Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Ҳазратларининг китоблари асосида
Ғиёсиддин тайёрлади
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК – 3
ИСТИҒФОР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аслида, бугунги суҳбатимиз тавба ҳақидаги олдинги суҳбатимизнинг узвий давомидир. Тавба ҳақида уламоларимизнинг сўзларини келтирганимизда ҳақиқий тавба қилган киши қилган гуноҳларини кечирилиши учун Аллоҳ таолога истиғфор ҳам айтиши лозимлиги айтилган эди. Шундай бўлса ҳам бугун истиғфор ҳақида яна бир тўхталишимиз гуноҳлардан покланиш учун бу амални нечоғлик муҳимлигига урғу бериш учундир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Нуҳ» сурасида Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмларига даъватларини баён қилиб марҳамат қилади:
فَقُلْتُ ٱسْتَغْفِرُواْ رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّاراً
Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим.
10 - оят.
Яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг муборак Каломида марҳамат қилади:
وَاسْتَغْفِرِ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا ﴿﴾١٠٦
Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Нисо сураси, 106-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деб айтганларини эшитдим».
Имом Бухорий ривоятлари.
Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни гуноҳ қилишликдан асраб қўйган, шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтаман», демоқдалар, бошқа бир ривоятда юз марта дейилган. Аллоҳ таоло фаразан гуноҳлари бўлса ҳам, аввалгию охиргисини кечириб қўйган Зот бир кунда етмиш ёки юз марта истиғфор айтган бўлсалар, биз гуноҳкор бандалар бир кунда неча марта истиғфор айтишни ўйлаб кўраверайлик.
Шунингдек, истиғфор айтишлик учун гуноҳ қилишлик шарт эмас экан. Яъни биз:«Истиғфор айтадиган иш қилмадим-ку?!» деб ўйламай, истиғфор айтаверишимиз керак экан.
Ўтган азизларимиз ҳам истиғфор айтишга тарғиб қилиб келганлар: «Нажот кемаси бўла туриб чўкиб кетгандан ажабланаман» дедилар Суфён Саврий.
«У нима эди?» – деб сўраганларида,
«Истиғфор» – дедилар.
Уламолар ҳар бир гуноҳдан сўнг истиғфор айтиш вожибдир, дейдилар. Оддий ҳолларда эса доим истиғфор айтиб юришлик мустаҳаб амал ҳисобланади. Айниқса, саҳар вақтида истиғфор айтишлик жуда яхшидир. Аллоҳ таоло Каломида жаннатий мўминларнинг сифатларидан бир нечтасини келтириб, жумладан қуйидагини айтади:
وَبِٱلأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ ﴿١٨﴾
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
(«Зарият» сураси, 18-оят)
Ҳадиси шарифда ҳам кечанинг учдан бири қолганда истиғфор айтишга тарғиб қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечанинг охирги учдан бири қолганида Раббимиз дунё осмонига тушиб: «Ким Менга дуо қилади, ижобат этаман, ким Мендан сўрайди, сўраганини бераман, ким Менга истиғфор айтади, гуноҳларини кечираман», дейди», дедилар.
Имом Бухорий ривоятлари.
Аслида, кишининг гуноҳи кечирилиши унинг учун битмас-тугамас неъматдир. Лекин истиғфор айтиш бу неъмат ила бирга яна бир қанча фойда ва самаралар келтиради. Улар ҳақида Қуръон ва ҳадисда, салафи солиҳларнинг сўзларида марҳамат қилинган бўлиб, биз шулар асосида уламолар санаб ўтган баъзи фойдаларни келтирамиз:
Давоми бор.....