Саломлашиш одоблари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи учрашганда саломлашишдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир», – дедилар.

«Улар қайсилар?» – дейилди.

«Қачон учратсанг, унга салом бер; даъват қилса, ижобат қил; насиҳат сўраса, насиҳат қил; акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмийт айт; касал бўлса, зиёрат қил; вафот этса, жанозасида иштирок эт», – дедилар».

Шарҳ: Демак, саломлашиш  жаноза ўқиш, касални зиёрат қилиш каби буюк ибодатлар қаторида, ҳатто уларнинг ичида биринчи ўринда турар экан.

Шунинг учун саломлашишни ана шундай эътиборли амаллар қаторида санаш, паст кўрмаслик лозим.

Юраётган ўтирганга салом беради

Абдурроҳман ибн Шиблдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтаётганларини эшитдим: «Уловдаги пиёдага салом берсин, пиёда ўтирганга салом берсин, озчилик кўпчиликка салом берсин. Ким саломга алик олса, ўзига фойда. Ким алик олмаса, унга ҳеч нарса йўқ».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда одоб бўйича ким кимга аввал салом бериши ҳақида сўз кетмоқда. Демак, маркабга миниб олган одам пиёда кетаётган одамга салом бериши керак экан. Тик юриб кетаётган одам ўтирган одамга салом бермоғи лозим. Озчилик кўпчиликка салом бермоғи керак.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловдаги пиёдага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар.

Шарҳ: Уловда кетаётган ҳам, пиёда юраётган ҳам ҳаракатда бўлади. Аммо уловдаги кишининг ҳаракати пиёданикидан зиёда бўлади. Шу билан бирга, у пиёдадан қулай ва афзал ҳолатда бўлади. Шунинг учун уловдаги кимса пиёдага салом беради. Бу ундаги эҳтимоли бор кибрни синдиради ва ўзини пиёдага яқин олган бўлади.

Ўз навбатида пиёда юриб бораётган одам ўтирганга салом бериши унинг ҳаракатда бўлиб тургани ва ўтирганнинг ҳаракатсиз экани учундир. Ҳаракатдаги шахснинг салом бериши осон бўлади. Бунинг устига, ўтирган кимсанинг олдидан кўплаб йўловчилар ўтади. У қай бирига салом берсин. Албатта, унинг саломга алик олиб тургани маъқул.

Озчиликнинг кўпчиликка салом беришида сон жиҳати эътиборга олинган.

Жобирдан ривоят қилинади:

«Икки пиёда учрашиб қолса, ким олдин салом берса, ўша афзал бўлади».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф олдин ҳам ўтган. Бу икки тарафнинг ҳоли тенг бўлгани учун, улардан қай бири олдин салом берса, ўшанга фазл ваъда қилинган. Бунда саломга шошилишга тарғиб бор.

Уловдаги ўтирганга салом беради

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловдаги пиёдага, пиёда ўтирганга, оз кўпга салом берсин», – дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис аввалги келган ҳадиснинг деярли такрори экан. Мазкур ҳадиси шарифда ушбу бобга бевосита боғлиқ маъно йўқ. Аммо, отлиқ пиёдага салом берганидан кейин, ўтирганга ҳам салом беради-да, деган ишорий маъно бўлиши мумкин.

Фазоладан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отлиқ ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда отлиқ пиёдага салом бериши очиқ-ойдин баён қилинмоқда.

Пиёда отлиққа салом берадими?

Ҳусойн аш-Шаъбийдан ривоят қилинади:

«У, отлиқни кўрганда унга салом берди.

«Отлиққа салом берасанми?» – дедим.

«Шурайҳнинг пиёда бўлатуриб олдин салом берганини кўрганман», – деди».

Шарҳ: Ҳазрати Шурайҳ улуғ олим бўлганлар. Бир нарсани билмасалар, қилмаганлар. Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақдаги бирор ривоятни эшитган бўлсалар керакки, шундай қилганлар.

Озчилик кўпчиликка салом беради

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловдаги пиёдага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар».

Шарҳ: Озчиликнинг кўпчиликка салом беришида улуғлашнинг риояси бор.

Фазоладан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отлиқ пиёдага, пиёда турган кишига, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ушбу бобга очиқ-ойдин боғлиқ бўлган маъно келган. Умуман олганда, салом бериш ҳақидаги бобларга назар солган одам икки томоннинг риояси қилинганини кўради.

Отлиқ пиёдага, пиёда турган кишига салом беришида салом берувчига кибр таъсир қилмаслиги кўзда тутилган.

Озчиликнинг кўпчиликка салом беришида эса салом бериладиган тарафни улуғлаш бор.

Бир мажлисга кирган одам ҳаммага умумий битта салом беради. Агар умумий саломдан сўнг баъзиларга алоҳида ва хос салом берса ҳам, зиёни йўқ. Шундай қилиш ҳам мумкин. Улардан баъзилари алик олса, кифоя қилади.

Кичик каттага салом беради

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловдаги пиёдага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар».

Шарҳ: Аввалги ҳадисдан бунисининг фарқи «отлиқ» сўзи ўрнига «уловдаги» сўзида ишлатилганидир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичик каттага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», – дедилар».

Шарҳ: Исломда ўтган умрнинг шариат бўйича ўз қадри бор. Ёшнинг катталиги ила кўпгина ишларда имтиёз берилади. Жумладан, салом беришда ҳам. Кичик ёшдагилар катта ёшдагиларни улуғлаб ва ҳурматини қилиб аввал салом берадилар.

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvPvBrJVWVRb4featureyoutu.beembed

17:32 / 30.05.2017 2803
Оила илмий амалийтадқиқот маркази томонидан 2018 йил давомида кўплаб тадқиқотлар ўтказилди ва уларда давоми...

21:00 / 05.10.2019 2096
.Пешқадамлар карвони,...Фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асос солганлари хайрли ишлардан давоми...

09:39 / 16.05.2023 1788