Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Зот сени ағёрлар қўлидан тортиб олиш ва асарлар қуллигидан озод қилиш учун сенга воридни етказди.
Ағёр – Аллоҳдан ўзга барча махлуқотлардир. У Зотдан бошқа қалб ва зеҳнни машғул қилувчи барча нарса ағёрдир.
Асарлар эса инсонга таъсир ўтказувчи дунё матоҳлари, дунёга оид ҳолатлардир.
Ворид, яъни Аллоҳ таоло томонидан инсон қалбига тушадиган илоҳий нур бандага насиб этганда банда ана ўша воридни маҳкам ушлаши зарур. Ҳеч бир нарса бесабаб бўлмайди. Аллоҳ бир пайтда, бир ҳолатда бир бандасига шундай бахтни насиб айлабдими, уни ғанимат билмоқ, ундан тўғри хулоса чиқариб, тўғри фойдаланмоқ лозим. Аслида ворид масъулиятни кучайтириш учун ато этилган нарсадир. Шу сабаб ворид ҳосил бўлганидан кейин ҳам банда яна ағёр ва асарлар билан машғул бўлиб қолмасин деб огоҳлантирилмоқда.
Ушбу ҳикмат бандани вориддан сўнг уни дарҳол қабул қилиб олиб, ундан оғишмасликка чақиради.
Бугунги кунда қай бир кишига назар солмайлик, унинг қалби ё бир кимсага, ё у билан бўлган синовларга боғлиқ эканини, ёки ўткинчи дунё матоҳига, унинг фитналарига мубтало бўлганини кўрамиз. Роббимиз ҳузуридан келган ворид ана шундай фитналардан халос бўлишимиз, қалбимизни Аллоҳдан ўзга барча кимса ва нарсалардан, уларнинг муҳаббати ва хаёлларидан холи қилган ҳолатда ёлғиз Ўзига юзланмоғимиз учундир. Ана шундагина воридни қабул қилишимиз тўғри ҳолатда бўлади.
Нима учун Қуръони Каримда бало ва офат оятлари баён қилинган? Бунинг ҳикмати шуки, биз улардан тўғри хулоса чиқариб, бу дунё фақатгина синов эканини билмоғимиз лозимдир. Еру осмонлар ёлғиз Аллоҳ таолонинг яратгани ва мўъжизалари эканини билиб, уларни тўғри тадаббур қилишимиз керак.
Ворид иқболини янада аниқроқ тушунишимиз учун саҳобаларнинг ҳаётига назар солишимиз керак. Улар энг ашаддий жаҳолат даврида яшай туриб, Роббимиз ҳузуридан ворид келганида уни қалб тўла иймон ила қабул қилиб олганлар ва шундан кейин ҳеч қандай ағёру асарга чалғимаганлар. Улар мана шу ҳолатларида охиратга бир қадам яқин бўлганлар. Охират билан уларнинг орасида юпқа пардачалик тўсиқ турган, холос.
Ибн Нумайр Молик ибн Миғвалдан, у Зубайддан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ғорис ибн Молик, қандай тонг оттирдинг?» дедилар.
«Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим», деди у.
У зот: «Ҳар бир гапнинг ҳақиқати бўлади. Бунинг ҳақиқати нима?» дедилар.
«Нафсим дунёдан юз ўгирган ҳолда тонг оттирдим. Кечамни бедор, кундузимни ташна ҳолда ўтказдим. Ҳозир ҳам худди ҳисоб-китоб учун олиб келингандек, Роббимнинг Аршига қараб тургандекман. Жаннат аҳлини, жаннатийлар бир-бирларини зиёрат қилаётганини кўриб тургандекман. Дўзах аҳлининг дод-войларини эшитаётгандекман», деди у.
У зот: «Эй қалбида иймон нур сочган банда! Маърифат ҳосил қилибсан, энди буни маҳкам тут!» дедилар.
Энди бу ҳолатни бугунги кунимизга қиёслайлик. Хўш, биз қандай ҳолатда уйқуга кетяпмиз-у, қандай ҳолатда тонг оттиряпмиз? Хаёлимизга не-не ғам-ташвишлар, не-не фикрлар келадики, ҳайрон қолмасдан иложимиз йўқ. Чунки уларнинг барчаси охират эмас, дунёнинг ғам-ташвишларидир.
Ваҳоланки, саҳобаларга ўхшаб, дунёдан юз ўгирсак, охират бир қадам бўлиб қолади.
Саҳобаларнинг ҳиссиётлари шу даражада юксак, дақиқ бўлганки, улар бир ҳатлаб охиратга ўтиб оладиган даражада бўлишган. Саҳобалар маъсиятдан шу даражада тийилишганки, дўзах аҳлини рўй-рост кўриб тургандек бўлишган.
Биз ҳам бу нарсани ҳаётимизга татбиқ қилишимиз керак экан.
Одинахон Муҳаммад Содиқ