Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Муҳтарама опа-сингиллар! Барчаларингизга ушбу муборак жума айёми муборак бўлсин! Бугун сиз азизларга жума кунидаги дуо қабул бўладиган соат ҳақида маълумот беришни ирода қилдик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва: «Унда бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У Зот унга ўшани бергай», дедилар ва қўллари билан ўша (соат)нинг озлигини кўрсатдилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Жума кунининг афзалликларидан бири унда дуо қабул бўладиган соат борлигидир. Ушбу соат ва унинг миқдори ҳақида ҳам турли мулоҳазалар бор. Баъзилар бу соат олтмиш дақиқа вақтни ўз ичига олган табиий соатдир, дейдилар. Бошқалар эса уларга хилоф равишда, бу соатдан мурод озроқ вақтдир, дейдилар. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўша (соат) имом (минбарга) ўтирганидан бошлаб намоз ўқилиб бўлгунича», деганларини эшитдим». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида: «Албатта, жумада бир соат бордир. Банда унда Аллоҳдан нимани сўраса, албатта, Аллоҳ уни берур», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси соатдир?», дейишди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга иқомат айтилганидан бошлаб, уни тугатгунича», дедилар». Бу ривоятда жума кунги дуо тўсиқсиз қабул бўладиган соат имом жума хутбасини қилиш учун минбарга чиққандан бошлаб, то жума намозини ўқиб бўлгунга қадар бўлган вақт айтилмоқда. Демак, жума куни ўша вақтда эътиборни яна ҳам кучайтириб, Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларни астойдил сўраб туриш керак. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни ўн икки соатдир. Ундан бир соатда қайси мусулмон Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда топилса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша нарсани берур. Бас, уни асрдан кейинги охирги соатда изланглар», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган. Ушбу ҳадисда мазкур дуо тўсиқсиз қабул бўладиган муборак соат кундуз кунининг олтмиш дақиқадан иборат табиий ўн икки соатларидан бир соат экани тушунилмоқда. Шу билан бирга, ўша соат асрдан кейинги, қуёш ботишдан олдинги олтмиш дақиқа эканига ишорат қилинмоқда. Демак, жума куни айни ўша пайтда эътиборли бўлиб, дуо қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Унда Одам халқ қилинган. Унда у жаннатга киритилган. Унда у жаннатдан туширилган. Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраса, Аллоҳ, албатта, унга сўраган нарсани берур», дедилар». Абу Ҳурайра: «Абдуллоҳ ибн Саломни учратиб, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. У менга: «Мен ўша соатни биламан», деди. «Менга унинг хабарини бер. Унинг ҳақида менга бахиллик қилма», дедим. «У (соат) асрдан сўнг қуёш ботгунча», деди. «Қандоқ қилиб асрдан кейин бўлиши мумкин?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон банда ўша (соат)ни намоз ўқиган ҳолида топса», деганлар-ку?! Мазкур соатда эса намоз ўқилмайди», дедим. Абдуллоҳ ибн Салом: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким намозга интизор бўлиб ўтирса, намозда бўлади», демаганларми?» деди. «Ҳа», дедим. «У худди шунинг ўзи», деди». Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган. Икковлари: «У қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир», деганлар». Жума кунидаги мақбул соатнинг бундай мубҳам қилиб қўйишда улкан ҳикмат бор. Агар шундоқ қилинса, «қуёш чиққан кунларнинг ичида энг яхшиси» бўлмиш жума кунини мусулмон банда ибодат ва дуо билан ўтказади. Агар маълум соатни тайин қилиб қўйилса, ўша соатда эътиборли бўлиб, куннинг бошқа вақтларини бепарволик билан ўтказиши мумкин. Аллоҳ таоло барчамизнинг ушбу муборак кундаги дуоларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин. Омин! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!