Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсон зотига буюк неъматларни ато этган. Улардан бири Ўзи билан мулоқотда бўлиш, яъни намоздир. Мўмин инсон жойнамозда топган ҳаловатидан ташқари, кундалик ҳаётида ҳам кўпгина яхшиликларга эришади.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Она, эй Журайж, деб ўғлини чақирди. У чиллахонада (намоз ўқир) эди. Журайж: «Аллоҳим, онамми, намозимми», – деди. Она яна, эй Журайж, деди. У: «Аллоҳим, онамми, намозимми», – деди. Она: «Аллоҳим, Журайж фоҳишани юзига боқмагунча ўлмасин», деди.
Унинг чиллахонаси олдига бир чўпон аёл келиб, қўй боқиб турарди. У никоҳсиз бола туғди. У аёлга: «Бу бола кимдан?» – дейилди. У, Журайждан, у чиллахонасидан тушган эди, деди. Журайж: «Боласини мендан деб даъво қилган анави аёл қани?» – деди. Аёл олиб келингач, Журайж: «Эй гўдак, отанг ким», ـ деди. Бола:«Қўй боқар», деди.
Фуқаҳоларимиз ҳар қандай намозда бировни чақириғига жавоб бериш намозни бузади, бироқ нафл намозларда онани чақириғига жавоб бериб, сўнг қайта ўқиб олишга рухсат берилади, дедилар. Таъкидлаш лозимки, Журайж «Аллоҳим, онамми, намозимми» деган гапни дилидан ўтказган. Журайж намозда бўлса ҳам, онанинг дуоси Журайжнинг зиддига қабул қилинди.
Журайж Аллоҳ таолога таваккул қилди. Журайж ўзининг поклигини ўз лафзи билан «Мен покман, менга ишонинглар» деса ҳам бўларди. Лекин у туҳмат қилган аёл билан ҳам талашиб тортишмади. Баъзи жоҳиллар каби «Эй Аллоҳ, мен шунча муддат Ўзингга ихлос билан ибодат қилдим, энди ўзинг сақла» деб жим ўтирмади. Балки чақалоқнинг олдига бориб, унинг ўзидан сўради. Бироқ у ердаги инсонлар ҳам, ўзи ҳам ёш чақалоқ гапирмаслигини билса ҳам, Аллоҳга таваккул қилиб, ёш гўдакни гувоҳ қилган эди. Аллоҳ покиза чақалоқ тили билан Журайжнинг поклигини ошкор қилди.
Намознинг фазилатларидан бири ― aзизликни Аллоҳдан умид қилиш бaхтини ато этади. Бунга Журайжнинг ҳолати ёрқин мисолдир. У ўзини зинокорликда шерик деб даъво қилаётган аёлга ҳам, уни бу ишга алоқадор деб чақиртирган инсонларга ҳам бирор оғиз сўз айтмай, тўғри бориб чақалоқдан «Отанг ким?!» деб сўради. Аллоҳ таоло уни бу ишдаги ҳолатини чақалоқ тилидан мукофотлади.
Андижон вилояти Булоқбоши тумани Найман жомеъ масжиди имом хатиби Дониёр Камолов