Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазий – жинсий аъзодан чиқадиган оқ рангдаги ўта майин суюқлик бўлиб, у одатда жинсий яқинлик ёки шунга яқин ҳаракат бўлганда чиқади.
Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Биздан бирларимизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандоқ қилиш керак?»деди.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ишқайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар».
Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинаётган бу ҳадисда мусулмон аёлларининг Ислом ҳукмларини ўрганиш борасидаги ҳаракатларидан бир намуна ҳикоя қилинмоқда.
Маълумки, Асмо розияллоҳу анҳо Оиша онамизнинг опалари, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнэгачилари эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларида бошқа аёллардан кўра кўпроқ бўлиб туришлари табиий бир ҳол. Асмо розияллоҳу анҳо ана шундоқ кунлардан бирида ўзлари шоҳид бўлган бир ҳодисани қуйидагича ҳикоя қиладилар:
«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Биздан бирларимизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандоқ қилиш керак?» деди».
Бу ўша давр учун оддий ҳол эди. Пайғамбаримиздан эркак ва аёллар турли-туман аҳкомларни сўрайверарди. Чунки у киши бор жойда бошқа кишидан сўрашга биров ботина олмас эди. Шу билан бирга, бу ҳукмлар янги баён қилинаётган пайтда уларни у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч ким яхши билмас ҳам эди.
Авваллари одамлар нажосат нима, поклик нима, ҳалол нима, ҳаром нима билмас, ундай нарсаларга эътибор ҳам бермас эдилар. Чунки уларга бундай нарсаларни сўраб-суриштиришни ҳеч ким, ҳеч қандай тузум таклиф қилмас эди.
Бунинг учун иймон керак, Ислом керак эди. Энди иймон ҳам келди, Ислом ҳам келди. Кечагина ҳалол-ҳаромни, пок-нопокни, нажас ва тозани ажратмай юрадиган одамлар ҳалолни истаб, ҳаромдан ҳазар қиладиган, покни хоҳлаб, нопокликдан жирканадиган, нажасдан четланиб, тозаликка интиладиган бўлиб қолдилар. Каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг шариатига мувофиқ келиши учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолди. Мана, улардан бир аёл Расули Акрамнинг олдиларига келиб, аёллар ҳайз кўрганларида қони кийимига тегса, нима қилиши кераклиги ҳақида сўрамоқда.
Бу аёл мазкур қоннинг нажаслигини билади. Кийимига тегса, кийим ҳам покликдан чиқишини билади. Муслима аёлнинг кийимлари доимо пок бўлиши зарурлигини ҳам англаб етган. Лекин ҳайз туфайли кийимига қон тегса, нима қилсин? Ўша кийимни ташлаб юборсинми? Ёки бутунлай ювсинми? Нима қилсин? Мўмина-муслима аёл кийими пок бўлишини истамоқда!
Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга бунинг энг осон йўлини кўрсатдилар. У Зоти бобаракот: «Уни ишқайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар.
Яъни ўша кийимига ҳайз қони теккан аёл ўша жойни қўли билан ишқайди, уни шу йўл билан кийимидан кетказишга уринади. Ундан қолганини эса сув қуйиб туриб, ишқаб кетказади. Охири эса ўша қон теккан жойини ювиб ташлайди, дедилар. То қон кетгунча шундай қилади. Сўнгра кийим пок бўлади, унда намоз ўқийвериши мумкин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аёл кишининг аёлларга хос масалаларни ўрганишга интилиши зарурлиги.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга хос саволларга ҳам жавоб берганлари.
3. Ҳайз қони нажосат эканлиги.
4. Нажосат сув билан кетиши.
5. Нажосатни кетгунча ювиш зарурлиги.
6. Ҳайз қони теккан кийимнинг қон теккан жойини тозалаб, намоз ўқиса жоизлиги.
7. Исломда энг осон йўл тутилиши.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
«Бир аъробий туриб бориб, масжидга сийди. Бас, одамлар уни зажр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:«Уни ўз ҳолига қўйинглар ва сийдиги устига бир челак сув қуйинглар. Албатта, сиз енгиллаштирувчи этиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи этиб эмас», дедилар».
«Аъробий» деб араб тилида саҳройи арабга айтилади. Улар саҳро шароитида таълим-тарбия кўрмай, шундоқлигича вояга етган. Шунинг учун гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари содда ва қўпол бўлиб, қишлоқ ва шаҳар одамларидан ажраб турган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадис жуда ҳам маълум ва машҳур ҳодисадан бир парча. Бу ҳодисани барча ҳадис имомлари турлича ва ҳар хил лафзлар билан ривоят қилганлар. Аслида воқеа қуйидагича бўлган эди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўлтирган эдилар, бир аъробий кириб келди. Икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: «Эй бор Худоё, мени ва Муҳаммадни раҳм қилгин. Биз билан бирга бошқани раҳм қилмагин», деб дуо қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, чеклашни кенгайтириб юбординг», дедилар. Кўп ўтмай, у туриб бориб, масжиднинг бир бурчагига сийди. Одамлар шошилиб, унга зуғум қила бошладилар.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар ва: «Уни ўз ҳолига қўйинглар ва сийдиги устига бир челак сув қуйинглар. Албатта, сиз енгиллаштирувчи этиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи этиб эмас», дедилар.
У Зот бир кишига амр қилган эдилар, у бир челак сув олиб келиб сийдикнинг устига қуйди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аъробийни чақирдилар ва унга:
«Албатта, масжидларда манави сийдик ва ифлос нарсалар дуруст эмас. Масжид фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун», дедилар.
Кишиларни тарбиялашдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари ва тадбирлари қанчалик экани шунга ўхшаш ҳолларда яққол намоён бўлади. Барча кишилар у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари керак.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Масжидда намоздан бошқа вақтда ҳам ўтириш жоизлиги.
2. Аъробийнинг тарбиясизлиги (қилган дуоси ва иши – далил).
3. Сийдикнинг нажас экани.
4. Ердаги сийдикнинг устига сув қуйиш билан ер тоза бўлиши. (Ўша вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ердан иборат бўлиб, ҳеч нарса тўшалмаган эди).
5. Илмсиз одам нотўғри ишни қилиб қўйса, бирдан унга қаттиқ танбеҳ бериш яхши эмаслиги.
6. Илмсиз кишига аста тушунтириш лозимлиги.
7. Ислом уммати ишларни енгиллаштирувчи экани.
8. Ислом уммати ишни қийинлаштирувчи эмаслиги.
9. Масжидларни нажас ва нопок нарсалардан холи тутишнинг вожиблиги.
10. Муҳтож кишига дарҳол амри-маъруф ва наҳий-мункар қилиш зарурлиги.
11. Саҳобаи киромларнинг мункар ишдан қайтаришга доимо тайёр эканлари.
12. Икки ёмон ишдан енгилини, икки яхши ишдан фойдаси кўпроғини олиш кераклиги.
(Масжидга сийиш ёмон иш. Аъробийни зажр қилиш ҳам ёмон иш. Аъробийга қўпол муомала қилиш унинг диндан чиқиши билан тугайди. Масжидга сийиш эса сийдик устига бир пақир сув қуйиш билан тугайди. Шунинг учун бу икки зарардан енгили ихтиёр қилинди. Масжидни покиза тутиш яхши, фойдали иш. Масжидга сийган аъробийни уриб, сўкмаслик ҳам фойдали иш. Лекин иккинчисининг фойдаси катта, аъробий Исломда қолади, тарбия топади. Шунинг учун иккинчиси танланди).
13. Қилинган нотўғри ишларни тезроқ бартараф этишга ҳаракат қилиш. Шунинг учун тезда сув олиб келиб, сийдик устига қуйилди.
Имом Абу Довуд ривоят қилган:
«Итлар масжидга кириб-чиқиб, сийиб юрар эди. Ўшанинг ҳеч бирига сув қуймас эдилар», деган ҳадисга биноан, ердаги нажосат ҳаво ва қуёш таъсири орқали қуриши билан ҳам ер тоза бўлади, дейилган.
Шунга эътиборан, ернинг пок бўлиши сув билан ва қуриш билан бўлади, дейилади.
Бу ҳадиси шарифдаги таълимотларга амал қилишга ҳозирги кунимизда эҳтиёжимиз кўп. Алҳамдулиллаҳ, масжидларни тоза тутиш борасида камчилик йўқ, десак хато бўлмас. Аммо масжидларда Аллоҳнинг зикрини, Қуръони карим қироатини кўпроқ қилишга эҳтиёжимиз бор. Айниқса, Ислом ахлоқ ва одобларидан узоқ кишиларни йўлга солишда сабр, мулойимлик ҳамда эринмай ваъз-насиҳат қилишни ўрганишимиз лозим. Ишларни енгиллаштирувчи бўлишимиз лозим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди» , дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мусулмон инсон нажас нарсалардан, ҳатто сийганида сачраши мумкин бўлган томчилардан ҳам ўзини жуда эҳтиёт қилиши зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан кетаётиб, иккита қабр ёнидан ўтдилар ва ҳаммага эшиттириб дедилар: «Албатта, икковлари азобланмоқдалар».
Яъни ушбу икки қабрда ётган икки одам азобланмоқда.
«Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар». Яъни икковларининг қабрда азобланишига сабаб бўлган нарса одамлар назарида катта нарса эмас. Одамлар унга эътибор бермай, одатланиб қолганлиги сабабидан азобланмоқдалар.
«Улардан бири сийдигидан сақланмас эди». Яъни сийганда ўзига сачраса, сийиб бўлгандан кейин сийдикдан қолса, эътибор бермай кетаверар эди. Қолган сийдик баданига ёки кийимига томадими, эътибори йўқ эди.
«Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди». Яъни одамларнинг гапини бир-бирига ташиб, ораларида низо чиқишига сабаб бўлар эди.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, мазкур икки нарса одамлар назарида арзимас нарсага ўхшайди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳузурида булар жуда ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу икки ишга мубтало бўлган икки киши қабрда азоб чекмоқда.
«Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар».
Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтиб бўлганларидан сўнг хурмо дарахтининг ҳўл шохини олиб, иккига бўлиб, қабрларга биттадан суқиб қўйдилар. Бу ишни кўриб турган саҳобалар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби ишларни бир ҳикмат ила қилишларини яхши билишар эди. Қабрнинг устига хўл шохни суқиб қўйиш биринчи марта бўлаётганидан бу иш нима ҳикмат юзасидан қилинганини тушуна олмай сўрашди.
«У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар.
Яъни шоядки, ушбу ҳўл шохлар қуригунча икки қабрдаги азобланаётган икки бандадан азоб енгиллаштирилса, деб айтдилар.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрда бўлаётган нарсани ҳам билишлари.
2. Қабр азобининг ҳақлиги.
3. Сийдикнинг нажас эканлиги.
4. Чақимчиликнинг ҳаромлиги.
5. Сийдикдан тўла тозаланмаслик каби гуноҳларга ҳам ўлимдан кейин азоб бўлиши.
6. Баъзи уламолар бу ҳадисни далил қилиб, қабрда хўл ўсимлик турса, тасбеҳ айтиб туради, қабр эгасига фойдаси етади, деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилишларича, саҳобалардан Бурайда ибн ал-Ҳусойн қабрларига хурмонинг иккита хўл шохини қўйишни васият қилган эканлар.
7. Баъзи уламолар яна шу ҳадисни далил қилиб: «Қабр устида Қуръон тиловати мустаҳабдир, чунки ҳўл шохнинг тасбеҳи туфайли азоб енгиллашганда, Қуръон қироати ила енгиллашмайдими!» деганлар.
8. Баданга ва кийимга теккан нажосатни дарҳол кетказиш лозимлиги.
9. Ўлганларнинг азоби тирикларнинг амали ила бир оз енгиллашиши мумкинлиги.
Бу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз зарур. Қазои ҳожат вақтида эҳтиётлик билан пухта тозаланиш лозим. Чақимчиликдан ҳазар қилиш керак. Қабр азобини ўйлайлик, доимо пок бўлишга ҳаракат қилайлик!
Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола у Зотнинг кийимларига сийиб юборди. Бас, у Зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».
Бошқа бир ривоятда: «Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.
Юқоридаги тўрт ҳадисни Бешовлари ривоят қилишган.
Аввало, ҳадиснинг ровияси Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо билан танишиб олайлик.
У киши машҳур саҳобий Укоша ибн Миҳсон розияллоҳу анҳунинг сингиллари бўладилар. Умму Қайс куниялари бўлиб, исмлари Омина. Қадимда Исломга кирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг аввал байъат қилган саҳобиялардан.
У киши Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлик шарафига ҳам эгалар. Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо узоқ умр кўрганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида у кишидан йигирма тўртта ҳадис ривоят қилинган.
Ушбу ҳадиси шарифни ўрганар эканмиз, кичкина ўғил бола кийимга сийиб қўйса, нима қилиш кераклиги билан бирга, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозелик, меҳрибонлик, одамохунлик каби юксак инсоний фазилатларга эга эканликларига гувоҳ ҳам бўламиз.
Мадиналик мусулмонлар ўзларининг гўдак болаларини доимо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни қўлларига олар, ўпиб-эркалар, танглайларини кўтарар ва ҳақларига дуо қилар эдилар.
Кунлардан бир куни Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо «ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди».
Яъни гўдак онасини эмар эди-ю, ўзи таом ейиш даражасига етмаган эди. Бу васфни зикр қилишдан мақсад, ҳукмнинг қандоқ бўлишига таъсир қилади. Чунки фақат сут эмаётган ўғил бола билан таом ейдиган ўғил бола орасида фарқ бор. Уларга боғлиқ ҳукм икки хил бўлади.
«У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар».
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги болани қучоқларига олиб ўтирдилар. «Бола у Зотнинг кийимларига сийиб юборди».
Ёш болаларнинг одати – шу. Умму Қайснинг ўғилчаси ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ҳўл қилиб қўйди.
«Бас, у Зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув олиб келишларини сўрадилар ва сувни олиб бола сийган жойга сепдилар. У жойни ювиб, сўнгра сиқиб ташламадилар. «Бошқа бир ривоятда: «Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.
Яъни боланинг сийдиги теккан жойга сув қуйиб қўйганлар, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Эмизикли ўғил боланинг сийган жойига сув қуйиш мумкинлиги. 2. Эмизикли бўлмаган боланинг сийдиги нажаслиги (баъзи уламолар, нажас эмас деганлар). 3. Кичик болаларга шафқатли ва меҳрибон бўлиш кераклиги. (Бу ишда мўмин-мусулмонларга сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш гўдакларни қучоқларига олар, лутф кўрсатар, ўпиб-эркалатар, ҳатто гўдаклардан баъзилари кийимларига сийиб юборса ҳам, аччиқланмас эдилар).
4. Ёш гўдакларни тақводор, аҳли фазл ва солиҳ кишиларга олиб бориб, дуоларини олиш яхши эканлиги.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир эмизикли гўдак келтирилди. У шу он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига сийиб қўйди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сув чақириб, унинг устидан қуйдилар», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Оиша онамиздан қилинаётган бу ривоят олдинги ҳадисга ўхшаб кетади. Ораларидаги нозик фарқ биринчи ҳадисда «сепдилар» дейилган бўлса, иккинчисида «қуйдилар» дейилмоқда. Албатта, сепиш билан қуйишнинг орасида фарқ бор. Қуйиш умумийроқ бўлиб, ювишга яқиндир.
Лубоба бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди. Мен:
«Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиз боланинг сийдигидан ювилади, холос, ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилса бўлди», дедилар.
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди» , дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда мусулмон инсон нажас нарсалардан, ҳатто сийганида сачраши мумкин бўлган томчилардан ҳам ўзини жуда эҳтиёт қилиши зарурлиги ҳақида сўз бормоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан кетаётиб, иккита қабр ёнидан ўтдилар ва ҳаммага эшиттириб дедилар:
«Албатта, икковлари азобланмоқдалар».
Яъни ушбу икки қабрда ётган икки одам азобланмоқда.
«Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар».
Яъни икковларининг қабрда азобланишига сабаб бўлган нарса одамлар назарида катта нарса эмас. Одамлар унга эътибор бермай одатланиб қолганлиги сабабидан азобланмоқдалар.
«Улардан бири сийдигидан сақланмас эди».
Яъни сийганда ўзига сачраса, сийиб бўлгандан кейин сийдикдан қолса, эътибор бермай кетаверар эди. Қолган сийдик баданига ёки кийимига томадими, эътибори йўқ эди.
«Бошқаси бўлса чақимчилик қилиб юрар эди».
Яъни одамларнинг гапини бир-бирига ташиб, ораларида низо чиқишига сабаб бўлар эди.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, мазкур икки нарса одамлар назарида арзимас нарсага ўхшайди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳузурида булар жуда ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу икки ишга мубтало бўлган икки киши қабрда азоб чекмоқда.
«Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар».
Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтиб бўлганларидан сўнг хурмо дарахтининг ҳўл шохини олиб, иккига бўлиб, қабрларга биттадан суқиб қўйдилар. Бу ишни кўриб турган саҳобалар:«Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби ишларни бир ҳикмат ила қилишларини яхши билишар эди. Қабрнинг устига хўл шохни суқиб қўйиш биринчи марта бўлаётганидан бу иш нима ҳикмат юзасидан қилинганини тушуна олмай сўрашди.
«У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар.
Яъни, шоядки, ушбу ҳўл шохлар қуригунча икки қабрдаги азобланаётган икки бандадан азоб енгиллаштирилса, деб айтдилар.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрда бўлаётган нарсани ҳам билишлари.
2. Қабр азобининг ҳақлиги.
3. Сийдикнинг нажас эканлиги.
4. Чақимчиликнинг ҳаромлиги.
5. Сийдикдан тўла тозаланмаслик каби гуноҳларга ҳам ўлимдан кейин азоб бўлиши.
6. Баъзи уламолар бу ҳадисни далил қилиб, қабрда хўл ўсимлик турса, тасбеҳ айтиб туради, қабр эгасига фойдаси етади, деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилишларича, саҳобалардан Бурайда ибн ал-Ҳусойн қабрларига хурмонинг иккита хўл шохини қўйишни васият қилган эканлар.
7. Баъзи уламолар яна шу ҳадисни далил қилиб: «Қабр устида Қуръон тиловати мустаҳабдир, чунки ҳўл шохнинг тасбеҳи туфайли азоб енгиллашганда, Қуръон қироати ила енгиллашмайдими!» деганлар.
8. Баданга ва кийимга теккан нажосатни дарҳол кетказиш лозимлиги.
9. Ўлганларнинг азоби тирикларнинг амали ила бир оз енгиллашиши мумкинлиги. Бу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз зарур. Қазои ҳожат вақтида эҳтиётлик билан пухта тозаланиш лозим. Чақимчиликдан ҳазар қилиш керак. Қабр азобини ўйлайлик, доимо пок бўлишга ҳаракат қилайлик!
Лубоба бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди. Мен:
«Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиз боланинг сийдигидан ювилади холос, ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилса бўлди», дедилар.
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокларида шоҳид бўлган бир ҳодисани ривоят қилмоқдалар:
«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди».
Бу ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳроларнинг ўғиллари, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Имом Ҳусайндир. Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг жажжи набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларни жуда яхши кўрар эдилар. Уларни масжидга ҳам олиб чиқар, ўтирганларида эркалатиб қучоқларида олиб ўлтирар эдилар. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўша ҳолатлардан бирини ривоят қилмоқда.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қучоқларида набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни олиб ўлтирар эдилар.
«Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди».
Яъни, кичик Ҳусайн бобоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида туриб, у зотнинг устларига сийиб юборди.
«Мен: «Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим».
Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг бу гапларидан у кишининг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган олий даражадаги ҳурматлари кўриниб турибди. Изор тананинг пастки тарафига кийиладиган кийим. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо сийдик нажаслигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг сийдиги теккан кийимлари – изорларини ювиш лозим бўлди, деб тушунган эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лубоба розияллоҳу анҳонинг тахминлари нотўғри эканини баён қилдилар.
«У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиз боланинг сийдигидан ювилади, холос, ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилса бўлди», дедилар».
Бу фарқнинг сабабини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар:
Ўғил ва қиз болаларнинг жисмоний тузилишларидаги фарқлар туфайли уларнинг сийдиклари ҳам фарқли бўлади. Шунингдек, сийдик чиқариш аъзоларидаги фарқ туфайли ўғил боланинг сийдиги сиқилиб чиқади, қиз боланики эса ундай бўлмайди.
Уламоларимиз, қиз боланинг сийдиги ювилишига сабаб, унинг сийдиги қуюқ бўлиб, теккан жойига ёпишиб қолади, ўғил боланики эса ундоқ эмас, дейдилар.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мазийдан қийинчиликка учрар эдим. Унинг сабабидан кўп ғусл қилар эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадим.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У нарсадан таҳорат қилсанг сен учун етарли», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ундан кийимимга теккани қандоқ бўлади?» дедим.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кафтингга сув олиб туриб, кийимингнинг у теккан жойига сепсанг, кифоя қилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳам мазий туфайли ўз бошларидан ўтган тажрибани сўзлаб бермоқдалар. У кишидан мазий кўп келар экан. Шу билан бирга, мазий келса, ғусл вожиб бўлади, деган тушунча бор экан. Ҳадеб ғусл қилавериб, қийналиб кетибдилар. Охири бориб, бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрабдилар, шунда: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У нарсадан таҳорат қилсанг, сен учун етарли», дедилар».
Шунда Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу шу масалага боғлиқ яна бир саволни сўрадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ундан кийимимга теккани қандоқ бўлади?» дедилар. Бу саволга жавобан: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кафтингга сув олиб туриб, кийимингнинг у теккан жойига сепсанг, кифоя қилади», дедилар». Яъни мазий кийимингга текканини кўрсанг, ўша теккан жойига устидан сув қуйиб ювсанг бўлди, деганлари эди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қиладиган жойга келдилар ва менга учта тош олиб келишимни амр қилдилар. Бас, мен иккита тош топдим ва учинчисини ахтариб топа олмадим. Сўнгра бир тезак олиб, уни у Зотга келтирдим. Бас, у Зот икки тошни олдилар ва тезакни отиб юбордилар ва: «Бу –чиқинди», дедилар».
Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилишган. Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадисда инсон қазои ҳожат қилганидан кейин баданига теккан нажосатдан қандоқ тозаланиши ҳақида сўз бормоқда. Шунинг учун ҳам бу ҳадис қон, сийдик, мазий ва бошқаларни поклаш бобида келтирилмоқда.
Бу ҳадиси шариф ва кейинги бобларда келадиган ҳадислар Ислом дини инсон ҳаётидаги ҳамма масалаларни, ҳатто энг кичик ва нозик нарсаларни ҳам қўймай мукаммал баён қилиб берганига ёрқин далилдир. Бунда инсон қазои ҳожат қилганда нима қилиши, ўзини қандоқ тутиши, қандоқ қилиб тозаланишини ҳам тушунтириб берилишини кўрамиз. Шу билан бирга, бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳеч бир аниқ бўлмаган нуқта йўқлиги ҳам кўринмоқда. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳатто халодаги ҳолатлари, қилган ишлари ҳам тўлалигича ўрганилган.
Мана, у Зотнинг саҳобаларидан бирлари ўз иштирокларида бўлиб ўтган бир ишни ҳикоя қилмоқдалар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қилмоқчи бўлиб жой танлабдилар. У Зот алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан учта тош келтиришни сўрабдилар. У киши иккита тошни топиб, учинчисини топа олмабдилар ва бу ҳам бўлаверса керак, деб ўрнига эшакнинг тезагини олиб келибдилар (баъзи ривоятларда тезак эшакники экани айтилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олибдилар, тезакни эса ташлаб юбориб:
«Бу – чиқинди», дебдилар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Қазои ҳожат учун ўнғай жой топиш зарурлиги.
2. Қазои ҳожатга тайёрланаётиб, ўзга кишидан тош олиб келиш ва шунга ўхшаш ишларда ёрдам сўраш мумкинлиги.
3. Қазои ҳожатдан кейин тозаланишда тошни ишлатиш мумкинлиги.
4. Ҳайвон чиқиндиси ила тозаланиб бўлмаслиги.
5. Ҳайвонларнинг чиқиндиси нажас эканлиги.
Бунга ўхшаш масалалар «хало одоблари» бобида батафсил ўрганилади. Ҳозирги бобимизга тегишлиси эса тош билан бадандаги нажосатни кетказиш мумкинлигини билишдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши:
«Мен жунублик асарини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан ювиб қўяр эдим. У Зот намозга кийимларидаги сувнинг ҳўли билан чиқар эдилар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Оиша онамиз жунубликнинг асарини, дейишлари, манийнинг асари, деганлари. Чунки инсондан маний чиққанда жунуб бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Кийимга маний тегса, ювиб қўйиш зарурлиги. 2. Аёл киши эрининг кийим-бошларини ювиб, тузатиб бориши кераклиги. 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозе эканлари. 4. Кийимнинг ҳўли билан намозга чиқиш мумкинлиги. 5. Маний нажосат экани. Яна ўша кишидан ривоят қилинади, у киши: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан манийни яхшилаб уқалаб ташлар эдим. У Зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ҳадисда маний кийимда қуриб қолса, уни уқалаб ташлаш билан кийим тоза бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Имом Аҳмад ва Имом Шофеъийлар бу ҳадисга асосланиб, маний нажас эмас, деганлар.
Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёғга тушган сичқон ҳақида сўралди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ва атрофидаги (ёғ)ни олиб ташланг-да, ёғингизни еяверинг», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Вақтики, сичқон ёғга тушса, агар у қотган бўлса, у(сичқон)ни ва атрофидаги (ёғ)ни олиб ташланг. Агар у суюқ бўлса, бас, унга яқинлашманг», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган ҳукм ҳадиснинг ўзида очиқ-ойдин айтилмоқда:
1. Агар сичқон қаттиқ ёғга тушса, сичқоннинг ўзи ва ёғдан у теккан жой атрофи билан олиб ташланади. Қолган ёғни еса бўлаверади.
2. Агар сичқон суюқ ёғга тушса, ҳаммасини ҳаром қилади. У ёғни емоқ учун яқин келиб ҳам бўлмайди. Сичқонга бошқа унга ўхшаш ҳайвонлар ҳам қиёс қилинади. Шунингдек, ёғга бошқа унга ўхшаш асал, сув каби нарсалар ҳам қиёс қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг ҳаммасини суюқликка ботирсин, сўнгра ташлаб юборсин. Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Абу Довуд ҳам ривоят қилиб: «Ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила сақланади», жумласини зиёда келтирган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига идишимиздаги суюқликка пашша тушиб қолса, қандоқ тасарруф қилишимиз ҳақида маслаҳат бермоқдалар.
Бу маслаҳатга биноан, идишдаги суюқликка тушган пашшанинг суюқликка тушмай қолган томонини ҳам ботириб туриб, сўнгра олиб ташлаш керак экан.
Бу сиртдан қараганда ғаройиб туюлади. Пашша ва унга ўхшаш ҳашаротлар таомга тушганда иложи борича уни ўша нарсага кам теккизишга ҳаракат қилиш мантиққа тўғрига ўхшайди.
Бу ҳадис билан танишувчи ҳар бир инсонда шу каби фикр пайдо бўлишини эътиборга олган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни нима учун айтганларини шарҳлаб:
«Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар». Имом Абу Довуд келтирган ривоятда эса:
«Албатта, у(пашша) дард бор қаноти ила сақланади» деб, пашша бирор суюқликка тушиб, хатарга йўлиққанда ўзини сақлаш учун дард бор қанотини хатар томонга тўғрилашини баён қилдилар.
Демак, ҳар бир пашша таомга тушганда, албатта, зарарли қаноти ила тушар экан. Мазкур зарарни даф қилиш учун унинг шифоли қанотини ҳам таомга ботириш керак экан.
Бу ҳадиси шарифга нисбатан одамларнинг муносабати тарих давомида ўзгариб келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича бу ҳадиси шарифни эшитишлари билан дарҳол, эшитдик ва бўйсундик, деб амал қилиб кетаверишган.
Кейинчалик ҳадиси шарифларни чуқур ўрганган ва улардан турли ҳукмларни чиқарган уламоларимиз эса, бировнинг идишига пашша тушиб қолса, уни аввал ботириб, кейин олиб ташлаши керак, деб айтганлар ва ёзганлар.
Ундан сўнг асрлар ўтиб, баъзи бир чала олимлар пайдо бўлиб, пашшани таом ёки ичимликка ботириб олиш илмга тўғри келмайди, пашшада турли микроблар бўлади, у суюқликка қанча кўп ботса, микроблари шунчалик кўп тўкилади, деб бонг урдилар. Бу фикрни баъзилар Исломни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қолоқликда, жоҳилликда айблаш учун ишлатдилар.
Баъзи бир Исломни ўзича «ҳимоя» қилмоқчи бўлганлар эса, ҳадисни тўғри эмас, заиф ҳадис, деб эълон қилишга шошилдилар.
Лекин илм ривожланиши билан ҳамма нарса ўз ўрнига тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳил эмас, олим эканлар. Олим бўлганларида ҳам мўъжиза гапларни айтадиган олим эканлар. Бу ҳадиси шариф саҳиҳ экан. Саҳиҳ бўлганда ҳам Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадис экан.
Турли ҳашаротларнинг, жумладан, пашшанинг ҳам тузилиши, таркиблари чуқур ўрганилди. Уларнинг баъзиларида ҳам дард, ҳам шифо мавжудлиги аниқ бўлди. Ўшаларнинг дард бор жойи инсонга тегса ачишиб оғриши, қичиши, қизариб ёки кўкариб шишиб чиқиши, ҳасосияга ва бошқа каттароқ офатларга ҳам сабаб бўлиши аниқланди. Шу билан бирга, ўша ҳашаротлар ўзлари билан турли касалликларнинг микробларини ташишлари ҳам равшан бўлди. Яна ўша зарари бор ҳашаротларнинг баъзиларида шифо-фойдали хусусиятлар ҳам борлиги аён бўлди. Мисол учун, асалари ҳам чақади, ҳам асал беради. Энг қизиғи, ҳамма ҳашаротларда ҳам ўзини ҳимоя қилиш сезгиси, воситаси бор экан. Улар ўзи учун хавф-хатарни сезганда ўша воситани ишга солар эканлар. Шунинг учун ҳам турли ҳашаротни билмай босиб олсак, дарҳол чақиб олар экан. Бу туйғу уларда табиий бўлиб, хавф-хатар пайдо бўлганда ўз-ўзидан ишга тушар экан.
Ҳайвонот оламини яхши ўрганган олимларнинг таъкидлашларича, бу ҳадисда пашша ҳақида келган гап ҳақ экан. Пашшада заҳарлаш қуввати бор экан. Агар пашша бирор жойга қулайдиган бўлса, ўзини ҳимоялашга уриниб, заҳарли қаноти ила қулар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зарарини кесиш мақсадида, иккинчи шифоли қанотини ботириб олишга маслаҳат берган эканлар.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳадисда пашшани ботириб олиб ташлаш айтилган, холос. У тушган ичимлик ёки таомни тановул қилиш амр қилинмаган. Кўнгли тортган танаввул қилсин, кўнгли тортмаган қилмасин. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пашшанинг зарарини қандоқ қилиб йўқотиш ва ҳалол нарсани зое қилмаслик маслаҳатини берганлар, холос. Бу нарсани яхшилаб тушуниб олмоқ зарур. Мўмин-мусулмон киши бундоқ саҳиҳ ҳадис ила собит бўлган нарсага эътироз қилмаслиги керак. Агар у бунга ўхшаш нарсаларни тўғри тушуниб етса, жуда яхши. Агар тушуна олмаса, мен тушуна олмаяпман, илмим етмаяпти, деб одоб сақлаши зарур. Дарҳол эътироз билдиришга шошилмаслиги зарур. Чунки мазкур нарсани у билмаса, бошқалар билади, бугун билинмаса, эртага ёки юз йил, минг йил ўтгандан кейин билинади. Кўпгина оят ва ҳадисларнинг сир-асрорлари асрлар ўтиб, илм ривожланиши ила кашф бўлмоқда.
Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол ила келиб:
«Мен этагимни узун қилиб, нопок жойларда юрадиган аёлман», деди. Умму Салама:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у (этак)ни кейин келган (ер) поклайди», деганлар», деди».
Абу Довуд, Молик ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳадисдан кўриб турибмизки:
«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол ила келиб: «Мен этагимни узун қилиб, нопок жойларда юрадиган аёлман», деди».
Ушбу аёлнинг исмлари Ҳамида бўлиб, Иброҳим ибн Абдурраҳмон ибн Авфнинг ундан фарзанд кўргани учун озод қилган чўриси эди.
Маълумки, Исломда аёл кишининг узун этакли кийими матлуб. Шу билан бирга, ўша узун этакларини ифлос қилмасликлари ҳам матлуб. Аммо баъзи ҳолларда Ҳамида розияллоҳу анҳога ўхшаб хизмат юзасидан ёки бошқа сабаблардан нопок жойлардан ҳам ўтишлари мумкин. Ана шунда кийимлари нопок бўлса, нима қилишлари керак? Ҳамида розияллоҳу анҳонинг Умму Салама онамизга айтган сўзлари ана шу маънода эди. У киши эса бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислари ила жавоб қилдилар: «Умму Салама: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у (этак)ни кейин келган (ер) поклайди», деганлар», деди.
Яъни узунлиги сабабли ердаги нопокликларга теккан этакни кейин келган пок ер тозалайди, деган эканлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Аёл кишиларнинг олима аёллардан исломий ҳукмларни ўрганишлари лозимлиги. 2. Муслима аёлларнинг узун этакли кўйлак кийишлари матлублиги. 3. Этаги ерга тегадиган кўйлак билан нопок жойлардан кейин пок жойдан ўтса, пок бўлиб қолиши (албатта, маълум нажосат бўлмаса). Уламоларимиз бу ҳукм фақат аёлларга хос, деганлар. Эркакларга тааллуқи йўқ, чунки эркаклар ерга тегмайдиган кийим кийишлари керак.
Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандоқ қиламиз?» деди. У Зот: «Ўшандан кейин ундан покроқ йўл йўқми?» дедилар. Мен: «Бор», дедим. У Зот: «Ана ўша, буниси билан суришиб кетади», дедилар».
Бу ҳадисда мусулмонларнинг, хусусан, муслима аёлларнинг покликка қанчалар эътибор беришларини кўрмоқдамиз. Улар бундан ўн тўрт аср олдин ҳам ҳатто ёмғир ёққанда кўчада кийимларига сачраши мумкин бўлган лойдан ҳам эҳтиёт бўлишга уринганлар.
Бани Абдул Ашҳал қабиласига мансуб бир саҳобия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандоқ қиламиз?» деди». Демак, ўша сўрагувчи аёлнинг уйидан масжидгача бўлган йўл тоза эмас, агар ёмғир ёғиб қолса, юриш қийинлашиб, йўлда кийимларга нопоклик аралаш лой-сув сачраши мумкин экан.
Шундай ҳолат содир бўлса, мусулмон кишининг кийими нима бўлади? Ундоқ кийимни ювиш керакми? Ёки бошқа йўл борми? Бу саволга жавоб беришдан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берган аёлнинг ўзига: «Ўшандан кейин ундан покроқ йўл йўқми?» дедилар. Яъни ўша сассиқ-нопок йўлдан кейин ундан кўра тозароқ йўл йўқми?, дедилар. У аёл: «Бор», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана ўша буниси билан суришиб кетади», дедилар. Яъни ифлос йўлда теккан нопок нарсалар тоза йўлдаги пок ерга тегиб, покланиб қолади.
Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, кўчанинг лойи кийимга сачраса, узрли, фақат айнан нажас нарса тегмаса бўлди, деганлар.
Бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлдан теккан нарса учун таҳорат қилмасдик, деганлар.
Бу ҳам Ислом дини енгиллик тарафдори эканлигининг далилидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз кавуши ила нопок нарсани босса, тупроқ унинг покловчисидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Қачонки, икки маҳсиси ила нопок нарсани босса, уларнинг покловчиси тупроқдир», дейилган. Бу ҳадиси шарифда оёқ кийимларини қай йўсинда поклаш лозимлиги баён қилинмоқда. Оёқ кийими ила нопок нарса босилса, уни кейин босилган тоза тупроқ тозалайди. Агар ўша оёқ кийимида аниқ нажосат аломати бўлмаса, албатта. Бори ҳам ерга ишқаш билан тоза бўлади. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз масжидга келса, назар солсин, агар кавушларида нопок ёки ифлос нарса кўрса, уни (ерга) артиб ташласин ва кавушлари ила намоз ўқийверсин», дедилар». Учала ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган. Бу ҳадиси шариф ҳам олдингисининг маъносини таъкидламоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга киришдан олдин оёқ кийимига қараш лозимлигини уқтирмоқдалар. Агар оёқ кийимида нопоклик бўлса, уни тупроққа ишқаб, артиб ташлаш зарур экан. Шу билан бирга оёқ кийимини ечмай намоз ўқиш мумкин экан. Бу ҳам бўлса, Ислом шариатининг кишиларга осонлик туғдиришга ҳарис эканлигини кўрсатади.