Хона гуллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хона шароитида гулларни ўстириш қачон ва қандай бошланганини айтиш қийин. Шундай бўлса-да яшаш жойи ва унинг атрофи ҳар доим баҳордагидек кўм-кўк бўлишини истаган, қолаверса, ҳаётдан гўзаллик излаган кишилар ниятидан бошланган дейиш мумкин.

Бундан ташқари, янги географик масканларнинг очилиши табиат, ўсимлик дунёсини ўрганиш уларнинг дунё бўйлаб кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ер шарининг барча ҳудудларидан келтирилган турли манзарали гуллар маданийлаштирилиб, хонадонларда ўстирилиб, парвариш қилинди. Алоэ, амариллис, бальзамин, бегония, герань, гиацинт, гортензия, драцена, кактус, хитой атиргули, хонаки лимон, мирт, олеандр, палма, примула, атиргул, традесканция, бинафшагуллар (фиалка), цикламен, цинерария, циперус, азалия, аспарагус, аспидистра, аукуба, глоксиния, жасмин, кальцеолярия, лигиструм, монстера, папоротник, пеларгония, солянум, фатсия, фикус ва бошқалар шулар жумласидандир.

Табиат мўъжизаси бўлган гулларнинг турлари ва хиллари жуда кўп. Хонаки гулларни ўстириш, парвариш қилиш ва уларнинг кенг тарқалган айрим турлари хусусида тўхталиб ўтамиз.

Хонадонларда гул парвариш қилмоқчи бўлган киши гулларнинг қандай шароитда ўсганидан хабардор бўлиши учун ҳам унинг қаердан келтирилганини — ватанини билиши лозим. Ўсимлик ҳақидаги маълумотлар, билимлар асосида эса уларнинг умумий парвариши тўғри йўлга қўйилади, керак вақтда керакли миқдорда суғорилади, иссиқ-совуққа, чидамли-чидамсиз эканига қараб маълум ажратилган хоналарга жойлаштирилади, гулнинг табиатига мувофиқ келадиган тупроқли аралашмалар тайёрланади ва ҳ.к. Хонаки гуллар, одатда, дераза токчаларида, гул туваклари қўйиладиган махсус мосламаларда туради. Гуллар уй ҳавосини тозаловчи вазифасини бажариш билан бирга, киши руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиш хусусиятига ҳам эга. Ахир ташқарида ёмғир, қор ёғиб турганида хонада яшнаб турган гуллар киши баҳри дилини очади-да. Шунинг учун ҳам гулларни парвариш қилувчи кишилар хонаки гулларнинг айрим турларини ёз мавсумида усти очиқ боғчага, ерга экишни маъқул кўрадилар. Айниқса, бир йиллик ўсимлик кўп йиллик ўсимликлар билан боғча шаклига мослаштирилиб, бошқа ўсимликлар билан ранги ва гулларига уйғунлаштиришиб экилса, бу боғ кўркини янада очиб юборади. Хона шароитида ўстириб парвариш қилинадиган гуллар ўз хусусиятидан келиб чиқиб ёруғликни севувчи, соясевар ва сояга мослашувчи турларга бўлинади: — ёруғликни севувчи ўсимликлар ёруғлик кўп тушадиган жойда яхши ўсади (масалан, герань, қўнгироқча, кактус, афеляндра ва ҳ.к.). — сояга чидамли, мослашувчан хонаки ўсимликлар ёруғликда ҳам, сояда ҳам бирдек ўсаверади (масалан, алоэ, плюш, аспарагус ва бошқалар). — соясевар ўсимликлар ёруғлик тик тушмайдиган, ҳатто етарли бўлмаган соя жойда ўзини тутиб жуда яхши ўсади (папоротник, традесканция, аспидистра, кливия, рускус ва бошқалар), Ўсимликларга ойна орқали тушадиган ёруғлик табиатдаги каби юқоридан, тик эмас, ён томондан тушиши керак. Дераза ойнаси ёруғликнинг деярли ярмини ютиб, ярмини ўтказади. Агар тувакдаги гул дераза ойнасидан 1 метрга узоқлаштирилса, ёруғлик нури камайиб, у 7,6 фоизга тушиб қолади. Шунга кўра ёруғлик бир дераза ойнасидан хонадаги ўсимликларга бир хил тушади деб бўлмайди. Хонага ёруғлик тушиши куннинг узун-қисқалигига ҳам боғлиқ. Шунинг учун кузги мавсумда тахминан 23 сентябрдан сўнг хонаки гул ва ўсимликларни қўзғатмасдан, қўшимча ёруғлик бериш мумкин бўлган жойга кўчириш керак. Бунда 20-40 Вт бўлган лампалар ёқилиб, қўшимча ёруғлик берилади. Лампалар ўсимлик ва гулларга 10-40 см гача узоқликда туриши лозим. Лампалар қоронғи туша бошлаганида ёқилади ва тахминан, 10-12 соатга ёқиб қўйилади. Шу тариқа баҳор мавсумигача чироқ ёқиш соати секин-аста камайтириб борилади ва март ойларида тўхтатилади.

Олимларнинг таъкидлашларича, кўпгина хонаки гул ва ўсимликлар хона микроиқлимига ижобий таъсир кўрсатади. Уларда хона шароитида тез кўпаядиган зарарли микроорганизмларни ўлдирувчи учадиган фитонцидлар мавжуд. Ҳатто шундай ўсимликлар ҳам борки, улар компьютерда ишловчи, уй-рўзғорда қўлланадиган электр асбобларни кўп ишлатадиган кишиларни электромагнит майдони таъсиридан сақлайди (Масалан, кактус, семизўт, каланхоэ ва бошқалар). Дифенбахия гулининг барглари йирик, овал шаклида бўлиб, чиройли чизиқлари бор ва у ўзидан ажойиб ҳид таратади. Дифенбахия ўз хусусиятига кўра «экзотика» номини олган. Бу гулнинг бўйи навига қараб турлича: баъзилари 2 м ва ундан ортиқ бўлса, баъзи турларининг бўйи 15-20 см дан ошмайди. Бу гул хонада бўлган вақтда ҳавони тозалайди. Салбий томони: унинг сарғайган, қуриган баргларини кесган заҳоти қўлни тезда совунлаб ювиш керак, чунки у ўзидан заҳарли сув чиқаради. Шунингдек, заҳарли сувнинг оғиз ва кўзга сачрашидан сақланиш лозим.

ГУЛТУВАКЛАР ВА ГУЛЛАРНИ КЎЧИРИБ ЎТҚАЗИШ

Хонаки гуллар очиқ жойга экилишидан аввал улар очиқ ҳаво шароитига ва ёруғликка ўргатилиши керак. Бунинг учун гул туваклари бир неча соатга ҳовли йўлакларига, очиқ дераза токчаларига қўйилади. Гулларнинг очиқ ҳавода туриш вақти ҳар куни узайтириб борилади. Хонаки гулларни қуёш нури тўғри тушадиган жойга қўйиш ярамайди, улар одатда уйнинг шимол тарафига тушиб турадиган сояга, дарахт сояси тушадиган жойга тахминан бир ҳафтага қўйилади. Ана шундан кейингина тувакдаги хонаки гулларни очиқ ерга ўтқазиш мумкин. Бунинг учун ерда тувак ҳажмидаги чуқур қазилиб, гул туваги билан шу жойга ўтқазилади. Баъзи ёш хонаки гулларни (масалан аралия, герань, драцена, лягуструм, фукция) ерга туваксиз ҳам ўтқазиш мумкин. Мавсум тугаганида, ёзнинг сўнгги кунларида эса гуллар ердан кавлаб олиниб узун илдизлари озгина қирқилади ва тувакка қайта ўтқазиб қўйилади. Салқин тушиши билан гул туваклари билан хонага дераза токчалари ёки киши хоҳиши ва дидига қараб уй бурчакларига қўйилади.

Гултуваклар қандай ўлчамда бўлиши керак? Бу савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Гулларни экиш, кўчириб ўтқазишда гултувакларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Уларни танлаётганда ўтқазиладиган ўсимлик хусусиятларини, албатта, инобатга олиш керак. Агар гул чирмашиб ўсадиган бўлса-ю, у ўтқазилган тувак кичкина, яъни саёз бўлса, ундаги тупроқ гул учун етарли озуқа бўлолмайди. Қолаверса, тувакнинг нотўғри танланиши оқибатида тупроқ бижғиб кетиши ва ўсимликка зарар етказиши мумкин. Баҳорда, ўсимликларнинг айни ўсиш, илдиз бериш палласида, улар кучли озуқа талаб қилади, илдизи эса кенг жойда ўсади. Шунинг учун гул ва ўсимликларни март-апрель ойларида кўчириб ўтқазиш керак. Яна шуни ҳам ёдда тутиш керакки, гул ва ўсимлик илдизлари кўпайиб тувак деворига тегиб қолганда, тувакдаги тупроқнинг ҳаммасини ўраб олганда, албатта, уларни кўчириб ўтқазиш лозим. Буни пайқаш эса жуда осон: ўсимлик илдизи тарвақайлаб кетганидан тувак тагидаги тешикдан ҳам томирлари чиқиб кетган бўлади. Хонаки гуллар учун сопол, ёғоч, пластмасса тувакларидан фойдаланиш мумкин. Энг муҳими бу тувакларнинг тубида сув оқиб чиқиб кетиши учун тешиклари бўлиши шарт. Янги сопол туваклар намликни яхши сақлаши учун, улар 1 соатга сувга солиб қўйилади. Агар тувак олдин ишлатилган бўлса, уни иссиқ сувда совунлаб ювиш, сўнг содали сувда қайнатиб, чайиш талаб этилади. Ўсимликни экиш қоидаси қуйидагича: тувак тубидаги тешикка қиррали томони юқорига қаратилиб бир парча сопол синиги солинади, устидан йирик қум ташланади. Айрим кишилар қум ўрнига ҳам сопол синиқларини солишади. Бу ҳам тўғри, лекин бу кейинги ўтқазиш вақтида учли сопол парчаларини кўчираётганда бармоқларни жароҳатлаш-эҳтимолини кучайтиради. Яхшиси, сопол парчалари ўрнига майда тошлар солиш керак. Энг маъқули эса 1-2 см қалинликда ёндирилган кул билан тешик усти ёпилади. Унинг устидан озуқа захираси сифатида қуруқ ўғит сепилади. Сўнг тупроқ аралашмаси билан тувак тўлдирилади. Тупроққа чап қўл билан ушлаганча ўсимлик илдизидаги гуваласи билан қўйилади, ўнг қўл билан эса, тувакдаги тупроқ текисланади, яъни ўсимлик илдизлари ёпилади. Ўсимлик ёки гул илдизи тувак четларидан озгина пастроқда жойлашиши керак, йўқса илдиз ортиқча намликдан чириб кетиши мумкин. Тувакдаги тупроқ бир хил зичликда жойлашиши учун тувак таги билан столга астагина урилади. Тувакни тупроқ билан зич қилиб тўлдириш ҳам ярамайди. Бу ўсимлик учун зарар. Баъзи пайтларда гул ва ўсимликлар илдизидаги лойни алмаштиришга тўғри келади. Бунинг учун тувакдан олинган ўсимлик илдизидаги кесаги билан илиқ сув тўлдирилган идишга солиб қўйилади. Сўнг илдизда қолган лойлар сув сачратиб ювилади ва ўсимлик тувакка экилади. Бу усулдаги экиш ишларидан сўнг ўсимлик баргларига, албатта, сувни сачратиб пуркаб туриш керак. Яна бир эслатма: хом, яхши пишмаган сопол туваклар кулранг ёки оч жигар рангда бўлади. Уриб кўрилганда улардан бўғиқ овоз чиқади. Пишиқ сопол идишлар эса қора рангда бўлади. Гул ва ўсимликларни экишда уларнинг иккисидан фойдаланмаган маъқул. Пластмасса гултуваклар узоқ вақт хизмат қилади. Фақат бундай идишдан фойдаланганда сув чиқиб кетиш йўли қаватини қалинроқ қилиш керак. Лекин сопол идишлар сув ушлаш, намликни бир хил сақлаш борасида пластмасса идишлардан афзалроқ.

ТУПРОҚНИ ҚАЕРДАН ОЛИШ МУМКИН?

Бу савол айни ўсимликларни, гулларни экиш, қайта тувакка ўтқазиш вақтида эсга тушади. Баҳорда даладан тупроқ келтириб бўлмайди, дўконда сотиладиган тупроқлар эса бу вақтга келиб сифати бузилган бўлади, қолаверса, ҳар бир ўтқазиладиган гул ва ўсимликлар ўз хусусияти ва хоссаларига кўра турли таркибдаги тупроқни талаб қилади. Шунинг учун баҳорги экиш ҳақида куз мавсумида ўйлаб, тупроқни даладан келтириб қўйишни маслаҳат берамиз.

ЭКИШ УЧУН ТУПРОҚ ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАДИ?

Кўпчилик тупроқ қанчалик қора ва «ёғли» бўлса, у шунчалик сифатли деб чириндили, торфли тупроқни танлашади. Бу тупроқдан фақат аралашма сифатида маълум миқдорда фойдаланиш керак. Хонаки гулларни экишда асосан 3 хил — енгил, ўртача, оғир вазнли тупроқ-аралашма ишлатилади. Учала хил тупроқ таркибида ҳам турлича миқдорда қипиқли тупроқ, кул, чиринди, торф бўлади. Чириган хазонли тупроқ асосан ўрмонда, қари дарахтлар тагидан олинади. Дарахт тагидаги барглар бир четга сурилиб, устки тупроқ (3-5 см қалинликда) – енгил қора тупроқ олинади. Бу тупроқ ўтган йилги баргларнинг чиришидан ҳосил бўлган. Ажриқли тупроқни яйлов, ўтлоқлардан олиш мумкин. Бунинг учун чимнинг қалин қатлами олиниб, ости қазилади ва шу тупроқ илдизи билан олинади. Чириган тупроқ – ўғит ва ҳар хил чиқиндиларнинг чиришидан ҳосил бўлади. Бу тупроқни боғбонлардан олиш мумкин. Тим қора, торфли тупроқни ўрмондан топса бўлади. Лекин торфли тупроқ билан торфофекалий лойини адаштириш керак эмас (торфли тупроқ уқаланувчан ва юмшоқ бўлади). Кўл қумини танлаганда унинг очиқ рангдагисини олиш ва чангдан холи бўлиши учун ювиш тавсия қилинади. Бунинг учун йиғилган тупроқлар эланиб, тозаланади. Тупроққа озгина кул қўшиб юбориш фойдадан холи эмас. Бу тупроқ турларини балконда ёки омборхоналарда бемалол сақлаш мумкин. Масалан, дўкондан туваги билан гул харид қилдингиз. Бир ёки икки йилдан сўнг тувак гул учун кичиклик қилди, энди уни кўчириб ўтқазиш керак. Бунинг учун сиз гулга мос тувак ва тупроқ аралашмасини излаб топиб кўчирасиз. Бунда қуйидагиларга эътибор бериш лозим: Оддий боғча тупроғи тувакни тўлдириш учун ярамайди. У касаллик чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланган бўлиши мумкин. Қолаверса, зарарланган бундай тупроқ хона шароитида бошқа тувакдаги гулларга ҳам касаллик тарқатади.

Хона гулларини экиш учун махсус аралашмали тупроқдан фойдаланилади. Экиш, кўчириб ўтқазишга қулай вақт бу баҳор мавсумидир. Баҳорда экилган гуллар илдизи тезда ўзини ушлаб олади. Ана энди кўчириб ўтқазмоқчи бўлган гул учун аввалгисидан кенгроқ тувакни танланг. Тувакнинг ҳаддан ташқари каттасини ишлатиш ҳам яхши эмас, бунда гул ўсишдан орқада қолади.

КЎЧИРИБ ЎТҚАЗИШ ҚОИДАСИ

1. Агар тувак илгари ишлатилган бўлса, уни яхшилаб ювиш керак. Янги сопол идиш эса сувга бўктириб қўйилади. 2. Агар тувак сопол бўлса, остки тешигини сопол синиги парчаси билан ёпинг, устидан юпқа қатлам қилиб тупроқ солинг. 3. Тувакдаги гулга сув қуйинг, 1 соатдан сўнг тувакни ағдарган ҳолда гулни тувакдан олинг. 4. Эски сопол синиқ парчасини олиб ташланг. Эҳтиёт бўлинг, ўсимлик илдизи лат емасин. Чириган илдизларини эса кесиб ташланг. 5. Ўсимликни тувакдаги янги тупроққа жойлаштиринг ва секин-аста челакни енгил намлантирилган тупроқли аралашма билан тўлдиринг. 6. Гул илдизидаги тупроқ атрофига аралашмани солинг. Тупроқ илдизли лойни кўмсин. Тупроқ «ўтириши» учун тувакни столга бир неча марта астагина уриб қўйинг. 7. Кўчириб ўтқазиб бўлганингиздан сўнг гулга мўлгина сув қуйинг ва соя жойга бир ҳафта давомида қўйиб қўйинг. Ҳар куни гул баргларига сув пурканг. Шундан сўнг гулни туваги билан керакли жойга қўйиб рисоладагидек парвариш қилинг.

ХОНА ГУЛЛАРИНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ

Гул экилган тувакдаги тупроқ тезда дармонсизланади, таркибидаги минерал озуқалар қурийди. Гул яхши ўсиши учун тувакдаги тупроққа минерал эритмаларини, ўғит шарбатларини қуйиб туриш керак. Хонаки гулларни озиқлантириш учун гул дўконларида фойдаланиш усули кўрсатилган махсус ўғитли аралашмалар сотилади. Агар яқин атрофда гул дўконлари бўлмаса, бундай озиқлантирувчи аралашмаларни уй шароитида ҳам тайёрласа бўлади. 4 литр сувга 0,5 грамм калий хлорид тузи, 4 грамм азотли кальций тузи, 1 грамм калий фосфор тузи қўшилади. Ўғитли аралашма тайёр бўлгач, унга яна 2 томчидан 8 томчигача темир хлориди қўшилади. Худди шунингдек ўғитли шарбатни ҳам уй шароитида тайёрласа бўлади. Бунинг учун 4-5 қисм сувга 1 қисм гўнг солиб аралаштирилади. Хона ўсимликлари февральдан сентябрь ойигача ҳар ўн кунда озиқлантирилиб турилади. Минерал ўғит ёки ўғитли шарбат тувак тўлгунча солинади.

ХОНА ГУЛЛАРИНИ СУҒОРИШ

Хонаки ўсимликлар ҳар битта гулнинг ўзига хос хусусиятидан, ўсиш шароитидан келиб чиққан ҳолда суғорилади. Масалан, йирик баргли, намлиги тез буғланиб кетадиган лимон, бегония ва бошқа ўсимликларга қараганда алоэ, агава, кактус каби ўсимликлар кам суғорилади, чунки улар сувсизликка чидамли. Циперус сингари ўсимликлар тагига кўп сув қуйилган тақдирда ҳам яхши ўсаверади. Цикламен тугунаклари (пиёзчаси) эса умуман сувни ёқтирмайди. Цикламен туваги таглигига (ликопчасига) сув қуйилади ёки суғоришдан олдин тугунаги атрофига тупроқ уйиб солинади. Кичкина тувакдаги гулларга тез-гез сув қуйиб турилади. Катта тувакдаги ўсимликлар эса камроқ суғорилади. Хона гулларини баҳор ва ёзда кечқурун суғорган маъқул. Куз ва қиш ойларида эса ўсимликларни суғориш ишлари эрталаб олиб борилади. Ҳаво ҳарорати баланд бўлган кунларда гуллар эҳтиёжига кўра уларни кунига икки марта суғориш керак. Тропик ўсимликларга илиқ сув ( + 20-25 даражадаги илиқ сув) қуйилади. Бу ўсимликлар баргига ҳар куни сув пуркаб туриш керак. Барглари тукли бўлган хонаки гулларга эса тез-тез сув пуркаш ярамайди. Тувакдаги тупроқ қанча кўп юмшатиб турилса, у ўзида намликни шунча кўп ушлаб қолади. Шунинг учун ҳам тупроқни юмшатиш ишлари қуруқ суғориш деб аталади, чунки юмшоқ тупроқ намликни буғланиб кетишдан сақлайди. Ўсимликни суғориш керакми ёки йўқ, буни тувакка уриб кўриб билиш мумкин. Тувакдаги тупроқ нами кетиб қуриган бўлса, тувакдан тиниқ товуш чиқади. Тупроқ нам бўлса, тувакдан чиқадиган товуш бўғиқ бўлади.

Хонаки ўсимликларни суғориш учун юмшоқ сув, яъни ёмғир, кўл, кўлмак сувлардан фойдаланган яхши (сув, албатта, хона ҳарорати билан тенг бўлиши керак). Гулларга муздек, совуқ сув қуйилса, ўсимлик илдизи касалланади, барглари, гул ва ғунчалари тўкилиб кетади. Ўсимликларга ҳаддан ташқари иссиқ сув ҳам қуйиб бўлмайди, акс ҳолда гулўсишдан илгарилаб кетиши мумкин. Ўсимликка сув кўп қуйилганда ортиқча сув тувак тагидаги тешикдан сизиб чиқади. Тувак таглигидаги бу сувни тўкиб ташлаш керак.

ГУЛЛАРНИ ХОНАГА ЖОЙЛАШТИРИШ

Ўсимликларни жойлаштириш тартиби ҳам худди суғориш ишлари каби ҳар битта гулнинг табиати ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда хонага, махсус белгиланган жойларга қўйилади. Улар хона бўйлаб шундай қўйилиши керакки, барча тувакдаги гуллар шакли, ранги, гулларининг туси, тувакларнинг катта-кичиклиги билан уйғун ҳолда хонага ўзгача чирой, файз бахш этсин. Шунингдек, ҳар бир тувакдаги гул ўзига керакли миқдорда ёруғлик ва иссиқлик олсин. Шипи баланд, дераза ойналари кенг ва катта бўлган хоналар дераза токчасига катта тувакдаги гулларни қўйиш мумкин. Агар хона деразаси кичкина бўлса, катта тувакдаги гулларни полга қўйса ҳам бўлади. Хона деразаси жанубга қараган бўлса токчага биринчи қаторга кактус, алоэ гуллари қўйилади, иккинчи қаторга эса азалия, агава, жасмин, олеандр, камелия каби гуллар қўйилади. Абутилен, акация, агапантус, кринум, лимон каби ўсимликлар қуёш нурини севади, бу ўсимликлар қуёш нури яхши тушиб турадиган хоналарга жойлаштирилади. Хонанинг деразалари шимол томонга қараган бўлса, бу хона токчаларига аспарагус (спаржа), бегония, папоротник каби ўсимликлар қўйилади.

Хона деворлари оч рангда бўлса, хона рангига уйғунлашадиган ёрқин қизил гулли ўсимликларни шу жойда ўстириб парвариш қилиш керак. Агар хона деворлари гулқоғози ранг-баранг гулли бўлса, бундай хонада оқ рангда гуллайдиган ўсимликларни ўстириб, парваришлаган маъқул. Циссус (хонаки узум), плюш, традесканция ва бошқа ўсимликлар деразадан икки метр узоқликда қўйилади. Туя ва кипарис баҳор, ёз ойларида шимолга қараган дераза токчаларига, қиш ойларида эса жанубга қараган дераза токчасига қўйилади. Дераза ойнаси олдидаги стол устига бегония, аукуба, кливия, мирта, палма ўсимликларини қўйиш мумкин. Чирмашиб ўсадиган хона ўсимликлари эса деворларга илинади.

ГУЛЛАРНИ ВЕРТИКАЛ ҲОЛАТДА ЖОЙЛАШТИРИШ

Гулларни вертикал ҳолатда жойлаштириш хонада яшил интерьер ҳосил қилади. Бу, айниқса, кичик ўлчамдаги хоналар учун мувофиқ. Осма гуллардан спаржа, антарктика циссуси, традесканция, зебрина, роициссус, сеткрезия, сциндапсус, хлорофитум ва бошқалар туваги билан токча, деворларга осиб қўйилади. Бунинг учун ичига тувак жойлаштирилган турли, чиройли шаклдаги вазалар олинади, улар токчаларга қўйишга ёки деворга илиш учун мўлжалланган бўлади. Уларни деворларга илиш қулай бўлиши билан бирга ҳимояланган енгил безакка ҳам эга. Яъни гулларга сув қуйилганда, сув деворга сачрамайди, девордан оқиб тушмайди. Осма вазонампллар турли узунлиқда эшик тепасига, дераза токчаларига, аркаларга илинади. Улар яшил қандиллар композициясини ҳосил қилади. Лиан, сциндапсус, плюш, циссус (улар узун ва кўп баргли) каби ўсимликлар тувакли вазаси билан деворга илинганда гул поясини хоҳишга кўра турли томонга йўналтириш мумкин. Агар чирмашиб, осилиб ўсувчи ўсимликлардан композиция ҳосил қилиш истаги туғилса, гулларнинг кичик ўлчамдагиларини танлаш керак. Бунда, албатта, ўсимликларнинг кўриниши, баргларининг ранг-туси, бир-бирига монанд ва уйғун бўлиши лозим. Тик ўсувчи ўсимликлардан яшил бурчак ҳосил қилишнинг яна бир оригинал, ўзига хос кўринишларидан бири – бу, ширмалардир. Бунинг учун махсус қурилмали токчалар керак бўлади. Улар асосан ёғоч, металл, бамбук пояларидан ясалади. Шакл бериб ясалган гул токчаларига (жавон деса ҳам бўлади) тувакларнинг кўриниши, гулларнинг турларига қараб, уларни бир-бирига мослаштириб қўйилади. Яшил ширмаларга асосан циссус, роицссус, сциндапсус, плюш, қўнғироқгул, зебрина, хлорофитум, сеткрезия, плектрантус, аспарагуслар қўйилади. Тик ўсувчи ўсимлик ва гуллардан ташқари чирмашиб, осилиб ўсадиган ўсимликлар токча ёғочларига ўралиб, ўсиб, уйга ўзгача чирой ва файз бахш этади. Ўсимликлар жойлаштирилган токчалар нафақат хонани безовчи, шу билан бирга, киши руҳини, асабларини тинчлантирувчи яшил бурчак сифатида хизмат қилади.

Муҳайё Рихсибекова китоб асосида тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
Ислом лашкари ўрта ер денгизи мамлакатларини фатҳ қилган кун буюк ва бахтли кун бўлди. Мусулмонларнинг давоми...

15:41 / 22.11.2016 4150
embedhttpsyoutu.beqT1aAFmzisembed

04:13 / 21.08.2018 6762
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ота жаннат эшикларининг давоми...

22:18 / 12.02.2023 2585
  Инсон сотиб олган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди. Кўпгина нарсалар шахсий ва оилавий давоми...

14:10 / 04.06.2017 3334