Ассалому алайкум! Бир танишим қанча бўлса ҳам қарз бериб туришимни сўрамоқда. Бошқа дўстларимдан у ҳақида сўраб суриштирдим. Айтишларича, унинг кўп одамларда қарзи бор экан. Айнан мендан ҳам бошқа бир инсондан олган қарзини узиш учун сўраяпди. Ҳозир рамазон ойи унга пулни закот сифатида берсам бўладими?
– Ва алайкум ассалом!
Агар у ибодатли, ҳақиқатдан муҳтож, қарздор бўлса, унга закот беришингиз жоиз. Лекин ҳозирги кундаги бировни дўпписини бировга кийдирадиган тоифадан бўлса уларни бу аҳволга солаётган ҳам ўзимиз бўлиб қоламиз. Уларни қаллоб, олифта эканлигини билиб туриб уларга пул бераяпмиз. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади.
وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ الَّتِي جَعَلَ اللّهُ لَكُمْ
5. Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг.
Ўзи у каби инсонларга пул берувчиларнинг табиатида ҳам бироз бузуқлик бор. Энди ўша дўппи кийдирувчи инсонларга келсак, оммага у инсонни дўппи кийдирувчи бўлиб қолганини эълон қилиш керак. Чунки ҳақдорлар яхши гапириб ўзини ҳаққини олмоқчи бўлсалар аниқки кимнидир дўпписини олиб келиб беришга мажбур. Шариатга кўра эса, ишни аввалидаёқ бор мол мулкини соттирилиб ҳақдорга олиб берилар ва ҳамманинг ичида “Бу шунақа табиати бузуқ инсон” деб эълон қилдирар эди. Ҳозир ҳам ҳақдорлар шу ишни қилишлари керак. Бу шарманда қилиш ёки ғийбат қилишга кирмайди. Аксинча одамларни унинг ёмонлигидан сақлашга киради. Валлоҳу аълам!
Валлоҳу аълам!