Биз унутган суннат (12-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИЗ УНУТГАН СУННАТ…

 Биз Ислом уммати динимиз мукаммаллигини, Ислом дини ҳаётимизнинг ҳар бир босқичини тартиблаб боришини жуда яхши англаб етмоғимиз даркор. Чунки биз ҳаётимизни Исломнинг кўрсатмалари билангина самарали ва мукаммал қиламиз. Аллоҳ таоло бизга  Исломни мукаммал дин қилиб жорий қилгандир. Саодат асрини биз нега доим соғинамиз? Аҳли байтнинг муҳаббатини биз нега доим тилимиздан қўймай сўзлаймиз? Саҳоба ва саҳобия аёлларнинг фидойилигини нега зарбулмасал қилиб малолланмаймиз? Чунки биз аҳли байтда мукаммал иймонни, соф муҳаббатни, пок туйғуларни, ҳақиқий фидоийлик нелигини, ҳар бир инсон ўзининг ҳаққини билишда Аллоҳ белгилаган чегарада турганлигини, шу чегара бошқа шахснинг ҳам ҳаққи эканлигини, бандаларининг ҳаққи оғир бўлишини, қиёматда Аллоҳ ҳам бандаларнинг ҳаққига аралашмаслигини бутун борлиқлари, нафаслари, онгу тафаккурларида, қалбларининг тўрида тутишган, тушунишган, ҳис этишганини топамиз ва қўмсаймиз.

Бугунги кун оила муаммоларининг асл сабаби ҳам, биз унутган асри саодатнинг оддий ҳаёт тарзида бўлган соф муҳаббат, фидоийлик, самимиятдир. Атрофимизга яхшилаб назар ташласак, бу бизлар унутган суннат эканини тушунамиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, уммул мўминун оналаримиз ҳам, саҳобийлар ва саҳобия аёллар ҳам қалбларидаги муҳаббатни оилаларидан беркитишмаган, оиланинг нури  соф муҳаббат эканини ҳам яхши билишган. Улар бир-бирларига меҳрларини изҳор қилишдан ҳаё қилишмаган, улар кўчадагиларга кулиб, уйида жиддий бўлиб олишмаган. Аксинча, кўчадигилар билан оддий ҳолатда гаплашиб, ўрни келсагина меъёрида табассум-ла жавоб беришган, ҳақларини ҳам, ҳадларини ҳам билишган. Оилада эса улардан меҳрибони, улардан яхшиси, улардан-да муҳаббати кўпи бўлмаган. Бугунги кун аёллари эса мўмина эканликлари кўчада эсларига тушиб, чиройли кийимларининг барини кўчага хослаб, пардозларининг барини дарвоза ортидагиларга қилишади. Йўқ, ундай қилмаймиз, дейишолмайди. Уйларида эса мўмина эканликларига энг ҳақдор бўлган, чиройли кийимларини кўришга қанча интизор бўлган, пардозларини ҳар куни кўришни истайдиган, аммо бу орзуси фақат тўйда, ёки қайсидир дугоналари эри билан меҳмонга келганда кўрадиган инсон – жуфтлари энг ҳақдор эканини унутишган. Аммо ҳар куни ишдан ҳориб келган жуфтини таом ҳиди ўрнашиб қолган кийимларда ёки кўчага ҳеч қачон кийиб чиқмайдиган кўримсиз либосларда кутиб олишдан ҳаё қилишмайди, Аллоҳдан қўрқишмайди. Чунки уйга бўлаверади, уйда ким ҳам кўрарди, дейишади-да!

Кеч тушганда жуфтлари учун сурма суриш кулгили ҳолатга айланиб улгурган, хушбўйланиб таом тайёрлашса, эрлари учун пардоз воситаларини исроф қилишгандек, гўё...

Аслида ўша инсон эмасми, аёлининг сурмасини кўришга ҳақдор, у эмасми жуфтидан таралаётган хушбўй ифорга энг ҳақдор? У эмасмиди  танмаҳрамининг ҳарир либосларини кўриб, завқланишга энг  ҳақли? Суннатга амал қани бу ерда? Аёлларга буюрилган амрнинг «лаббай» дейилган ижроси қани? Биз унутдик, шундай унутдикки, бугун эримизнинг ҳаққи нималар эканини, у аслида биз учун ким эканини унутдик. Аёллигимизни, она бўлишимизга сабабчи бўлган инсоннинг ҳақларини унутдик. Натижада эса оиламизда ҳал бўлмайдиган муаммоларни пайдо қилдик. Аллоҳ таоло буюрган амрни буздик: кўзимиз сурмасини, либосимизнинг чиройини, атримизнинг хушбўйини маҳрамимизгагина ҳалол қилганини унутдик.

Эркаклар эса ишхонада, кўчада, автобус ёки таксида юрганларида энг хушрўй, энг сўзамол, энг яхши суҳбатдош, жуда яхши инсон, энг сахий одамга айланишади. Уйларида ўзларидан ёқимсиз ҳид келса, эътибор беришмайди, қўполликда улардан ўтадигани йўқ, аёллари билан суҳбат эса бемаъни вақт ўтказиш, аёллари учун пул топиш кифоядек, сахийликларига ҳақли инсон жуда очофатдек туюлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишларини интернетдагиларга сўзлашади-ю, амаллари нима эканини айтишмайди. Муҳаббат ҳар доим унинг ёди билан яшаш эмасми? Муҳаббат ҳабибингизга ўхшаб яшаш ҳаракатларидан иборат эмасми? Севган аёлингиз қандай муомала қилганини ҳис этиш эмасми муҳаббат?!

Тинимсиз китоблар ва интернет тармоқларида айтиладиган ҳадис улар учун эмасдек, гўё. Мана ўша машҳур ҳадис: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз оиласига яхши муносабатда бўлганларингиздир. Мен оиламга яхши муносабатда бўлишда сизларнинг энг яхшингизман», деган эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Муаммоимиз – оилани муқаддас эканини, унинг пойдевору устуни меҳр-муҳаббат бериш бўлиб, суннат эканини унутганимизда. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:« Аёлим мен учун хушбўйланиб, пардоз қилиб, тоза кийинишини севганимдек, мен ҳам аёлим учун хушбўйланишни, тоза кийинишни яхши кўраман», деган эканлар.

Аллоҳ таоло барчамизни оила аталмиш муқаддас маконнинг ҳаққини адо этишда бардавом ва ғайратли қилсин!

 

Орифахон ЮНУСХЎЖА,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти 3-босқич талабаси

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳини таниганимга ҳали энди тўрт йилдан бироз ошди. Ўша вақтлардан бошлаб китобларини ўқиб, «islom.uz» порталидаги давоми...

19:34 / 02.02.2017 4449
Мадинаи мунавварада турилганда кўпроқ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаларига бориб, дуруду салом айтиш ажрсавобли амаллардандир. Риёзулжаннатда икки давоми...

04:08 / 13.08.2018 4112
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, халога кирсалар «Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал давоми...

23:01 / 28.11.2016 5081
Комил иймон сифатлари ҳақида bintusodiqJanuary 23, 2018 r  . . Комил иймон сифатлари ҳақида Аввалги ҳадис Тўртинчи ҳадис Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан давоми...

21:56 / 23.01.2018 6888