Ассалому алайкум! Яқинда бир танишим смс юборди. Унда ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “умматларимнинг қазо намози бўлса рамазон ойининг охирги жума кунининг жума намози ва аср намози орасида 4 ракъат намоз ўқиса 400 йиллик қазо намозини ўқиган бўлади. Инсон 400 йил қазо намоз қилмагани туфайлии ортгани ота-онасига, яқинларига болаларига ўтади. Намоз 4 ракъат суннат каби ўқилади. Ният қилдим Аллоҳ розилиги учун қолган қазо намозларимни адо этишга. Ҳар ракъат “Фотиҳа” сураси, 10 марта “Оятал курси” 15марта, “Кавсар” сураси 3 та, “Кафирун” 3та ихлос ўқилади. Саломдан кейин 70 та истиғфор ва 70 та саловот ўқиладии. Шу саҳиҳми?
– Ва алайкум ассалом! Ғирт ёлғон!
Сиз келтирган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат, ёлғон ва тўқима гап.
عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Валлоҳу аълам!