Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди.
Фаришталарга иймон келтириш ақийдамиз арконларидан бири эканига далиллар:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Расул ва мўминлар Унга Роббисидан нозил қилинган нарсага иймон келтирдилар. Барча Аллоҳга, Унинг расулларига, фаришталарига, китобларига иймон келтирди. Расуллари орасидан бирортасини ҳам фарқ қилмаймиз», деган (285-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасидаги бошқа бир оятда:
«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга ва набийларга иймон келтирса, ўшандадир», деган (177-оят).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, узоқ залолатга кетган бўлади», деган (136-оят).
Бас, Аллоҳ таоло ушбу жумлага иймон келтиришни шаръий эътибордаги иймон қилди. Ушбу жумлага иймон келтирганларни «мўмин» деб номлади. Шунингдек, ушбуга куфр келтирганлар «кофир» деб номланадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилнинг ҳадисида, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Иймон–Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг».
Аллоҳ таоло фаришталарга иймон келтиришни Ўзига, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёматга ва қазои қадарга иймон келтириш билан бир сафда қўйганига эътибор бермоғимиз лозим.
Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.
Фаришталарнинг сифатлари
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида фаришталар ҳақида сиз билан бизга керакли маълумотларни берганлар. Биз ўша сифатларга иймон келтирмоғимиз керак.
1. Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васфи қилинган нарсадан яратилгандир», деганлар.
Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Уламолар фаришталар нурдан яратилганлари учун ҳам, нурнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан ҳам кўзга кўринмайдилар, дейишади.
2. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Масийҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар», деган (172-оят).
Бу оятдан улкан бир ҳақиқат англаб олинади.
Ушбу ояти каримада дунёдаги ҳамма-ҳамма, Ийсо алайҳиссалом ҳам, Аллоҳга яқин (муқарраб) фаришталар ҳам Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортмасликлари таъкидланмоқда.
Бундан фаришталар Аллоҳ таолога ибодат қилиши ва Унга яқин бўлганлари ҳам борлигини билиб оламиз.
3. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Эй? иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар», деган (6-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига, ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашни буюрмоқда.
«Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг.»
Мазкур ўтдан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.»
Улардан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нима амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар. Булар ҳам фаришталарнинг муҳим сифатларидандир.
4. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:
«Улар: «Роҳман фарзанд тутди», – дедилар. У покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. Улар Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар», деган (26-27-оятлар).
Турли замон мушриклари Аллоҳнинг фарзанди бор, деб ҳар хил нотўғри эътиқодда бўлганлар. Яҳудий мушриклар «Узайр Аллоҳнинг боласи», деганлар. Насоро мушриклар «Масийҳ Аллоҳнинг боласи», деганлар. Араб мушриклари эса, «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деганлар. Ҳа, мушриклар Аллоҳга боласи борлик нисбатини бердилар.
«Улар: «Роҳман фарзанд тутди», – дедилар».
Бу оятда гап араб мушриклари ҳақида кетмоқда. Улар Аллоҳ фаришталарни ўзига қиз қилиб олди, дедилар.
«У покдир.»
Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Ўзига фарзанд тутиш эҳтиёжи инсонда бор. Аллоҳда йўқ. Бу иш Аллоҳ учун нуқсон ҳисобланади. У эса бундан покдир.
«Йўқ! Икром этилган бандалардирлар.»
Йўқ, мушрикларнинг гапи нотўғри. Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки икром этилган бандаларидир.
«Улар Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар».
Фаришталар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, шунчалик Аллоҳни улуғлайдиларки, ҳатто Унинг олдида бирор оғиз сўз айтишга ботинмайдилар. Фаришталар Аллоҳ нима амр қилса, сўзсиз амалга оширадилар.
5. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида:
«Ҳамду сано осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга хосдир. У Pот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деган (1-оят).
Дунёдаги барча ҳамду сано, мақтов-олқиш:
«...фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга хосдир».
Фаришталар Аллоҳ яратган ўзига хос зотлардир. Бошқа оятларда уларнинг табиатлари, адо этадиган вазифалари ва бошқа хусусиятлари ҳақида сўз юритилган. Бу оятда улар жисмоний тузилишларининг бир қисми, яъни икки, уч, тўрт қанотли бўлишлари ҳақида сўз бормоқда. Биз қанотли махлуқот деганда қушларни тушунамиз. Уларда иккита қанот бўлади. Аммо фаришталар ичида иккитадан кўп қанотлилари ҳам бўлар экан. Лекин фаришталарнинг асл тузилишларини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида элчилик вазифасини ўтаган Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб турган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли ҳолатларда кўринган.
Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл хилқатларида икки марта кўрганлар.
Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар.
Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Бундан фаришталар фақат икки, уч, тўрт қанотли эмас, ундан кўп қанотли ҳам бўлишлари келиб чиқади. Оятда қанот сони чегараланаётгани йўқ, балки уларнинг кўп бўлиши айтилаётибди. Шунинг учун ҳам, оятнинг давомида:
«У Pот махлуқотларда нимани хоҳласа, зиёда қилур», дейилмоқда.
6. Аллоҳ таоло «Марям» сурасида:
«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди», деган (16-17-оятлар).
Яъни эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт.
Қисса қуйидагича:
«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда...»
Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир. Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Шунда:
« Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди».
Яъни фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.
Жаброил алайҳиссалом одам шаклида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганларида, асосан, Деҳятул Калбий исмли саҳобий сувратларида келганлар.
Аммо бошқа ҳадисларда биров танимайдиган одам шаклида келганлари ҳам бор.
Демак, У зот Деҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг шаклларидан бошқа шаклда ҳам келган экан.