Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анбиё ва расулларга иймон
Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоғимиз вожибдир.
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса, инсониятнинг шараф силсиласидир.
Пайғамбар алайҳимуссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббил оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари бир Аллоҳнинг бандалари, бир Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир–бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, бир Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам, Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳимуссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса, гўёки, ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.
Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири–ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, улар ҳақида Ислом кўрсатгандек иймон келтириш лозим. Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу нарса йўқ.
Аллоҳ таоло юборган биринчи набий Одам алайҳиссаломдир. Анбиёларнинг энг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарни зикр қилган. Ана ўшаларнинг пайғамбарлигига батафсил эътиқод қилмоғимиз вожибдир. Яъни, мусулмон кишидан мазкур набийларнинг бирорталари ҳақида сўралиб қолса, у зотни танимаслиги ёки пайғамбарлигини билмаслиги жоиз эмас.
Шунингдек, бизларга пайғамбар алайҳимуссаломлар барчалари Аллоҳнинг пайғамбарларига юкланган вазифаларни халойиққа етказганлари, бу ишда камчиликка йўл қўймаганларига иймон келтиришимиз вожиб.
Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг Пайғамбарларига ҳам ишониши керак.
Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар:
1. Одам алайҳиссалом.
2. Идрис алайҳиссалом.
3. Нуҳ алайҳиссалом.
4. Ҳуд алайҳиссалом.
5. Солиҳ алайҳиссалом.
6. Иброҳим алайҳиссалом.
7. Лут алайҳиссалом.
8. Исмоил алайҳиссалом.
9. Исҳоқ алайҳиссалом.
10. Яъқуб алайҳиссалом.
11. Юсуф алайҳиссалом.
12. Айюб алайҳиссалом.
13. Шуайб алайҳиссалом.
14. Мусо алайҳиссалом.
15. Ҳорун алайҳиссалом.
16. Юнус алайҳиссалом.
17. Довуд алайҳиссалом.
18. Сулаймон алайҳиссалом.
19. Илёс алайҳиссалом.
20. Ал-Ясаъ алайҳиссалом.
21. Закариё алайҳиссалом.
22. Яҳъё алайҳиссалом.
23. Зул-Кифл алайҳиссалом.
24. Ийсо алайҳиссалом.
25. Муҳаммад алайҳиссалом.
Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алайҳимуссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди.
Шу билан бирга, номлари ва қиссалари Қуръони Каримда зикр қилинмаган анбиёлар ҳам борлигини Қуръони Каримнинг ўзида таъкидланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Ва бир пайғамбарлар ҳақида сенга олдин қисса айтиб бердик ва бир пайғамбарлар ҳақида қисса айтмадик» (Нисо:164).
«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин пайғамбарлар юбордик. Улардан сенга қисса қилиб берганимиз бор ва улардан сенга қисса қилиб бермаганимиз бор» (Ғофур: 78).
Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» – деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир юз йигирма тўрт мингта»,–дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» –дедим.
«Уч юз ўн учтаси, кўпчилик»,–дедилар.
Аммо кўпчилик ақоид уламолари ўтган анбиёларнинг сонини маълум адад билан чеклаш яхши эмас, дейдилар. Жумладан, машҳур ватандошимиз имом Насафий ҳам «Ададни зикр қилинганда уларнинг ичига улардан бўлмаганлар кириб қолиши ёки улардан бўлганлар чиқиб қолиши хавфи бор» деганлар.
Шунинг учун, Қуръони Каримда келган маъно билан чегараланганимиз афзал, дейдилар муҳтарам уламоларимиз.
Муҳаммад алайҳиссалом хотамул анбиёдирлар
Бу ҳақда «Шархи «Ақидатут Тоҳовия»да қуйидагилар келган: «Ва, албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар».
Шарҳ: Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан кейин анбиёлар келиши охирлади, кесилди, тугади. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди.
Далил: «Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг охиргисидир» (Аҳзоб: 40) ояти ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:
1. «Менинг ва анбиёларнинг мисоли худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар. Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлғаздим. Мен билан бино хотимасига етди. Пайғамбарлар охирига етдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
2. «Албатта, менинг бир неча исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен ал-Моҳий–ўчирувчиман. Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен ал-Хашр–тўпловчиман. Одамлар қадамим остида тўпланадилар. Мен ал-Оқибман».
Ал-Оқиб – ортдан келувчи – ундан кейин набий келмайдиган зотдир.
Бухорий, Муслим ривоят қилган.
3. «Албатта, келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини «набий» деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир».