Шайх Бутий ҳикматлари (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом шиорлари, арконлари давомли бажарилаётганини, масжидлар намозхонлар билан тўлалиги, рамазонда кундузлари рўза тутилиб, кечалари ибодатда бедор бўлинаётганини ва ҳар йили Макка ҳожилар билан тўлиб-тошишини айтиб, Аллоҳ таолога миннат қиладилар.

Лекин ана шу умумий ибодатлар қуруқ ҳаракатлардан иборат бўлиб қоляпти-ку! Ана шу ибодатлар ҳозирги мусулмонларнинг ҳаёт тарзига, одоб-ахлоқига ўз таъсирини ўтказа олмаяпти-ку! Ана шу ибодатлари уларнинг уйларига кириб, Исломни жудаям ғариб бўлиб қолганини, оилалар ҳавою нафс ва шаҳавот кечаларига берилиб кетганини кўрсатиб бера олмаяпти-ку! Ёшу қари аксар вақтини телевизор тагида ўтказиши, ёшлар ўқиш ўрнига компьютер ўйинларию интернет билан овора бўлиб қолгани-чи! Ана шу ибодатлари Исломнинг илдизидан шохигача паст санайдиган фикрларини уларнинг миясидан чиқариб ташлай олмаяпти-ку! Мусулмон бўла туриб ибодат ва диний илм ўрганишни қолоқлик ҳисоблаб, гоҳида европача янгича ҳаётни, гоҳида уларга ўхшаб дин асирлигидан халос бўлган эркин ҳаётни орзу қиладилар. Аммо улар Аллоҳ таолога миннат қилиб, у орқали У Зотдан ҳақларини талаб қилмоқчи бўлаётган Исломнинг асосий рамзи саналган ҳозирги кунда оддий тақлидий хатти-ҳаракатлардан иборат бўлиб қолган ибодатлар эса ҳамма яхши билганидек, улар худди ўз остида даҳшатли зулматни тўсиб турган юпқа, шаффоф парда, холос. Агар ана шу юпқа пардани бир оз кўтарилса, жамиятнинг асл қиёфаси равшан намоён бўлади. Ана шундай деяётганларнинг кўплари Аллоҳ таолонинг йўлидан адашган, унинг аҳкомларини менсимайдиган ва диндан йироқдаги, ҳатто энг муҳим, оддий асосларини ҳам билмайдиганлар бўлиб, бу гаплари билан Аллоҳ таолога эътироз билдирганларида эса умумий исломий ибодатларни ва бошқаларни динда мустаҳкамлигини рўкач қиладилар. Улардаги бундай тасаввурнинг пайдо бўлишининг сабаби нимада? Биласизми? Сабаб шундаки, инсон Аллоҳ таолодан узоқлашиб, дунёга ва унинг ғам-ташвишларию орзу-ҳавасларига ғарқ бўлгани сари унинг қалб кўзи олдида Аллоҳ таолонинг ҳақлари озайиб, кўринмай қолади. Кўз ўнгида ўзининг орзу-умидлари кўпайиб кетиб, ўзини Аллоҳ таолодан ҳақдор деб билади. Агар шу каби инсон ўзи беш вақт намозни ўқиб турган, ҳаж мавсумида одамлар билан Байтуллоҳга бориб, ҳажни адо қилган ва ҳар рамазон ойида рўза тутиб юрган бўлса-ку қатъий тарзда: «Мен зиммамдаги Аллоҳ таолонинг барча ҳақларини адо қилиб қўйдим. Энди Аллоҳ таоло Ўз Китобида солиҳ бандаларига ваъда қилган ҳақларимга эриша олсам бўлди», деб туриб олади. Аммо инсон ҳарқанча Аллоҳ таолони, унинг сифатларини танигани сари ва дунё орзу-ҳавасларидан узоқлашгани сари унинг қалб кўзи олдида зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақлари кўпайиб, катталашиб боради. Ўзига муносиб бўлган ҳақлари эса кўринмай, балки йўқ бўлиб боради. Масалан, яқиндагина тавба қилиб, Аллоҳ таолога қайтган бир йигитнинг ҳолатини тасаввур қилинг. У ўзича беш вақт намозни қандай қилиб бўлса ҳам адо қилиб, ўтмишда қилиб юрган фаҳш ишлар ва кабира гуноҳлардан ўзини сақлаб юрган бўлса, ўзини мана шу ишлари билан сиддиқлар даражасига етиб олган, деб ўйлайди. Агар исломий ҳақиқатларни англаб, билимини ошириб, Аллоҳ таолони ва У Зотнинг сифатларини кўпроқ таниса, зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини бажаришда сустлик қилаётганини ва ғофиллик қилиб, фикри хаёлини жамламасдан ва фарзларни ўзига кифояланиб, уларни тўлдирувчи суннатларни тарк этиб, кўп хато-камчиликларга йўл қўяётганини била бошлайди. Ундаги бундай ҳис-туйғулар уни тоатларни кўпайтиришга ва уларни мукаммал тарзда суннатга мувофиқ бажаришга ундаб туради. Ислом ҳақиқатларини, моҳиятини англаб тушунгани ва Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати, таъзими зиёда бўлгани сари ўзининг тоат-ибодатларига қараса, улар Аллоҳ таолонинг буюк ҳақлари ва ўзи ичида сузиб юрган унинг чексиз, беҳисоб неъматлари олдида ҳеч нарсага арзимайдиган жудаям озгина бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларни кўпайтириб, уларни ҳар хил нуқсонлардан соф ҳолда бажаришга ҳаракат қилади. Ҳолат мана шундай бўла туриб, бу инсон қандай қилиб Аллоҳ таолонинг зиммасида ҳаққим бор, деб ўйлаши ва талаб қилиши мумкин?! У Зотнинг ҳақларини адо қилишда сустлигини бутун вужуди билан ҳис қила туриб, қандай қилиб У Зот солиҳ бандаларига ваъда қилган гўзал ҳаётни талаб қила олиши мумкин?! Саййидимиз Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларини барча инсонлардан кўра кўпроқ таниганлари, кўпроқ яхши кўрганлари, кўпроқ улуғлаганлари ва У Зотдан ҳаммадан кўра кўпроқ қўрққанлари учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо қилишни тасаввур қилишдан ҳам йироқ бўлганлари учун, У Зот берган шунча буюк неъматларига У Зотга муносиб шукр қилишдан ожизлик қилаётгандек ва Аллоҳ таолонинг ҳаққида бепарволик қилиб, камчиликка йўл қўяётгандек туйғуни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилиб, У Зотдан уялиб, ҳижолат бўлганларидан худди қилиб қўйган гуноҳидан Аллоҳ таолодан кечиришини сўрамоқчи бўлган кишидек қалбан сиқилиш ҳолати у кишини эгаллаб оларди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қалбим тўсилиб (сиқилиб) қолади, шунинг учун бир кеча-кундузда Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман» деган сўзларининг маъноси айнан мана шудир. Ушбу ҳақиқатни баъзи солиҳ зотлар: «Аброрларнинг ҳасаноти муқаррабларнинг саййиотидир», деб ифода қилганлар. Ушбу биз баён қилган ҳақиқатни  қуйида Имоми Шотибийнинг «Ал-Мувафақот» номли китобларидан сизга нақл қилиб берадиган жумлаларда яна ҳам равшанроқ тушуниб олишингиз мумкин. Биринчи қисм иймон аҳди, Ислом шарти ҳукмига ҳеч бир зиёдасиз амал қиладиганлар ҳолатидир. Иккинчи қисм таъзим, қўрқув, умид ва муҳаббат ҳислари ғолиб бўлгани туфайли амал қиладиганлар ҳолатидир. Қўрқув ҳайдаб борувчи қамчидир. Умид эса етакловчи йўлбошчи. Муҳаббат ундаб турувчи кучдир. Муҳаббат қилувчи маҳбубига соғинч билан интилиб, бор кучини сарфлаб амал қилади. Унга қийин ҳам осон туюлади, узоқ эса яқинлашади. Куч-қуввати йўқолади, ўзини муҳаббатнинг ҳаққини ҳам адо қила олмаган ва неъматларнинг ҳам шукрини адо қила олмаган деб билади. Ушбу ҳақиқатни тушуниб етиб, хулоса қилишимиз керак бўлган натижа шуки, Аллоҳ таоло шартларини бажарган бандаларига берган, буюк зотига қатъий қилиб олган аҳдига, ваъдасига ҳеч қачон хилоф қилмайди. Лекин Аллоҳ таолони ҳақиқий маънода таниб, қалблари У Зотга нисбатан муҳаббат ва таъзимга тўлганларгина ушбу шартларни билиб, унга тўғри баҳо берадилар. Аммо фақатгина Ислом шартлари асосида Аллоҳ таолога ибодат қиладиганлар эса зиммаларидаги Аллоҳ таолонинг бирор бир ҳаққини эсламасдан, У Зотдаги ўзларининг ҳақларини ҳисоб-китоб қиладилар. Улар Аллоҳ таолонинг: «Бас, Роббилари уларга ваҳий қилдики: «Қасамки, Биз золимларни, албатта, ҳалок қилурмиз. Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъийдимдан қўрққанлар учундир» (Иброҳим,13-14), деган сўзидаги ва: «Бу эса ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъийдимдан қўрққанлар учундир», деган сўзининг маъносини тушуниб етмайдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: «Менинг аҳдимга вафо қилинг. Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг» (Бақара, 40), деган сўзининг маъносини ҳам идрок қила олмайдилар. Чунки Аллоҳ таолога фақатгина Ислом шартлари асосида ибодат қилаётганлар Исломга мансубликларидан кейинги нарсаларга эътибор бермайдилар.

«Шайх Бутий ҳикматлари» саҳифасидан олинди.

Давоми бор.

Мавзуга оид мақолалар
Эрининг уйжойи, молмулкини авайлабасрайди, унинг рухсатисиз бирор нарсасини бошқаларга бермайди.Эрининг давоми...

21:02 / 14.06.2023 2155
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега болалар ухлашни унчалик ёқтиришмайди Айниқса, туш пайтида оналари уларни давоми...

20:32 / 14.10.2016 4076
ОЧКЎЗЛИКНИНГ ОҚИБАТИ  Кунларнинг бирида бир очкўз Исо алайҳиссалом ҳузурларига келиб Эй Исо Сен билан давоми...

22:03 / 17.03.2017 4184
Наманган шаҳридаги Ҳазрати Лангар жоме масжидида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши давоми...

11:02 / 04.02.2018 2826