Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Суннатни тирилтириш – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш демакдир
Хожа Бухорий мадрасасида ўқиб юрган йилларимиз иймон-эътиқоди ҳамда амали гўзал бўлган дилга яқин дугоналаримдан бири: «Сизга иккита саволим бор, жавоб берасизми?» деб қолди. Бераверинг-чи, дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бугунда деярли унут бўлиб кетган суннатлари нима? Иккинчиси, банда Аллоҳнинг раҳматидан қачон қочади?» деди. Мен ўйланиб, ўз тахминларимни айта бошладим. Лекин бирортаси ҳам тўғри чиқмади. Шунда бу суннати шарифнинг ўта эътиборсиз қолганини фаҳмлаб, ўзи жавобини айтишини сўрадим.
Биринчиси – умматнинг кийимга ўч бўлиб, ямоқ либослар киймай қўйгани. Иккинчиси эса... келинг, уни ҳам ўз ўрнида айтақолай.
Бу нарса ҳақиқатан ҳам муомаладан чиқиб, уммат кам амал қилиб қолган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт, буюк саҳобийлару тобеинларнинг суннатлари эди.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бир ҳадисда: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) Уйда кийимларини тикар, шиппакларини ямар, кишилар уйида қиладиган ишларни қилар эдилар», деганлар. Э воҳ! Дунё хазиналарининг калитлари берилган бир Зот ямоқли либос кийсалар, бунинг устига ўзларининг муборак қўллари билан уни ямаб олсалар-у, биз... ул Зотнинг юрган йўллари бўлишга ҳам арзимайдиган ожиз, рўсиёҳ бандалар бундан ор қилсак!
Тўғри, ҳозир ҳам суннати шарифни эъзозлаб, уни тирилтириш учун самимий сидқидилдан ямоқ киювчилар бордир, аммо уларнинг сони жуда кам, деярли, йўқ даражада десак ҳам бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, барча диний-дунёвий ишларда бўлгани каби, кийинишда ҳам ўрнак, аҳли аёллари эса бу суннатларни умматга етгазувчи мураббиялар эдилар. Икки дунё аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисмларининг бир парчаси, кўз нурлари бўлган Фотимаи заҳро онамиз розияллоҳу анҳонинг эгниларида ўта арзон матодан тикилиб, ямоқ бўлиб кетган, кўҳнагина кийим бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биттагина ишоралари билан у зоти олияга энг қимматбаҳо матолар, турли кийимлар келтирилиши мумкин эди, лекин қаноат соҳибаси, охиратдан умидвор бўлган онамиз муборак жисмларини ёпиш учунгина ўшани киярдилар. У зот бугун биз киядиган, кийим жавонларимиз сиғдиролмай тоша бошлаган кийимларга биздан кўра ҳақли эмасмидилар?
Ойша онамиз-чи? Пайғамбарнинг аёли, бадавлат савдогар, амирул мўмининнинг қизи бўлган аёл... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қолиб, барча қийинчиликларга гўзал бардош берган, қаноат, сабру матонат намунаси бўлган, олиму олималарнинг устози, дунё аёлларининг энг афзали бўлган онамизнинг кийимлари ямоқдан тўлиб кетган эди. Жиянлари Урва у кишига янги кийим олишни маслаҳат берганларида: «Набиюллоҳ менга: «Агар менга етишишни истасанг, дунёдан ўзингни тий, унда худди сафарга кетаётгандек бўл, бойлар билан ўтиришдан сақлан. Кийиминг (ямоқ тушиб) титилиб кетмагунча уни янгилама», деб насиҳат қилган эдилар», деб жавоб берганлари ёдингиздами?
Урва розияллоҳу анҳу муҳтарама холаларини эслаганда, унинг зуҳду тақво, қаноатини эслаб: «Холам Ойша токи кийимлари эскириб, титилиб кетмагунича уни янгиламас эди», дер эдилар. Ўз ҳолингиз, ота-онангизни қийнаб ёки куёвингизнинг кўзига хунук кўриниб тиктирган, модаси ўтди, деб на ўзингиз кийиб, ва на бир муҳтожга бермай, жавонга ем қилиб қўйган кийимларингиз эсингизга тушиб хижолат бўляпсизми, дугонам? Аллоҳ ажр берсин, ҳали бутунлай ўзликдан, инсофдан кечмаган эканмиз.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу халифа этиб сайланган кун... Эгнида ямоқдан қуроқ бўлиб кетган, амирул-мўминин номига муносиб бўлмаган бир эскигина, аммо покиза либос бор эди. У киши шароит тақозо этгани учунгина, ўша сайлов куни қиймати тўрт дирҳамга тенг бўлган ямоқсиз кийим кийган эдилар. Аммо уни ҳам дарров яна эскисига алмаштириб олдилар.
Абу Нуаймдан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳуга: «Эй амирал мўминин, нима учун кўйлагингизни ямаб юрасиз?» дейилди. У зот: «Қалбнинг хушуси ва мўминлар эргашишлари учун», деб жавоб бердилар».
Бир танангизга ўйлаб кўринг, сиз умрингизда ямоқли кийим кийганмисиз? Мен ҳам... Бунга бўйним ёр бермаган, ҳатто суннатни тирилтириш учун ҳам қилишга ярамаган, шу ҳолимда шафоатдан умидвор бўлиб юрган бир гумроҳ банда эканман...
Аммо... бугун ямоқ киювчилар кўпайиб кетди. Улар йиртиқ! Ҳа, айнан йиртиқ, катта-катта бесўнақай ямоқли кийимларни кўчаларда, жамоат жойлари, баъзан тантаналарда ҳам ҳеч тортинмай, аксинча, фахр билан кийиб юрибдилар. Лекин... уларнинг бу кийиниши фақатгина мода учун, холос. Улар суннатни тирилтиргани учун фахрланмаяпти, билъакс, энг «модний» кимсага айлангани учун жанда, йиртиқ нарсаларни кийиб олишган. Мана, ямоқ либос кийиш суннатини ҳеч иккиланмай, уялмай бажара оладиган кунларга ҳам етдик. Фақат бу либосни холис, ҳечқурса шу йўл билан бўлса-да, суннатни адо этишни ният қилиб кийсак, қанийди? Ахир ҳар бир ибодатда ният фарз. Суннати шарифни тирилтириш эса гўзал ибодатдир...
Ёмғир ёққанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам
нима қилганлар?
Машааллоҳ, тасодифни қаранг, ўша дугонамнинг шунчаки бир саволи, бугун икки камёб бўлиб кетган суннат ҳақида гапиришга замин яратди. Унинг иккинчи саволига жавоб – киши ёмғир ёққанда ўзини панага олиб, раҳматдан қочишидир. Ёмғирни нега раҳмат деймиз? Уни биз эмас, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи Каломида
ونزلنا من السماء ماء مباركاً
яъни «Биз осмондан муборак сувни туширдик», деб марҳамат қилган.
Муборак эканини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг раҳмат эканини айтганлар. Хўш, ёмғир ёққанда у Зот нима қилар эдилар? Бу ҳам бизларга бир оз бегонароқ бўлган, кўпинча эътиборсиз қарайдиган суннатдан бири – ёғаётган оби раҳматга баданимизни тутиш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик, ёмғир ёғиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини тутиб турдилар, ёмғир суви баданларига тегди. Биз: «Эй Аллоҳнинг элчиси, нега бундай қилдингиз?» дедик. «Бу Аллоҳ таолонинг аҳди бўлган ҳодисадир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Хўш, сиз баҳор ва кузда кўпайиб қолувчи оби раҳмат ёққанида бирор марта бўлсин, енгингизни кўтариб, қўлингизга ёмғир томчисини етказганмисиз? Йўқми? Лекин алҳамдулиллаҳ, мен бу ҳадисни ўқиганимдан буён, анча йиллардан бери биринчи ёмғир ёққанида бу ишни қиламан. Менимча, бунинг қандайдир тиббий манфаатлари ҳам бўлса керак.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчимиз. Бугунги техника ривожланган, ахборот тезлиги ва қулайлиги ошган даврда ёмғир, қор ёғиши, умуман, об-ҳаво ҳақида ҳар бир телефон ва интернет орқали билиб оляпмиз. Баъзан ёғингарчилик бўлганда, «Интернетда айтилганди, мана, ёғди». Ёки «Интернетда ёғади, деган эди, ёғмади-ку?» деган гапларни эшитамиз. Бундай вазиятда биз ҳавонинг ҳолатини интернетга боғлашимиз тўғрими?
Зайд ибн Холиддан ривоят қилинишича, улар Ҳудайбияда субҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан адо этаётганларида ҳаво булут бўла бошлайди. Намоздан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзланиб: «Роббингиз нима деяётганини биласизми?» дедилар. «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедик. «У Менга иймон келтирган ва менга кофир бўлган бандаларим тонг оттирмоқдалар. Бас, ким Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан сероб қилиндик, деса, у менга мўмин, юлдузларга кофир бўлибди. Ким фалон-фалон сабаб ёмғир ёғди, деса, менга кофир, юлдузларга мўмин бўлибди», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Таҳорат олишдаги нодир суннатлар
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз ва Аллоҳнинг амри, Пайғамбарининг суннатларига мувофиқ намоз ўқиймиз, таҳорат оламиз. Таҳоратнинг фарз, вожиб ва суннатлари барча фиқҳий китоблар, ҳадисларда баён этилган. Ҳозир сизга ҳавола этиладиган таҳоратнинг суннати – оммалашмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаганлари сабаб китобларда ҳам зикр этилмаган икки амалдир. Бу ҳақида мадрасада ўқиб юрган чоғларимиз «Мишкатул-масобеҳ» номли ҳадис китобидан маълумот олган эдик.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратлари ҳақида гапириб, «У Зот икки кўзёш каналларини ҳам масҳ қилиб қўяр эдилар», деганлар.
Ўшанда илмга чанқоқ, ҳамма нарсани билаверишга қизиқадиган, изланувчан олтин давримиз... Бу ҳадиси шарифнинг моҳияти, кўзнинг бурун томон қисми – кўзёш чиқадган қисмининг массажи нима учун лозим экан, деб ўйланиб, тиббий томондан маълумот қидирдик. Маълум бўлишича, сув билан ҳар тонгда кўзнинг ўша қисми силанганда, унинг кўриши, фаолияти яхшиланади, ухлаганда чиққан кирликдан тозаланади ва таҳорат мукаммал бўлар экан.
Абу Ҳайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётганини кўрдим. Икки кафтини ошиғигача ювди, уч мартадан мазмаза ва истиншоқ қилди. Уч марта юзини, тирсакларини ювди. Бошига бир марта масҳ тортди, икки оёғининг тўпиқлари билан ювди. Кейин ўрнидан туриб, ортган таҳорат сувини турган ҳолатда ичди-да, кейин бизга: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай покланишларини кўрсатишни хоҳладим», деди» (Имом Термизий ривояти).
Бу ишлар баъзилар қилиб, аксар одамлар унутган, китобларда ёзилмайдиган суннатлардир. Гўдаклик чоғларимиз катттаойимиз, оналаримиз шундай қилар эдилар. Аммо бизга таъкидламаганлари, фиқҳ китобларида кўрмаганимиз сабаб беэътибор бўлиб кетган эдик. Бу ҳақида ўша мўътабар «Мишкатул-масобеҳ» китобидан ўқиб, баҳоли қудрат амал қилиб юрибмиз...
Буларни мана шу тадбир-танлов шарофати билан азиз мухлисаларга илинишга насиб этган Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин.
Зебуннисо НАЖМИДДИНОВА