Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шарқ фалсафасида, хусусан, Ислом таълимотида аёлга нисбатан муносабат, аёлни улуғлаш алоҳида ўрин эгаллайди. Ислом таълимоти аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида: илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди ва ўзига хос масъулиятларни ҳам юклади.
Ислом илм-маърифат соҳасида аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилар экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир» деганлар[1]. Аёл киши нафақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли, балки таълим бериш, дарс бериш ва бошқа илмий ишлар билан шуғулланиш ҳуқуқига ҳам эгадир. Кўплаб муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг далилидир.
Марказий Осиё халқлари давлатчилиги ўтмишига назар ташланса,турли тарихий жараёнларда эркаклар билан бир қаторда, аёлларнинг фаол иштироклари ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин. Хусусан, Тўмарис, Бухоро маликаси, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Жаҳонотин Увайсий кабилар жамият тарихида ўзига хос ўринга эга бўлиб, унинг равнақи учун ҳисса қўшганлар. Бунинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, аёл – миллат намояндаларининг давомчиси,жамият аъзоси, оила бекаси, ишқ-муҳаббат сарчашмаси сифатида ўрганилгандир. Дарҳақиқат, жамият тарихига назар солсак, унда ҳар бир давру замонда, халқ ва юрт тақдирини ўйлайдиган сиймоларнинг кўрсатган жасоратлари, фидоийликларини кўришимиз мумкин. Улар, жинсидан қатъи назар, ўзларининг танлаган мақсадлари сари ҳаракат қилганлар.
Тарихда аёлларнинг давлат сиёсатига, унинг бошқарувига, илму фан, маданият соҳасига катта таъсир кўрсатиб келганликларига кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Хусусан, Амир Темур давлатида юқори мавқеъга эга бўлган унинг рафиқаси Сароймулкхоним халқ орасида эъзозланиб, Бибихоним деб аталган ва соҳибқирон ўз юришлари даврида айнан унга Мовароуннаҳр бошқарувини ишонч билан топширган. Бибихоним Соҳибқироннинг нафақат рафиқаси, балки унинг энг ишочли ва яқин маслаҳатчиси бўлган. Ушбу фикримизни давом эттириб, шуни ҳам таъкидлашимиз мумкинки, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида унинг рафиқаси Гавҳаршодбегим ҳам Бибихоним каби юксак мавқеъга эга бўлган. Кейинчалик Қўқон хони Умархоннинг рафиқаси Нодирабегим фан, маданият, санъатга ҳомийлик қилиш билан бир қаторда ҳукмдорнинг сиёсат юргизишдаги маслакдоши, кўмакчиси бўлган. Умуман олганда Марказий Осиё халқлари тарихига назар ташланадиган бўлса, ушбу ҳудудда аёлларнинг жамият ҳаётидаги, хусусан, илму фан соҳасидаги иштироклари ҳақида кўплаб маълумотларни учратиш мумкин.
Ушбу мўъжаз мақоламизда XII асрда яшаб ўтган ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳа олимаси Фотима бинт Алоуддин ас-Самарқандийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожидаги ўрнини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Маълумки, XI-XII асрларда Мовароуннаҳр Шарқнинг илм-фан ривожланган йирик ўлкаларидан бири эди. Бу даврда Ўлкада диний илмлар юқори даражада ўрганила бошланди. Бунинг сабаби, эҳтимол, бу пайтга келиб турли мазҳаб ва оқимлар ўртасидаги ўзаро зиддиятларнинг кучайиб кетганлигидадир. Чунки бу даврда шиалар ва хаворижлар, мўътазилийлар ва мотуридийлар, шофеъийлар ва ҳанафийлар ўртасида келишмовчиликлар авж олган эди. Бу муаммоларни ҳал этиш эса, асосан, фақиҳлар зиммасига тушган. Муаммоларни кучли далиллар билан бартараф этиш зарурати сезилди. Шу тарзда Мовароуннаҳрда фақиҳлар фаолияти кучайди. Бу даврда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий, Бухоро билан Самарқанд оралиғида жойлашган, ҳозирда Самарқанд вилоятига тегишли «Дабусия» қишлоғида (ўтмишда шаҳар бўлган) туғилиб ўсган, «Қуззоти сабъа»(етти машҳур қози)дан бири бўлмиш Абузайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий,Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний (ал-Ҳалвоий) ал-Бухорий,Ҳисомиддин Садри шаҳид Умар ибн Абдул-азиз, Бакр ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фазл ибн Ҳасан Шамсул-аимма аз-Заранжарий, Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Мусо Абул-юср Садрул-ислом ал-Баздавий, IХ-Х асрнинг мураккаб шароитида Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилиб, юксак мутакаллим ва мутафаккир, йирик фақиҳ ва атоқли олим даражасига кўтарилган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий, Нажмуддин Абу-Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Мухаммад ибн Аҳмад ибн Абусаҳл Абу Бакр шамсул-аимма ас-Сарахсий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Фахрул Ислом (Фахруддин) Абул-Мафохир Ҳасан ибн Мансур Ўзжандий, ал-Фарғоний, Қозихон каби машҳур фақиҳларнинг номларини келтириш мумкин.
VIII асрнинг охири IX асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг Ҳанафий мазҳаби тарқалди. Ушбу мазҳаб таълимоти асосида Бухоро ва Самарқандда Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби шаклланди. Мовароуннаҳр фиқҳ таълимоти намояндалари ушбу ўлка халқларининг ҳуқуқий анъаналари, урфодатлари, расм-русумларини умумисломий нуқтаи назардан таҳлил қилишиб, ўзларидан бой ёзма мерослар – фиқҳий қўлланмалар, фатво тўпламлари, фақиҳлар таржимаи ҳолига бағишланган рисолалар ёзиб қолдирдилар. Фақиҳлар ўз асарларида айрим ҳуқуқий нормаларни маҳаллий шароит билан мувофиқлаштиришга интилганлар ва натижада Ўрта Осиё фақиҳлари мусулмон дунёсига шариатнинг охирги таҳририни бериш даражасига мушарраф бўлдилар[2]. Чунки уйғониш даврида Ислом дини орқали илмий салоҳиятга эга бўлган кишилар учун имконият эшиклари очиб берилган эди. Бу даврнинг ўзига хос томони шундаки, ўлкада илм-фан ривожланди, кўплаб олимлар етишиб чиқдилар, йирик фақиҳ сулолари пайдо бўлди. Авлоддан авлодга ўтиб давом этувчи фақиҳлар сулолалари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Ислом оламида катта нуфузга эга эдилар. Ана шундай сулолалардан бири бўлмиш ас-Самарқандийлар сулоласи Мовароунаҳр фиқҳ мактаби тарихида ўзига хос мавқега эга.
11-12 асрларда Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик вакили, Ўрта Осиёда ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири, ақоид, тафсир, усул алфиқҳ, фуруъ алфиқҳ, калом илмлари соҳиби даврининг етук фақиҳи Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (в. 1145 й) мероси ва унинг қизи «буюк фақиҳа»Фотима бинт Муҳаммад ҳақидаги маълумотлар фиқҳ илми тарихида алоҳида аҳамиятлидир.
Алоуддин ас-Самарқандий ва унинг қизи Фотима бинт Муҳаммад яшаган давр XI асрнинг 2-ярми ва XII асрнинг 1-ярмига тўғри келади. Бу даврда Хуросонда ва Халифаликнинг каттагина қисмида Салжуқийлар (1038 – 1092), Мовароуннаҳрда Қорахонийлар (999 – 1212), Ғазнавийлар (977 – 1186) ХоразмшоҳАнуштегинийлар (1077 – 1231) ҳукмрон эдилар. Гарчанд Хуросонда Салжуқийлар ўз мавқеларини мустаҳкамлаб бораётган бўлса-да, Мовароуннаҳр илгаригидек Қорахонийлар қўлида қолаверди. Бу даврда Мовароуннаҳрда турли мазҳаблар вакиллари, хусусан, ҳанафий-шофеъийлар ўртасида зиддиятлар кучайиб кетган эди.
Замонамизнинг йирик исломшунос олими юридик фанлар доктори Абдулҳаким Шаръий Жўзжонийнинг «Ислом ҳуқуқшунослиги: ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари» номли китобида келтирилган маълумотларга кўра, Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий(в. 1145 й) фиқҳ илмини Абул-Маин маймун Макҳулий ва Садрул-ислом Абул-юср Баздавийдан ўрганиб ўз даврининг буюк алломаси сифатида тан олинган ва ҳанафий ҳуқуқшунослиги тараққиётига муҳим ҳисса қўшиб келган. У ёзган «Туҳфатул-фуқаҳо» номли китоб Ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унинг устидан шарҳлар ёзилган. Алоуддин Самарқандий фиқҳ илмидан ташқари, калом илми бўйича ҳам Ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарқатувчиси бўлган.
Алоуддин ас-Самарқандий ва Фотима бинт Муҳаммад ҳақида бизгача етиб келган дастлабки маълумотлар, асосан, ас-Самарқандийнинг шогирдлари – Алоуддин ал-Косоний (в. 1191)нинг «Бадоъи» асари муқаддимасида ва ас-Самъоний (в. 1167)нинг «Китоб алансоб» асарида учрайди. Яна ҳанафийлик мазҳабига оид табақот китобларида ҳам маълумотлар қисқа тартибда берилган Масалан: Ибн Қутлубуға (в. 1474), Тошкўпризода (в. 1560), Кафавий (в. 1582), Ҳожи Халифа (в. 1657), Лакнавий (в. 1886).
Фотима бинт Муҳаммад ас-Самарқандий (в. 1191 дан олдин)га отаси ёшлик чоғларидан қироат, араб наҳви, фиқҳдан дарс берган. У отасидан фиқҳ илмини ўрганиб буюк фақиҳа олима даражасига етишади. «Бу аёл фиқҳ илмида шундай маҳорат касб этдики, – дейилади манбаларда, – отасининг чиқарган фатволарида унинг ҳам муҳр ва имзоси қўйиладиган бўлди»[3]. У отасининг машҳур «Туҳфатул фуқаҳо» асарини ёддан билган. Лекин минг афсусларки, бизгача етиб кеган маълумотларга кўра, унинг бирон бир асари борлиги маълум эмас.
Бу олима ҳақида Ибн ал-Адим шундай дейди: «Менинг отам у аёлнинг ҳанафия мазҳабини ниҳоятда яхши билганлиги, кўп маротаба умр йўлдоши ал-Касонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларни кўрсатиб бергани, ал-Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилгани ҳақида ҳикоя қиларди»[4]. Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган. «Табақот»да ёзилишича Ибнул-Адимнинг отаси унга Фотима ҳақида қуйидагидек маълумотни келтириб ўтади: «У мазҳабни янгича нақл қилар экан, фатво биринчи унинг ижозати билан чиқар, кейин отасининг хати билан. Ҳаловия (Ҳовия)даги фақиҳлардан бири Довуд ибн Али айтишича рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни биринчи марта Фотима жорий қилган»[5].
Оксфорд университети профессори В.Маделунг келтирган маълумотларга кўра Алоуддин асСамарқандий Анатолияга бир неча бор сафар қилган. Бир муддат ўша ерда истиқомат қилиш даврларида Рум подшоҳлари ( kingsofal Rum ) олима-фақиҳа қиз Фотиманинг қўлини сўрайдилар, лекин у қизини ўзининг шогирдига беради[6].
Фотима бинт Муҳаммаднинг умр йўлдоши – Қорахонийлар даврининг энг буюк фақиҳларидан бири, Сайҳун (Сирдарё) нинг шимоли – Фарғонада, аш-Шошнинг орқасида жойлашган Косон номли йирик шаҳарга нисбат берилган Ал-Косоний – Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмаддир[7].
Алоуддин Муҳаммаднинг шогирди ва куёви, Қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ўз устозининг «Туҳфатул-фуқаҳо» (фақиҳлар туҳфаси) номли китоби устидан «Бадоиъус-саноиъ, фи тартибиш-шароиъ» номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, ўз устозига тақдим этган. Ҳожи Халифа ривоятига кўра, унинг шарҳи устозга манзур бўлиб, ўзининг чиройли қизи Фотимага уни уйлантирган. Ушбу шарҳни эса «Маҳр» сифатида қабул қилади. Ўшанда халқ ичида «Шараҳа туҳфатаҳу ва тазавважа ибнатаҳу» (яъни «Туҳфа» китобини шарҳлаб қизини олди) деган сўз юритилган[8].
Ал-Косонийнинг ушбу машҳур асари 1327-1328 й. Қоҳирада VII жилд ҳолида чоп этилган. Нафақат Ислом оламида, балки ғарб олимлари орасида ҳам жуда машҳур бўлган бу фиқҳий асар ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Шарқшунос олим В.Маделунг фикрича, асар «Ҳанафий фиқҳий асарлари орасида кейинчалик ҳам унинг даражасига ҳеч қайси асар ета олмаган маҳорат намунаси» саналади[9].
Ибн ал-Адим яна шундай дейди: «Ал-Косоний умр йўлдошини жуда ҳам ҳурмат қиларди. Авваллари устози (Алоуддин ас-Самарқандий) ва унинг қизи Фотима бинт Муҳаммад тарафидан имзоланган фатволар чиқар эди. Оила қургач, ҳар уччовларининг имзо ва муҳрлари босилган фатволар чиқадиган бўлди»[10]. Маълумотларга кўра баъзан эри Абу Бакр хатога йўл қўйганда Фотима унинг хатосини тўғрилаб келган[11].
Айрим манбаларда айтилишича, Фотима ўз эри маликул-уламо Абу Бакр ибн Масъуд Косоний билан баъзи сабабларга кўра бир муддат Ҳалаб (Алеппо, Сурия) диёрига келиб истиқимот қилган дарларида у, эрини Ҳалабдан Мовароуннаҳрга қайтиб кетишга ундаган. Буни эшитган Ҳалаб хукмдори Нуриддин Маҳмуд, ал-Косонийни чақириб уларни Ҳалабда қолишларини илтимос қилади ва нега кетмоқчи эканликларининг сабабини сўраганда, у устозининг қизи бўлмиш олима Фотиманинг райига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Шунда Ҳалаб хукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн Занги (1146-1174) Фотима бинт Муҳаммад номига улардан Ҳалабда қолишларини сўраб нома жўнатади. Номани олиб келган элчи эркак киши эди. Фотима уни қабул қилолмайди ва элчи қайтиб кетади. Фотиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор аёл элчи жўнатади.[12] Шундан сўнг Фотима элчини қабул қилади ва ҳокимнинг илтимосини кўра, улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолиб Ҳанафий фиқҳини тарқатиш билан шуғулланадилар.
Манбаларда келтирилишича, Фотима эридан олдин вафот этади (вафот этган йили маълум эмас) ва Ҳалабдаги Мақоми Иброҳим Халил қабристонига дафн этилган.
Косоний 587 йил ражаб ойининг учинчи куни вафот этиб хотини Алоуддин қизи Фотима ёнида «Зоҳири Ҳалаб»да мақоми Иброҳим Халилнинг ичида дафн этилган[13].
Хулоса қилиб айтганда, жаннатмакон юртимиздан етишиб чиққан ўзбек қизи Фотима ислом дунёсида ўз буюк истеъдоди ва фиқҳ илми бўйича юксак салоҳияти билан мумтоз ва мисли кам бўлган фақиҳ аёл сифатида донг таратган.
Юқорида айтиб ўтканимиздек, Фотима бинт Муҳаммад ҳақида бизгача етиб келган маълумотлар, асосан, Алоуддин ас-Самарқандийнинг шогирдлари – Абу Бакр ал-Косоний (в/ 1191)нинг «Бадоъи» асари муқаддимасида ва ас-Самъоний (в. 1167)нинг «Китоб алансоб» асарида, яна ҳанафийлик мазҳабига оид табақот китобларида маълумотлар қисқа тартибда берилган бўлишига қарамай, ушбу аёл ўз илми ва салоҳияти билан тарихда ёрқин из қолдира олди. Фотиманинг илмий салоҳияти, «Буюк фақиҳа» даражасига етиши Мовароуннаҳрда аёлларга Ислом динининг муносабати, аёлларнинг эса илмга бўлган муносабатлари Ўрта асрларда қандай бўлганлиги ҳақида тасавур ҳосил қилиш имконини беради.
Айтиб ўтилган воқеликларга асосланиб айтиш мумкинки, Ислом Конференцияси Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган тузилмаси («ISESCO») томонидан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига «Ислом маданияти пойтахти» мақомининг берилишида мамлакатимизнинг Ислом дини билан боғлиқ тарихи, ушбу юрт фарзандлари қолдирган илмий-маънавий мероснинг Ислом цивилизацияси ва маданиятига қўшган ҳиссаси, бугунги кунда ана шу ноёб ва мўътабар меросни асраш, ҳар томонлама ўрганиш юзасидан қилинаётган ишларнинг нечоғлик юксак баҳоланганлигини англаш мумкин. Республикамиз Президенти Ислом Каримовнинг «Туркистон Пресс» нодавлат ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида таъкидланганидек, «Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, хоки поклари Ўзбекистон тупроғида ётган улуғ аждодларимиз, не-не мутафаккир зотлар асрлар мобайнида дунёвий ва диний илмлар соҳасида қандай буюк кашфиётлар яратгани, бунинг учун қанча заҳмат ва машаққатлар чекканини кўрамиз. Бугун биз гувоҳи бўлаётган юксак эътироф, аввало, ана шундай аждодларимизнинг табаррук номлари ва қолдирган меросига, ўзбек халқининг Ислом маданияти ривожига қўшган бебоҳо ҳиссасига берилган муносиб баҳо, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз»[14].
Юридик фанлар номзоди
Нигора Жалолиддин қизи Юсупова
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.И.А.Каримов. «Туркистон Пресс» нодавлат ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюси. Халқ сўзи / 2007. 23 февраль.
2.Аҳмад Халил Жумъа. «Нисоъ муббашшара билжанна». Макка: Дор таййибот алхударо, 2001.
3.Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад алМисрий.«Алжавоҳир алмудиа фи табақот ал-ҳанафия». –Хайдаробод: 1913. II. Ж.
4.Ал-Қураший.«Табақотул-ҳанафия». 1-жилд. Мир Муҳаммад кутубхонаси. Карачи.
5.Ал-Лакнавий Муҳаммад Абд ал-Ҳай алҲиндий.« Алфавоид албаҳия фи тарожим ал-ҳанафия». Қоҳира: 1906.
6.Тошкўпризода Аҳмад ибн Мустафо.«Мифтаҳ ас-саъода ва мисбаҳ ассиёда». II. Ж. –Хайдаробод: 1905.
7.Котиб Чалабий.«Кашф аз-зунун ан асмаи ал-кутуб ва ал-фунун». –Истамбул: Ал-Олам, 1-жилд.
8.Madelung W.«The westward migration of Hanafi scholars from Central Asia in the 11 th to 13 th centuries». –Tashkent: 1998.
9.Муҳаммад Камол. «Мусулмон аёлларга маслаҳатлар». / Туркчадан Абдуллоҳ Мурод Холмурод ўғли таржимаси. -Т.: Моароуннаҳр, 2000.
10.Ишанов А.И., Саматова Х.С., Уразаев Ш.З. История государство и право Узбекистана. -Т.: Ўкитувчи, 1969.
11.Женшина в мифах и легендах / Энциклопедический словарь, -Т.: 1992.
12.Файзиев Т.«Темурий маликалар». –Т.: Адабиёт ва санъат, 2000.
[1] Муҳаммад Камол.«Мусулмон аёлларга маслаҳатлар». / Туркчадан Абдуллоҳ Мурод Холмурод ўғли таржимаси. -Т.: Моароуннаҳр, 2000. -Б. 24.
[2] Ишанов А. И., Саматова Х. С., Уразаев Ш.З.« История государство и право Узбекистана». Т.: Ўкитувчи, 1969. -Б. 518.
[3] Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий.«Алжавоҳир ал-мудиа фи табақот ал-ҳанафия. Хайдаробод, 1913. II. Ж. Б. 278279; Тошкўпризода Аҳмад ибн Мустафо. Мифтаҳ ас-саъода ва мисбаҳ ассиёда. II. Ж. Хайдаробод, 1905. Б. 136137; Ал-Лакнавий Муҳаммад Абд ал-Ҳай алҲиндий. Ал-фавоид албаҳиййа фи тарожим ал-ҳанафия. Қоҳира, 1906. Б. 158.
[4] Ўша асарлар, ўша жой.
[5] Ал-Қураший. «Табақотул-ҳанафия». 1-жилд. Мир Муҳаммад кутубхонаси. Карачи. Б. 278.
[6] Madelung W. The westward migration of Hanafi scholars from Central Asia in the 11 th to 13 th centuries. Tashkent. 19998. S. 8.
[7]Тошкўпризода Аҳмад ибн Мустафо. Мифтаҳ ас-саъода вамисбаҳ ас-сиёда. II. Ж. Хайдаробод, 1905. Б. 135; Ал-Лакнавий Муҳаммад Абд ал-Ҳай ал-Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафия. Қоҳира, 1906. Б. 53; Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Ал-жавоҳир ал-мудиа фи табақот ал-ҳанафия. Хайдаробод, 1913. II. Ж. Б. 244.
[8] Котиб Чалабий. Кашф аз-зунун ан асмаи ал-кутуб ва ал-фунун. Истамбул. Ал-Олам. 1-жилд, Б. 294.
[9] Madelung W. The westward migration of Hanafi scholars from Central Asia in the 11 th to 13 th centuries. Tashkent. 19998. S. 10.
[10] Қураший. Б. 278279. Тошкўпризода. Б. 136137. Лакнавий. Б. 158.
[11] Ал-Лакнавий Муҳаммад Абд алҲай ал-Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафия. Қоҳира, 1906. Б. 193.
[12] Ал-Қураший Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абулвафо Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мисрий. Алжавоҳир ал-мудиа фи табақот ал-ҳанафия. Хайдаробод, 1913. II. Ж. Б. 278279; Тошкўпризода Аҳмад ибн Мустафо. Мифтаҳ ас-саъода ва мисбаҳ ас-сийода. II. Ж. Хайдаробод, 1905. Б. 136137; Ал-Лакнавий Муҳаммад Абд ал-Ҳай ал-Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафия. Қоҳира, 1906. Б. 158.
[13] АлғҚураший. «Табақотул-ҳанафия». 1-жилд. Мир Муҳаммад кутубхонаси. Карачи. Б. 278279.
[14] И.А.Каримов. «Туркистон Пресс» нодавлат ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюси.«Халқ сўзи» / 2007. 23 февраль.