Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаммамиз интизор бўлган ва ажрларидан умид қилган моҳи Рамазон ойини кутиб олдик, алҳамдулиллаҳ. Муборак ой Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган улуғ неъмати эканини биламиз ва шу ой ўзаро тинчлик- тотувлик, чиройли сабр ва ҳақиқий шукроналикни ўзимизда жамлаб, сайқаллатишимизга берилган имкон деб қабул қиламиз.
Иймон шукр ва сабрни жамлайди. Рўза эса бу иккисини тарбиялаб, иймонимизни янада мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам самовий динларнинг ҳаммасида рўза фарз қилинган.
Аллоҳ инсон вужудини бир томчи ҳақир сувдан гўзал шаклда яратиб, очлик орқали ожиз бир бандалигини англаши учун рўзани амр қилди. Бу шундай илоҳий мўъжизаки, рўза сабаб инсон ўз заифлигини билади, буни тан олгач, атрофидаги ожиз, бечораҳолларни тушунади, суянчиқ бўлишга ҳаракат қилади, уруш-жанжалнинг моҳиятини англайди.
Рўзанинг фойдаларини санаб адоғига ета олмаслигимизни кўпларимиз тушундик, бутун инсоният юқорида айтилган биргина фойдани билиб, амал қилсалар эди... қанчадан-қанча одамларнинг уйларида тинчлик ўрнатилармиди...
...Набирачамнинг тили чиқиб, ақлини таниганида сўрагани рўзадаги савоб амаллар ҳақида бўлди. «Савоб фақат рўзада қилинадими?, фақат шу ойдагина оч юриладими?» каби саволларига тўкис жавоб бериш учун ҳаракат қилинди. Оғзаки жавоб болани янада бошқа саволларнинг туғилишига сабаб бўлишини англагач, фақат амал ва яна амалгина фитрати пок боланинг қалбию ақлини хотиржам қилишини билдик.
Муслима онахону опа-сингилжонларим, бизнинг келажагимиз бугунги амал ва қадамларимиздир, фарзандларнинг келажаги ўтмишидан олган сабоқларидир. Хонадонлардаги тинчлик-тотувлик, қариндошчиликнинг узилмас ришталарию қўшничиликнинг оқибатли ҳақлари, бирдамликларнинг барча-барчаси бу кунги танамиз билан тутган рўзамиз ва иймонли виждон билан қилган амалларимиздир. Келинг, шу амалларнинг боқийлигига ҳиссамизни қўшайлик, гўзал натижасидан эса икки дунёда баҳраманд бўлайлик.