Ҳалима Саъдия ривояти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган оналари Ҳалима Саъдиядан ривоят қилинади: Мен оппоқ хачиримни миниб, баний Саъддан бўлган бир гуруҳ аёллар билан бирга Маккадан чақалоқ излагани йўлга чиқдим. Қурғоқчилик йили бўлгани учун ҳеч нарса қолмаган эди. Эрим иккимизнинг қари урғочи туямиз бор эди. Аллоҳга қасамки, бир томчи ҳам сут бермас эди. Болам ҳам кўкрагимда  сут камлигидан кечаси билан йиғлаб, уйқу бермас эди. Маккага етиб келдик. Эмадиган бола қидириб келган оналарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таклиф қилганларида рад қилмаган аёл қолмади, Чунки барчамиз боланинг отасидан саховат кутар эдик. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим эдилар. Етимнинг онаси нима ҳам қила оларди, дердик. Ҳамроҳларим бошқа болаларни олишди. Мен  боласиз қайтишни ҳеч хоҳламас эдим. Эримга: «Аллоҳга қасамки, ўша етимнинг ёнига бораман ва уни оламан», – дедим ва чақалоқнинг олдига келиб, уни олдим-да, уловимга қайтдим. Эрим: «Уни олдингми?»– деди. Мен: «Ҳа, олдим, бошқасини топа олмадим», – дедим. Эрим: «Тўғри йўл тутдинг, шоядки, Аллоҳ у орқали хайр етказса!»– деди. Аллоҳга қасамки, болани қучоғимга олишим билан кўкрагимга кўп сут келди, болаларим тўйгунча эмишди. Эрим қари урғочи туямизнинг олдига борди ва унинг елини тўла эканини кўрди, туядан хоҳлаганимизча сут соғдик, эрим билан тўйгунимизча ичдик. Ўша кеч тўқ ва тинч ухладик, болаларимиз ҳам ухлаб қолган эди. Эрим ўша тунда менга: «Эй Ҳалима! Сен муборак нафсни қўлга киритдинг, деб ўйлайман. Болаларимиз ҳам тўйиб ухлашди», – деди. Тонгда хачиримга мингдим, болани ҳам ўзим билан кўтариб олдим. Аллоҳга қасамки, уловим тез орада анча масофани босиб ўтди, ҳатто ҳамроҳларим менга: «Эй Абу Зуайбнинг қизи, бизни ҳам кут, бу ўша сафарга чиққан хачирингми?» – дейишарди. Мен: «Ўша, албатта, бу –  ўша хачир», дедим. Улар: «Аллоҳга қасамки, унинг бир хусусияти бор!» – дейишарди. Сўнг бани Саъд шаҳридаги манзилимизга етиб келдик. Бу ерлардан-да қуруқроқ бўлган бошқа ерни билмайман, лекин келганимиздан кейин, қўйларим боқиладиган жойларидан елинлари тўлиб, тўқ қайтадиган бўлишди. Уларнинг сутини соғиб ичардик. Биздан бошқа ҳеч ким бир томчи ҳам сут соғмасди, уларнинг қўйлари оч, елини бўш қайтарди. Қавмдошларимиз чўпонларига: «Ҳалок бўлгурлар! Абу Зуайб қизининг чўпони ўтлатгандек ўтлатинглар», – дердилар. Улар ҳам қўйларни менинг қўйларим ўтлаган жойларда ўтлатишар эди, шунга қарамай, қўйлари оч қайтарди, бир томчи ҳам сут бермасди, менинг қўйларим сутга тўлиб, тўқ қайтарди. Аллоҳдан зиёда ва яхшилик кўришда давом этдик, ҳатто икки йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сутдан ажраладиган пайтлари келди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга ўхшамас эдилар, бола бир кунда бир ойда ўсадигандек ўсарди, бир ойда бир йилдек, шундай қилиб, икки ёшга тўлмасларидан онадан ажрайдиган бола бўлдилар. Уларни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оналари олдига олиб келдик, кўрган баракамиз туфайли бизда қолишларини қаттиқ хоҳлар эдик. Мен оналарига: «Катта бўлгунларича бизда қолсалар, Макканинг вабоси уларга зарар беришидан қўрқяпмиз», – дедим. Улар болани биз билан қайтариб юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай қилиб Бану Саъдда қолдилар. Тўрт-беш ёшларида кўкракларини ёриш воқеаси содир бўлди. Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига Жаброил келди, у киши болалар билан ўйнаётган эдилар. Уларни олиб ерга ағдарди, қалбларини очди, ундан лаҳта қонни чиқарди. Жаброил деди: «Бу – шайтоннинг сендаги улуши», сўнг уни олтин тоғорада зам-зам суви билан ювди, тозалаб, жойига қайтарди». Болалар оналари олдига югуриб келиб, Муҳаммад ўлдирилди, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келишганда, уларнинг ранглари ўзгарган ҳолда эди. Отаси билан мен уни қучоқладик ва: «Нима бўлди?»– деб сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ кийим кийган икки киши келди, мени ётқизиб, қорнимни ёрди, Аллоҳга қасамки, нима қилганларини билмайман!» – деди. Уларни кўтариб олдик ва уйга қайтдик. Эрим менга: «Бу болага зарар етди, йўлга отлан. Унга бирор кор-ҳол бўлмасдан оиласига қайтариб берайлик»,–  деди. Улар билан қайтдик. Оналари: «Уни олиб кетишни жуда хоҳлаган эдингиз, нимага қайтиб келдинглар?» – деди. Биз: «Уни кафиллигимизга олиб, бажаришимиз лозим бўлган ишни қилдик, сўнг унга бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, оиласида бўлгани яхши, деб ўйладик»,– дедик. Оналари тўғрисини айтишимизни сўради. Биз ҳақиқатни айтдик. Шунда оналари: «Ундан хавотир олдингларми? Аллоҳга қасамки, ўғлимнинг хислати бор, буни сизларга айтайми? Унга ҳомиладор бўлганимда, ҳеч қачон ундан-да енгил ҳомила ва ундан-да буюк барака бўлмаган. Яна ўзимдан оловдек ёрқин нур чиқиб, Басранинг туя бўйни узунлигича бўлган ерларини ёритганини кўрганман, сўнг уни туғдим, у болалар туғиладигандек туғилмади, қўлини ерга қўйиб, бошини осмонга кўтариб туғилди!»,– дедилар.

Муслима таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
  Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун Илёс ҳожи Илёсов 1947 йил Доғистонда давоми...

16:22 / 26.12.2016 5354
 «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором давоми...

10:13 / 21.09.2018 3664
Баъзида «Хавф афзалми ёки ражоми» дея сўралади. Уламолар «Бу каби савол нотўғри бўлиб, худди нон афзалми ёки давоми...

19:35 / 12.11.2016 3456