ибодатлару дуоларда мукаммал бўлишимиз керак. Карма, реинкарнация, медитацияларга берилиш бандаларни ибодат қилишдан, илм олишдан, зикр қилиб тафаккур қилишдан чалғитадиган ишлардир. Мусулмон учун намозларнинг ўзи медитация, Қуръон ва ҳадисларни ўқиб, уларнинг маънолари таржимасини, шарҳларини ўқиб ўрганишнинг ўзи катта илм. Тақдирда авлоддан авлодга ўтувчи баъзи ҳодисаларнинг ҳикматини ҳам Аллоҳнинг Ўзи билгувчи. Инсониятга билдирилмаган илмлар ҳам, ғайб ишлари ҳам борлигини бандаси унутмаслиги керак. Валлоҳу аълам!