2018 йилда илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган 7 мусулмон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кундалик ҳаётимизни тобора енгиллаштириб келаётган бугунги илмий кашфиётларни ким қилар экан, дея ўйлаб кўрганмисиз? Булар атрофимиздаги дунёни кўпроқ ўрганиш учун тинимсиз меҳнат қилиб, дунёни такомиллаштираётган инсонлардир.

Биз бугун сизларни ўтган йилда илм-фаннинг ривожланишига катта ҳисса қўшган мусулмон жамиятининг энг ақлли вакиллари билан таништирмоқчимиз. Эътиборлиси, улардан 5 таси нозик жинс вакилларидир.

1. Бурчин Мутлу-Покдил

Асли туркиялик бу астрофизик аёл ноёб ҳалқали таркибга эга бўлган галактикани кашф қилди. Энди ушбу галактика унинг шарафига номланган: Бурчин галактикаси. У 2017 йилда Твин Ситисда Миннесота университетида докторлик даражасини олган. Сўнгра Аризона университетида докторантурада илмий ходим сифатида ишлай бошлади. TED лойиҳасига таклиф қилинганида Ванкуверда бўлиб ўтган “TED – 2018” конференциясида «Стереотипларсиз яшаш» мавзусида қизиқарли суҳбат ўтказди. 2018 йилда ўзининг ажойиб тадқиқот натижалари ҳамда таълим соҳасидаги волонтёрлик фаолиятлари учун JCI нинг дунёнинг 10 та машҳур ёшларидан бири сифатида эътироф этилди.

2. Ноҳа Ҳусний

Ноҳа Ҳусний мисрлик олима бўлиб, у Асьют университети фармацевтик ва аналитик кимё бўлимида ёрдамчи маърузачи бўлиб ишлайди. Шунингдек, 2018 йилдан бошлаб аналитик кимё, электрокимё ва атроф-муҳит кимёси соҳалари бўйича Лестердаги (Буюк Британия) Де-Монфорт университетининг фахрий илмий ходими ҳам ҳисобланади. Ҳусний подагра касаллигини даволашда қўлланиладиган маълум дорилар ва носедатив антигистамин препаратлар устида муттасил иш олиб борган. Қунт билан олиб борган саъй-ҳаракатлари ва қимматли тадқиқоти самараси ўлароқ, Ҳусний 2018 йилда L’Oréal-UNESCOнинг «Илм-фандаги аёллар» мукофотини қўлга киритди.

3. Абу Али ибн Сино

Бангладешлик иммигрант Доктор Абу Али ибн Синонинг илмий кашфиётлари бутун тиббиёт оламини ҳайратга солди. Доктор Сино ва унинг Куинсленд университетидаги ҳамкасблари саратоннинг асосий турларини, жумладан, кўкрак бези саратони, простата бези саратони ва ичак саратонини аниқлаш борасида ДНК га асосланган энг самарали (энг тез ҳамда энг кам берувчи) услубни аниқладилар. Айни пайтда у Квинсленд университети, Автралия биомуҳандислик ва нанотехнологиялар институти (AIBN)нинг илмий ходими сифатида фаолият олиб бормоқда.

4. Витру Ваҳю Лестари

Индонезиялик олиманинг илмий ишлари «яшил», яъни табиатга зиён етказмайдиган ёқилғининг янги катализаторларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ. Бунда қазилма манбалардан эмас, янгиланиб турадиган манбалардан олинадиган ёнилғи назарда тутилади. Илм борасидаги меҳнатлари унга бир қанча мукофотларни олиб келди. Улардан охиргиси 2018 йилда олган OWSD-Elsevier Фондининг ривожланаётган мамлакатлар ёш олима аёллари учун  мукофотидир. Лестари 2014 йилда Германиянинг Лейпциг университетида кимё бўйича докторлик даражасини олган эди. Шундан сўнг у Индонезияга қайтиб, экологик тоза муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқиш мақсадида металлоорганик кимё соҳасидаги тадқиқотларини давом эттирди.

5. Марва Балаҳа

Мисрлик кимёгар ва фармацевт Марва Балаҳа инсон организмидаги концероген ҳужайраларни кучсизлантирувчи мураккаб ҳужайраларни яратиш мақсадида италиялик кимёгарлар билан иш олиб бормоқда. Саратон, жумладан, ўпка саратонига даво топиш бўйича олиб борган тадқиқоти туфайли у 2018 йилда L’Oréal-UNESCOнинг «Илм-фандаги аёллар» мукофотига муносиб кўрилди. Марва Балаҳа Танта ва Кафруш Шайх университетларида педагогик фаолият билан ҳам шуғулланади.

6. Султон ибн Бадир

17 ёшли ёш олим Султон ибн Бадир 2018 йилда Миллий илм-фан, технология ва инновация фестивалида ўзи ясаган «Фавқулодда робот» (“Emergency Robot”) учун БАА Ёш олим мукофотини қўлга киритди. “Gulf News”нинг хабар беришича, бу ноёб робот ўт ўчириш, хавфсизлик, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам, мобил аппаратни қувватлантириш, автоматик тозалаш каби функцияларга эга. Ўзини ўзи назорат қиладиган ушбу роботга юқори аниқликдаги камералар ўрнатилган бўлиб, у биринчи ёрдам дори қутисига ҳам эга. Ал-рафаҳ мактаби ўқувчиси Ибн Бадир ушбу эътирофдан илҳомланган ҳолда илм-фандан бутун дунёдаги инсонларнинг ҳаётларини яхшилаш мақсадида фойдаланишни мақсад қилган.

7. Амира ал-Язбий

Мисрлик олима Амира Ал-Язбий айни пайтда ДНКнинг зарарланиши организмда ҳаёт учун хавфли омиллар, жумладан, саратоннинг келиб чиқишига қандай таъсир қилиши борасида тадқиқот олиб бормоқда. ДНК жароҳатларини скрининг қилишнинг камхарж ва самарали услубларини топиш борасидаги изланишлари унинг ҳам L’Oréal-UNESCOнинг «Илм-фандаги аёллар» мукофотига сазовор бўлишига олиб келди. Ал-Язбий Искандарийя университети Фармацевтика факультети ҳамда Кимё бўлими таркибида фаолият олиб боради.

mysalaam.com,

инглиз тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
Швециянинг қутб доирасига яқин жойда жойлашган Лулео шаҳри мусулмонлари Рамазонда кунига 21 соатдан ортиқ давоми...

19:49 / 24.12.2016 3073
Наманган шаҳридаги Ҳазрати Лангар жоме масжидида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши давоми...

11:02 / 04.02.2018 2827
Муқаддас Рамазон ойи кириб келди. Рўзадорлар бу ойда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун сабр билан рўза давоми...

10:47 / 07.03.2017 6340
«Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси давоми...

11:46 / 24.05.2017 13053