Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Марям: «Аллоҳнинг иродаси ила мўъжизалар рўй бергай»
Аллоҳнинг мўъжизаларини ўз кўзим билан кўрмагунимга қадар менинг исмим Диана эди ва мен АҚШнинг касалхоналаридан бирида ишлардим. Филиппинда католиклар оиласида ўсиб-улғайдим. Аммо, алҳамдулиллаҳ, ҳақни анча барвақт таниш имконига эга бўлдим.
Коллежда ўқиб юрган кезларимдаёқ христиан эътиқоди тўғрисида шубҳалар туғила бошлади. Бироқ шу дин ҳақида кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилардим. Черковга боришни, ҳаттоки мессалар (католикларда ибодат ва шу ибодат вақтида айтиладиган куй) пайтида Инжил ўқишда давом этганман. Бутун вужудим билан борлиқни Яратувчисига ишонганман ва шундай вақтлар бўлганки, роҳиба бўлишни ўйлаганман. Бироқ шифокорлик касбини танладим.
Икки йил олдин танг аҳволга тушиб қолдим. У кезлар олий ўқув юртидаги ўқишимнинг ва диплом олишимнинг энг қийин даври эди. Доим осонлик билан ютуқларга эришганим сабабли қийинчиликлар ҳаётимни қайта кўриб чиқишга ҳамда янги мақсадлар қўйишга ундарди. Худди ана шу пайтда менга Ислом дини томон йўл очилди. Болалар шифокори бўлиб ишлар эканман, кўплаб мусулмонларни учратдим. Ўшандан бери мен учун улар энг хушмуомала ҳамда сабрли кишилардир. Шунингдек, ўқишим давомида мусулмон курсдошларимнинг намоз ўқиётганларини кўрганман.
Улардан эшитган сураларим қалбимнинг тубигача етиб бориб, хотиржамлик берарди. Шу билан бир қаторда қалбимда мусулмонларга ва уларнинг динига бўлган қизиқиш уйғонди. Дугоналаримдан бири Ислом динининг устунлари билан мени таништирди. Ҳужжатли фильмлар, видео-роликлар кўрар, мақолалар, китоблар ўқирдим, одамлар билан гаплашардим. Аста-секин майда кўринган нарсалар аҳамият касб эта бошлади. Яқинларим ва дўстларим даврасидан кўра мусулмонлар орасида ўзимни яхшироқ ҳис қилардим.
Менда «Нима учун мен христиан оиласида туғилиб, ўша муҳитда улғайдим? Нега Парвардигорнинг ўғли бор?» каби саволлар туғила бошлади. Қалбимнинг тубида ягона Яратгувчи борлигига ишонганим туфайли, мусулмонликни қабул қилишим кераклигини билганим учун ўз-ўзидан саволларимга жавоблар ола бошладим. Ҳаммаси очиқ-равшан бўлгани билан нимадир мени шаҳодат калимасини айтишимдан ушлаб турарди. Католикдан Исломга ўтиш қийин кечишини, атрофдагиларга кўп нарсаларни тушунтириб бериш кераклигини, янги диннинг кўрсатмаларини ўрганишга тўғри келишини, ҳаттоки яқинларим менинг танловимни қувватламасликлари мумкинлигини тушуниб турардим. Бошқа тарафдан эса христианликка қайтиш ниятим йўқ эканини яхши англардим.
Кунларнинг бирида ёнимга фалакдан бир фаришта тушди. Худди ана ўша вақт ҳаётимда муҳим бурилиш қилмоқликни аҳд қилдим. Малак исмли жажжи қизалоқ ойнадан йиқилиб тушиб, менинг беморларим қаторига кирди. Қизалоқдан хабар олгани ҳамкасбим Марва келди... Ислом ҳақида узоқ суҳбатлашдик. У менга масжидга боришимни ёки мусулмонликни қабул қилган аёллар билан гаплашиб кўришимни маслаҳат берди.
Жума куни жамоат намозига боришни қарор қилиб, кийимларим ичидан энг сипосини танладим ва амаллаб рўмол ўрадим. Масжидда ўтириб, ибодат қилаётган мусулмонларни кузатар эканман, анча вақтдан бери ҳис қилмаган хотиржамликни туйдим. Намоздан сўнг муслима опа-сингиллар менга Ислом ҳақида китоблар беришди. Шайх Яҳё эса суҳбатга тортди ва саволларимга жавоб бериш учун таклиф киритди.
Икки кун ўтиб, шайхнинг хонасида ўтирардим. У киши католиклик ва Ислом дини, Инжил ва Қуръон, мусулмонлар ва ғайридинлар ҳаёти орасидаги фарқларни тушунтира бошлади. Менинг олдинги ҳамда янги билимларимни мустаҳкамлашда ёрдам берди. Ўйлаб қарасам, доимо мусулмон бўлган эканман, фақатгина ҳозир шаҳодат калимасини қайтарар вақт келганди. Бунинг учун эса озроқ кўмак кифоя эди, холос.
Шундай қилиб, август ойининг бошларида Аллоҳ ҳаётимни яхши томонга ўзгартиришимга ёрдам берди. Уйга умуман бошқа, ҳаётини янги саҳифадан бошлашга ошиқаётган одам бўлиб қайтдим.
Менинг Ислом дини сари саёҳатим ажойиб бўлди. Тўғри, бу йўлда ўзига яраша тўсиқлар, парвозлару қулашларга дуч келдим. Алҳамдулиллаҳ, кун сайин иймоним мустаҳкамланар эди. Бунинг устига бу дин ҳақида кўпроқ илм олишга ошиқардим. Аллоҳнинг раҳматини ҳамда танлаб олинганлигимни ҳис қилардим. Негаки ҳаётда нимага муҳтожлигимни Ундан ўзга билмайди. Бугундан-да кўра яхшироқ бўлишимда Ўзи қўллаб-қувватлагай, иншааллоҳ!