Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Солиҳлик йўли.
Солиҳлик йўли «Фотиҳа» сурасининг «Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. «Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига», деган оятларида зикр қилинган йўлдир.
«Ўзинг неъмат берганлар»дан мурод — Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир.
Демак, «Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин», деганидир. Ўшаларнинг йўли солиҳлик йўлидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.
Шарҳ: Солиҳлик йўли, ҳайъати – гўзал кўриниш, аҳли солиҳларнинг кўриниши. Иқтисод – гап-сўз, хатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазилатлар ҳусни хулқдандир.
Ўзини салоҳиятли тутиш, гўзал кўриниш ва вазминлик, сукут, виқор ва тежамкорлик пайғамбарликнинг йигирма беш жузидан бир жуз экан.
Албатта, пайғамбарлик – буюк, олий бир мақом. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай мақомни саноқли бандаларига берган, холос. Лекин ана шу олиймақом сифатларнинг ичидаги мазкур сифатлар нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуз экан. Бу нарсага яқин бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи ҳисобланади.
Доим аҳли солиҳлик билан ҳидоятда юриш, ўзини ораста тутиш, одоб билан, виқор билан юриш ҳамда тежамкор бўлиш, исроф қилмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик Пайғамбарликнинг йигирма беш жузидан бир жуз, йигирма беш бўлагидан бир бўлак экан.
Буни ҳар бир мўмин-мусулмон, эркагу аёл, ёшу қари яхши ўзлаштириб олиб, ҳаётига татбиқ қилмоғи лозим.
Валид ибн Намр ибн Авсдан ривоят қилинади:
«У отасидан, улар «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан», дейишар эдилар», деганини эшитган экан».
«Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан» деган жумлани тўлиқроқ тушуниш учун уни бир оз шарҳ қилишга тўғри келади.
«Солиҳлик» кишидаги ахлоқий сифатлардан биридир. Яъни унинг яратилишидаги асли хилқатида бор сифатлардан. Уламолар ўша яратилишидаги асл хамиртуруш ўрнида бўлади. Уни яхшилик ила давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланиб қолади, деганлар. Ана шунинг учун «солиҳлик Аллоҳдан» дейилмоқда.
Яхшиликнинг турлари ҳақида.
Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у Зот:
«Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у Зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у Зот:
«Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам», дедилар.
Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:
«Яхшилик – фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.
Ёмонлик кишининг фикрига келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.
Дарҳақиқат, разм солиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.
Бу ҳадиси шарифда «Яхшилик ҳусни хулкдир» дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу ҳадиси шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини ҳам билиб оламиз.