Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Маълумки, шариат истилоҳида рўза тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир.
Ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш каби рўзани очиб юборадиган нарсалардан тийилиш рўзанинг моддий жиҳатдан шартлари ҳисобланади. Ушбу шартлар банданинг зиммасидан фарзни соқит қилса-да, солиҳлар наздида рўзанинг мукаммал бўлиши учун етарли эмас. Улар рўзадор тийилиши лозим бўлган бошқа амалларни зикр қилганлар. Қуйидагилар шулар жумласидан:
Имом Тобарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш Иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Умуман олганда, барча аъзоларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақлаш лозим. Шубҳасиз, рўзада барча аъзоларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийишнинг даражаси фақатгина еб-ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишнинг даражасидан юқорироқдир.
Рўзанинг энг олий даражаси эса Аллоҳ таолодан бошқа нарсалар билан қалбни машғул қилмасликдир.
Абу Саъид Ал-Хорроз айтади:
كل ما فاتك من الله سوى الله يسير و كل حظ لك سوى الله قليل
«Аллоҳ тарафидан берилган ва уни қўлдан бой берган Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарсанг камдир. Аллоҳдан ўзга қўлга киритган ҳар бир насибанг камдир. Модомики, Аллоҳга бўлган иймонинг бор экан, йўқотган нарсаларингнинг кўплигига парво қилма – кимки Аллоҳни танимаса, унинг насибаси қанчалик кўп бўлмасин, аслида камдир».
Араб тилидан Умму Билол таржимаси