Таом тайёрлашни ибодатга айлантирамиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизни иймонга чақирган, Қуръон билан ҳидоят қилган, фазл-эҳсони ила дуоларимизни қабул этган, фақат Унгагина холис ният-ла амал қилишимизни буюрган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Умматларига барча ишларнинг одобларини Роббисидан қабул қилиб олиб, омонатдорлик ила топширган, одобли умматни тарбиялаб, камолга етказган одоблар пайғамбари Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли байтига ва саҳобаларига мукаммал, батамом салавоту саломлар бўлсин.

Кўп ҳолларда аёлларимизнинг уй юмушлари, таом тайёрлаш ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлиб, ибодатларга улгурмай қолаётганликлари ҳақидаги гапларини эшитиб қоламиз. Уларнинг аксар вақтлари ошхонада таом, пишириқлар ва ширинликлар тайёрлаш билан ўтади. Эътибор берсак, оиламиз учун таом тайёрлаш жуда масъулиятли вазифа. Пиширган таомларимизнинг мазаси кўнглимизни кўтарса, унинг поклиги ва ҳалоллиги нафақат соғлигимизга, балки иймон ва руҳиятимизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Бу масъулиятли вазифага шунчаки бўйнимиздаги бир юмуш сифатида қарамаслигимиз лозим, балки мазкур ишимизни ибодат даражасига олиб чиқишимиз керак. Шундай экан, келинг, муслимам, бу борада сиз билан баъзи мулоҳазаларни кўриб чиқайлик.

Ҳар бир қилаётган ишингиз ва хизматларингиз аслида қанчалар муҳим ҳамда ажрли эканини билсангиз эди…

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Дунё – мато (неъмат) ва дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир” (Имом Муслим ривояти).

Солиҳа аёл… Барча дунё неъматларидан суюкли қилиб берилган бу мақомдаги аёлга айланишни истайсизми? Тайёрлаётган таомингиз аҳли оилангиз учун нафақат қувват, балки иймонларини зиёда қилувчи ва хайрли амалларга рағбат бўлишини хоҳлайсизми? Ундай бўлса, мазкур мақолада берилган маълумотлар асосида таом тайёрлашга ҳаракат қилинг. Муҳими – барча бажараётган ишингиз Аллоҳ ризоси учун бўлсин. Бу ишда сизга Ўзидан фазл ва марҳамат сўраб, асосий қилинадиган ният, дуо ва хайрли амаллар кетма-кетлигини сиз азизаларимизга ҳавола этамиз.

1.        Ҳар таом пиширишни бошлашингиздан аввал таҳорат қилиб олинг. Кийиб олган кийимларингиз поклигига ҳам эътиборли бўлинг ва бошингизга рўмол ўрашни ҳам унутманг! Пок ҳолда пиширилган таомда барака бўлади. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 108-оятида биз бандаларини покликка чақириб, шундай дейди:

“Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади”.

Кўрдингизми, муслимам, биргина хайрли ният ила олган таҳоратингиз ажри нақадар буюклигини…

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Биз таҳорат қилиб, нафақат баданимизни, балки ички оламимизни ҳам тозалаймиз, гуноҳлардан фориғ бўламиз. Агар таҳорат олишга имкониятингиз бўлмаса, яъни узрли ҳолатда бўлсангиз, таҳоратдаги амалларни қилиб олаверинг.

2.        Кейинги яна бир муҳим ишларимиздан бири – дуо. Ҳар бир ишимизни хайрли ният билан бошлашак, Аллоҳ фазли ила охири ҳам хайрли бўлади. Ниятларимизни холис Аллоҳ учун қилишимиз эса ниятнинг асосий шартларидан биридир. Келинг, ниятларимизнинг амалларимизга қанчалик таъсирли эканини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадисларидан янада чуқурроқ англаб оламиз.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Бас, унинг ҳижрати нима учун бўлса, ўшанга эришади” (бешовлари ривоят қилишган).

Демак, билишимиз керак бўлган энг муҳим нарса – барча амалларимиз ниятларимизга боғлиқ экан. Энди тасаввур этинг: ҳар бир таомингизни тайёрлашдан олдин дуо қилиб бошлайсиз. Бу орқали сиз хайрли дуоингиз учун, суннатга эргашганингиз учун ва энг муҳими барча ишларингизни Аллоҳга топширганингиз учун юксак ажрлар соҳибаси бўласиз!

Дуо: “Аллоҳим, берган ризқингга мени қаноатли қил ва уни менга баракали эт, ҳар йўқ бўлувчиси ўрнига (янгисини) мен учун яхшилик қилиб бергин. Пишираётган таомимни мен ва аҳли оиламга хайр-баракали, ибодатларимизга куч-қувват бағишловчи, хайрли амалларга рағбат қилувчи, ҳаром амаллардан сақловчи ҳалол неъмат қилиб бергин. Аллоҳим, ҳар онда берган ризқингга ҳамд айтувчи бандаларингдан қилгин. Роббим, осон қил, қийин қилма ва яхшилик билан тугат. Омин!” (Бу дуо мисол тариқасида ёзилди. Истасангиз, ўзингиз ўзгартириш киритиб олсангиз ҳам бўлади.)

3.        Энди эса таомингизга керак бўладиган масаллиқлар поклигига эътибор беришингиз лозим, яъни ҳалоллигини текшириб олишингиз зарур. Агар гумонда бўлсангиз, яхшиси, ундан фойдаланмасдан, ўрнини босувчи бирор бошқа нарсани ишлатишингизни тавсия қилардим. Еяётган луқмамизга доимо сергак бўлишимиз керак. Ҳаром егулик истеъмолидан сўнг инсон организмидан қирқ кундан кейин чиқиб кетар экан. Бу эса мана шу кунлар ичида қилинган ибодатлар ва дуолар қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ-ойдин душмандир” (168-оят).

Бу ояти каримадан билиб оламизки, Роббимиз ер юзидаги биз учун инъом этган ноз-неъматларнинг ҳалол-покларидан ейишга рухсат бермоқда. Шайтон эса мўминларга ҳаром таомларни едиришга ҳаракат қилиб, Аллоҳ таолонинг измидан чиқаришга интилади. Биз-чи, унга эргашмасдан, томоғимиздан ўтаётган ҳар бир луқмани ўта эҳтиёткорлик билан, ҳалол ва поклигини текширган ҳолатда ейишимиз ҳамда оиламизга ҳам буни раво кўришимиз лозим.

4.        Кейинги энг муҳим бўлган яна бир амал шуки, ишимизни бошлаётганимизда, албатта, басмалани айтишимиз керак. Басмала – “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” (“Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман”) лафзидир. Ҳар бир эзгу ишимизни Аллоҳ номи ила бошлашимиз бу ишларимизга хайр ва барака олиб келади. Таом тайёрлаш жараёнида эса тилимиз зикрда бўлиши нур устига аъло нурдир.

Энди эса, азиз муслимам, тилга енгил, лекин савоби буюк баъзи зикрларни сизга ҳавола этамиз.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?” дедилар. Мен: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда у зот: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридандир”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога сўзларнинг энг яхшиси тўрттадир: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”. Уларнинг қайси биридан бошласанг, зарари йўқ”, дедилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, ўчирилади”, дедилар.

Бу тасбеҳнинг маъноси: “Аллоҳни Унга ҳамд айтган ҳолимда барча нуқсондан пок, деб ёд этаман” (“Саҳиҳул Бухорий”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Номаи аъмолида кўп истиғфор топган кишига жаннат бўлгай” (Ибн Можа ривояти).

Истиғфор: “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳ” (“Аллоҳдан мағфират қилишини сўрайман ва Унга тавба қиламан”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга бир маротаба саловат айтса, Аллоҳ унга ўн маротаба саловат айтади ва ундан ўнта хатони ўчиради” (Имом Бухорий ривояти).

Салавот: “Аллоҳумма солли аъла саййидина Муҳаммад”.

5.        Таом ва бошқа егуликларни тайёрлаётганимизда яна бир жуда муҳим жиҳатни эътиборга олишимиз керак: у ҳам бўлса, исроф қилмаслик. Масаллиқларни керагича, ортиқча ҳам, кам ҳам бўлмайдиган миқдорда танлаб олишимиз зарур. Керагидан ортиқ таом ва ичимликни исроф қилиб истеъмол этиш эса жисм учун зарар бўлгани сабабли ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (31-оят).

Аллоҳ берган неъматларни еб-ичиш гуноҳ эмас, балки уларни исроф қилиш гуноҳдир. Кўпгина инсонлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу ҳам тўғри, албатта! Лекин исроф дейилганда керагидан ортиқча емоқлик ҳам назарда тутилади. Бунинг олдини олиш учун эса тайёрлаётган овқатимизга керак бўладиган масаллиқларни етарлича олиб ишлатишимиз зарурлигини билиб оламиз.

   Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, биз муслималарга жудаям кўп неъматлар ато этилган. Охиратимизга заҳира йиғиб олишимиз учун жудаям кўп имкониятларимиз бор. Фақат уларнинг ҳар бирини ихлос ила Аллоҳ ризоси учун бажарсак, Аллоҳ насиб этса, барча ишларимизни ибодат даражасига чиқара оламиз. Бу юмушларда барча муслималарга Аллоҳдан нусрат, офият ва чин ихлос сўрайман. Ҳақиқий солиҳа аёл мақомига чиқишларида Аллоҳ куч-қувват ва сабр берсин. Бу даражотларини бардавом айлаб, аҳли оилалари учун том маънода иймон неъмати бўлишларини Роббим насиб айласин. Омин!

Шаҳзода Қаюмий

Мавзуга оид мақолалар
Кўчалар чангга тўлиб, кир бўлса, одамнинг кўнгли ёмғир тусаб қолади. quotЁмғир ёға қолса эди, чанглар босилиб, давоми...

21:16 / 01.04.2023 2317
Туркиянинг диний ишлар идораси «Оламларга раҳмат Пайғамбар» ҳафталиги доирасида ўтказиладиган бир қанча давоми...

11:28 / 04.03.2017 4034
  Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши агар эр яқинликка ожизлик давоми...

11:37 / 01.06.2017 3120
Кимлигингиз энди билдик биз Эллар аро маърифат чироғин ёққан, Қора кўнгиллардан зулматни давоми...

19:24 / 17.03.2017 4476