Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат сўраймиз-у, аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардандир. “Агар сабр бир инсон бўлсайди, албатта, жуда кўп гўзал хислатли кимса бўлар эди. Аллоҳ сабрлиларни севади”. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилур!” (Зумар сураси, 10-оят.) Мусибатга чидаш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти! Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрганида кишининг илк сўзлари “Аллоҳим, мени собирлардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ эт”, деган дуо бўлса, хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим биродарларимиз мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар учаётганини билмайдилар. Аллоҳга қарши исён қиладиган даражага бориб етадиларки, шу боис уларга сабр тиламоғимиз керак ва Имом Ғаззолий ҳазратларининг “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деган ҳикматларини эслатиш дуруст. Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим. Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари ундан-да кўпроқ. Инсон сабрсиздир, қаноатсиздир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай дейди: رَبَّنَاوَلَاتُحَمِّلْنَامَالَاطَاقَةَلَنَابِهِوَاعْفُعَنَّاوَاغْفِرْلَنَاوَارْحَمْنَا “Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил!” (Бақара сураси, 286-оят.) Бундай дуо қилишда бандаларнинг ўз ожизликларига иқрорликлари мужассамдир. Бир танишимиз қуйидагиларни сўзлаб берди: “Яқинда каминанинг уйига бир одам келиб, сўзининг аввалида суд идораларидан шикоят қилди. У киши бобомерос уйни қариндошлари билан талашаётган экан. Суд ўша уйни қариндошлари фойдасига ҳукм қилибди. “Иш судга ошганда намоз ҳам ўқий бошлаган эдим, бунақа адолатсиз ҳукм қилгач, намозни ҳам йиғиштириб қўя қолдим”. Бу мисолни келтиришимиздан мақсад шуки, орамизда шу одамга ўхшаганлар озми-кўпми учраб туради. Бундайларга айтмоқчимизки: “Биродар, ибодат холис бўлмоғи шарт. Бирон нима таъмасида намоз ўқиётган бўлсангиз, янглиш йўлда экансиз. Аллоҳ сизнинг намозингизга муҳтож эмас. Намоз ўзингиз учундир. Агар суд ҳукмидан норози бўлсангиз, даъвоингизни унга айтаверинг, Аллоҳга қарши исён қилишдан қўрқинг. Сиздан сабр талаб этиляпти. Сабрга иймон билан эришилади. Сабри йўқ одамнинг иймонида шубҳа бор. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтганларидек: “Сабри бўлмаган кишининг дини йўқ”. Донолар айтмоқчи, сабр — қулларни подшоҳларга айлантиради. Сизга шу мартаба насиб этсин! Яна бир ибрат: “Эй Одам фарзандлари! — дейилади ҳадиси қудсийда. — Сизлар Менинг ҳузуримдаги нарсаларимга фақат Менинг розилигимни талаб қилиш йўлида ўзларингиз хуш кўрмаган нарсаларга сабр қилмагунча ета олмайсизлар. Менга итоат қилишдаги бардошлик Менга осий – гуноҳкор бўлиб, жазога гирифтор бўлишдан осонроқдир” . “Одамга сабр гар кўрингай заҳар, Чидам ниҳояси жонга бўлгай шакар”. Ҳа, йўқчилик ва танг ҳолатларда сабр керак. Аммо бу машаққатлар якун топганидан сўнг ҳам сабр лозим бўлади. Чунки мусибатга тоқат қилишдан кўра кенгчиликка сабр қилиш оғирроқ. Донолар деганларки: “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси”. Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўришади. Ушбу ўринда “Сабр” ва “Қаноат” атамаларига озгина изоҳ берсак: бу икки сўз кўпинча кетма-кет қўлланилади. Аммо иккаласи бир маънони англатувчи маънодош сўзлар эмас. “Сабр” – иффатга хос хислатлардан бўлиб, нафсоний қувватларни жиловлашдир. “Бардош” ёки “чидам” дейилса ҳам, “сабр” англашилади. “Сабр”ни мумтоз адабиётимизда “таҳаммул” (айрим ўринларда “тааммул”) шаклида ҳам учратамиз: “Ё марҳамат ул хайли ситамкорага бергил, Ё сабру таҳаммул мени бечорага бергил” (“Маҳбуб ул-қулуб”дан). Демакким, сабр-тоат – ибодатни адо этмоқликдир. Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик ҳам сабр. Бало-ю офатлар ва мусибатларга таслим бўлмаслик ҳам сабр. Сабрнинг олий даражаси – мусибатнинг биринчи зарбаси вақтида билинади. Баъзан бизнинг сокин ҳаётимизни кўролмайдиган, қабул қилолмайдиган иродасиз, қалби қора инсонлар учрайди ва улар ҳаётимизни қайсидир маънода остин-устун қилиб юборади. Ана шундай вақтларда гўзал сабр бизга ёрдам бера олади. Сабрнинг ортидан эса мукофот келади. Юртбошимиз шундай таъкидлайдилар: “Ҳаёт бор экан, давлат, эл-юрт бор экан, шу эркин, осуда ҳаётни кўролмайдиган, ҳасад ва фитна билан яшайдиган, зўравонлик билан ўз ҳукмронлигини ўрнатишга, халқ тинчини бузишга уринадиган ёвуз кучлар ҳамиша бўлади. Бу – ҳаёт. Бу – ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати. Уни ҳеч ким инкор этолмайди. Буни нафақат ўз тарихимиз ва ҳаётимизда, балки бошқа халқлар тарихи ва ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин”. “Қаноат” эса еб-ичмоқ ва кийинмоқнинг борига рози бўлиб, имкону зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Шу боис донолар қаноатни қушлардан ўрганишни тавсия қиладилар. Қуш эртанги озуқаси бўлмаса ҳам, масъуд – бахтиёр учаверади. Одамнинг эса омбори донга тўла бўлса-да, кейинги йил ғамида, ташвишида паришондир. “Қаноат – эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, – деб ёзганлар ҳазрат Навоий. – Қаноатли камбағал – давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди: “Хорлиғлар боши таъма билгил, Доимо “азза ман қанаъ” билгил”. Маъноси шуки: хорликларнинг бошланиши таъмадан эканини фаҳм этгин ва ҳамиша “Қаноатли киши азиздир”, деб билгин. Қаноатли кишини ноёб донишманд деб ҳам иззат қиладилар. Қаноат бандага берилган туганмас неъматдир. Низомий ҳазратларидан байт: Ҳар кеча сўнггида нури зиё бор, Ҳар бардош сўнггида завқи сафо бор. Қаноат тўғрисида кўп ҳикматлар айтилган, кўп таърифлар берилган. Шулар орасида “Маҳбуб ул-қулуб”даги таъриф ғоят аҳамиятлидир: “Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди. У бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради. У бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир. Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони таъмагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир. Шоҳ улдирки, олмайди-ю беради, гадо улдирки, сочмайди-ю теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққики, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат – хокисорлиғдирки, натижаси – юксаклик; муҳтожликки, фойдаси — эҳтиёжсизлик. Қаноат – экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; майдир аччиқ, лекин нашъаси – шодлантирувчи; йўлдир қаттиқ, лекин борар манзили – севинтирувчидир”. “Ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданий (қ.с.) қассобнинг дўкони ёнидан ўтар эдилар. Қассоб: “Гўшт олинг”, деб таклиф қилди. Ҳазрат “Пулим йўқ”, дедилар. Қассоб: “Ҳозир гўштни олиб кетаверинг, пулини кейин берарсиз, сабр қиламан”, деб илтифот этди. Шунда Ҳазрат шайх дедиларки: “Менинг нафсимга сабр қилмоқлигим сенинг мендан пул кутиб сабр қилмоқлигингдан яхшироқдир”. Улуғлар сабридан баён этувчи ҳикоятларни ўқиганимда биродаримиз ҳожи Садриддин Салим Бухорийнинг бир байтларини ёдга оламан: Авлиёлик — сабрдир, Сабр нафсга жабрдир. Ҳазрати шайх Сирри Сақоти (қ.с.) сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. “Нечун ўлдирмадингиз?” деб сўрашди. “Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира туриб, сабр қилмаган бўлардим”, деб жавоб қилдилар. Киши умр бўйи кўп қийинчиликларга дуч келиши, бу қийинчиликларни фақат сабр билан енгиб ўта олиши мумкинлигини, сабрсизлик эса инсонни қайғудан қутқара олмаслигини, сабрсизликнинг ўзи куйдиргувчи зўр қайғу эканини болалигиданоқ онгига сингдириш керак. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзларининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида шундай дейдилар: “Узоққа бормасдан, халқимиз ўз бошидан кечирган мустамлака даврини бир кўз олдимизга келтирайлик. Қарийб 150 йил давом этган, тарихимизнинг том маънодаги қора кунлари бўлмиш ўша замонда бир пайтлар ўзининг қудратли давлатчилиги, буюк фарзандлари, юксак илму маданияти, обод шаҳар ва қишлоқлари билан дунёни ҳайратда қолдирган эл-юртимиз қандай оғир машаққатларга дучор бўлганини яхши биламиз. Лекин ана шундай даҳшатли даврда ҳам ҳар қандай зулм ва истибдодга қарамасдан, халқимиз ўзини, ўзлигини йўқотмади. Тилини ва динини, иймон-эътиқодини сақлаб қолди. Ноҳақлик ва зўравонлик ҳукмрон бўлган шундай замонларда ҳам юртимиздан миллат ва халқ қайғуси билан яшаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлар етишиб чиқди. Халқимизнинг асрлар синовида янада кучайиб, тобланиб борган мустаҳкам иродаси, иймон-эътиқоди нафақат қадимий маънавиятимиз, балки миллий ўзлигимизни сақлаб қолишга асос бўлади”.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта-махсус Ислом билим юртининг 4-курс талабаси Саидхонбалова Робия