Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир», (Оли Имрон-96) сўзи билан батаҳқиқ мукаммал бўлган. Каъба ерда жойлашган нур, ер куррасининг марказидан сидратул мунтаҳогача кўтарилган зиёдир. Инсон атрофини тавоф қилишдан чарчамайдиган, кўрган-кўрмаган киши унга талпинадиган меҳробдир.
Унинг осмонлару ердаги номи «Аллоҳнинг уйи»! Каъба Иброҳим миллати билан Аҳмадий ҳақиқатни бирлаштирувчи тавҳид уйидир. У Муҳаммадий нур бешиги, барча илоҳий динлар қибласи ва тавҳид марказидирки, ҳеч қайси уй, ҳеч қайси иншоот у билан тенглаша олмайди. Каъба ўз тарихи билан Одам алайғиссаломга ёки яратилишларидан илгарироққа бориб тақалади. Бу борадаги гапларнинг барчаси эҳтимолли бўлиб, баъзилар Каъбанинг асосини малоикалар қўйишган, дейдилар. Ибни Аббосрозияллоҳу анҳунинг ривоятларида келишича Одам алайҳиссалом ерга тушганларидан кейин Аллоҳ таоло у кишига ерда бир уй бино қилиб, уни тавоф қилишларини буюради. У Зот Байтул маъмур соясидан ўлчам олиб, қуришни бошлайдилар. Қурилишга фаришталар ҳам ёрдам берганлар. Сўнг Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бино қилганлар. Исломиятга қадар Каъба Амалика, Журҳум қабиласи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳиссаломнинг боболари Қусай ва Қурайш қабилалари томонидан қайта таъмирланган. Исломиятдан сўнг эса Макка амири Абдуллоҳ ибни Зубайр розияллоҳу анҳу таъмирлаганлар. Каъба бир тарафдан бизга, бир тарафдан бу моддий олам ортидаги абадият оламига қараб тургандек. Унинг ташқи кўринишида вазминлик, виқор ва асрларни яшаган тажриба намоён. Каъба ўз мавқейи билан худди уйнинг энг яхши жойида, тўрида ўтирган онага ўхшайди. Уммул қуро—қишлоқлар онаси шаҳрида Каъбанинг атрофини тавоф қилаётган инсон эса онаси қўлидан тутган болакайга ўхшайди. Ҳа!... Инсон тавофни бошлашидан аввал издиҳомни кўриб, қиёмат издиҳомини хаёл қилади. У юз мингларча инсонлар сели ичида экан, охират диёрини ўйлайди. Бу пайтда Аллоҳга йўналганидан бутун шавқи билан тўлиб-тошади, ақли шошади. Эгнига эҳром кийиб, ҳарвала ва рамл қилади, бир жиҳатдан қўрқув, бир жиҳатдан умид эгаллайди танини. Шу билан бирга, Ҳарамдаги илоҳий сукутни «эшитади». Ҳарамга юзланган ҳар он ўзининг Ҳарам олдида, Ҳарамнинг унинг кўз ўнгида турганига шукроналар айтиб, завққа тўлади. Ҳар йили бу улуғ маконга бутун дунё мусулмонлари Аллоҳ таоло олдидаги бандалик вазифаларини адо этиб, У Зотга қурбат ҳосил қилиш учун етиб келадилар. Ҳаж амалларини бажарадилар, бирин-кетин ва уларнинг чуқур маъноларига етгандек бўладилар гўё. Бундан ташқари, одатий ҳар кунлик ибодатлар ҳам ҳаж бўёғи билан янада маҳаббатлироқ, янада жилокорроқ тусга киради. Улар мана шу ибодатлар дарчасидан фикр ва ҳисларини нафас олиб, ичга ютадилар, иймоний аҳдларини янгилайдилар, гуноҳларининг ифлосликларидан покланиб, ўзлари ва ўзгалар олдидаги масъулиятларини эсга оладилар. Барча ижтимоий, иқтисодий, идоравий ишларини ҳам Аллоҳга йўналган ибодат ва бандалик ҳисси билан бажаришга ҳаракат қиладилар. Қалблари юмшаб, кўнгиллари таассуротларга тўлган ҳожилар ватанларига янгидан азм, янги қувват ва ғайрат тўла шавқ билан қайтиб келадилар. Ҳаж сафарининг ҳар лаҳзасини қалби тўрида энг қимматли, энг лазиз хотиралар сифатида ёдда сақлайдилар. Руҳият эҳромида жавлон урган бу ҳислар фақат кучли иймон, соф ихлос билангина ҳосил бўлади. Зеро, қалбнинг бир ўзи бу ҳисларни кўтаришга заифлик қилади.