Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳижоб нима учун ўралади?
Фарзандим бетоблиги сабаб уни шифокорга кўрсатиш мақсадида поликлиникага бордим. Аммо одам кўплиги боис кутишга тўғри келди. Ўриндиққа ўтириб, атрофга назар солдим. Ёнимда 2 ёшлар атрофидаги боласини олдига ўтқизиб олган жувонга кўзим тушди. Бехосдан жилмайдим. Сабаби у аёл шариатимиз буюрганидек чиройли кийиниб олганди. Ўзимга ўхшаган шерик топилиб қолганидан хурсанд бўлдим, саломдан сўнг гап бошладим. Суҳбатдан унинг орқа маҳалламизда яшаши маълум бўлди.
Одатда, ҳар бир муслима бошқа муслималарни кўрганида худди аввалдан танигандек ёки ўз опа-синглисидек муомалада бўлади, дарҳол иймонлашишга киришади ё фарзанд тарбиясида қандай усуллардан фойдаланаётгани ҳақидаги мавзуларга ўтади. Мен ҳам бу жувонга кўнглимни очиб, унга яқин бўлгим келар, аммо у ўзини мендан олиб қочаётган эди. Қисқаси, унинг суҳбатлашгиси йўқ эди.
Шунда «Рўмолингиз чиройли экан!» деб кўнглини кўтармоқчи бўлдим (балки қалбига йўл топмоқчи бўлгандирман). Аммо унинг жавоби мени ниҳоятда ҳайратда қолдирди:
– Ўлсин шу рўмол! Агар эрим ажрашаман, демаганида аллақачон ечиб отворардим ва «лямка»ларда юрардим…
Бу гапдан анграйганимча қолдим ва нима дейишни билмай:
– Сиз Аллоҳ буюргани учун ўранмаганмисиз?! – дея олдим, холос.
У бўлса:
– Эрим «ўра» дегани учун ўраб юрибман, шахсан ўзим сира ҳам хоҳламайман! – деди яна.
Довдираб қолганимдан навбат келиб қолганини ҳам сезмай қолибман…
* * *
Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлиб тураркан. Бир кун қора қозон қайнаса, яна бошқа кун қаердан нон топишни билмай, бош қотиши мусулмон банда учун синов тариқасида берилар экан.
Иш қидириб юриб, бир бой аёл ўз данғиллама уйини тозалаш учун ишончли одам излаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Унинг телефон рақамини топиб, қўнғироқ қилдим ва учрашишга келишиб олдик.
Аёл мени катта кўчадан ўз машинасида олиб кириб кетди (улов қимматбаҳо бўлиб, охирги русумли эди). Унинг муслима аёллардек кийинганини кўриб, рости, ичимдан қувониб кетдим.
Биринчи кунданоқ иш бошладим. Тушлик маҳали у дугоналари билан учрашуви борлигини айтиб, машинасини ҳайдаганча чиқиб кетди. Лекин кийиниши озгина ўзгарганди, яъни рўмолини орқадан ўраган эди.
Ҳайратланиб турдим-да, ўз ишимда давом этдим.
Уч-тўрт ой давомида кунора келиб ишлаб юрдим. Ҳар гал у эри олдида ўраниб, турмуш ўртоғи ишга кетгач, бошқача кийиниб оларди. Уйга ким чақириб келса ҳам (газчими, сувчими – ким бўлмасин, айниқса, эркаклар олдига), рўмолини ўрамай чиқаверарди, модомики, дарвоза тагидаги кимсани ичкаридаги экранлардан бемалол кўриш мумкин эди.
Кейинчалик менга бу ишни тавсия қилган, уни ҳам, мени ҳам танийдиган дугонам билан кўришиб қолдим, унга иш топиб бергани учун раҳматлар айтдим. Аммо гап орасида бу бой аёлнинг рўмолига беэътиборлиги ҳақида гап кетиб қолди (илтимос, ғийбатга йўйманг), дугонам: «Асло ҳайратланманг. У эри машина олиб бергани учун ўранган», деркан, баттар ҳайратим ошди.
Тавба, шунақасиям бўларкан-да, дея ўйладим-у, индамай кетдим. Машина учун рўмол ўраган бу аёлга, афсуски, бирон нарса деёлмадим. Лекин ўшандан кейин унинг уйига бормай қўйдим.
Фурсатдан фойдаланиб, бундай хотин-қизларга савол билан мурожаат қилмоқчиман: ўранишдан мақсадингиз нима?
Айтинг-чи, муслима рўмолни ким ва нима учун ўраши керак?!
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,
журналист