Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ким Аллоҳга яхшилик лутфлари ила юзланмаса, У Зотга имтиҳон занжирлари ила судралур.
Аллоҳ таоло ҳаким Зотдир, қайси пайтда қандай тасарруф қилишни, ҳар нарсани ўз ўрнига қўйишни билувчи Зотдир. Ҳаким сўзи инсонларга нисбатан ишлатилса, ҳар бир ишни ўз ўрнига қўйишни биладиган, сўзни ҳам, ишни ҳам ўз ўрнида, ўз жойида қўядиган одамни тушунамиз.
Аллоҳ таолонинг барча бандаларига неъматлари бор, ҳаттоки кофирларга ҳам. Аллоҳ тоалонинг инсонни яратгани, еру осмонни унга бўйсундириб қўйгани, унинг учун турли-туман озуқалар яратиб қўйгани, ҳайвонот ва бошқа махлуқотлардан турли мақсадларда фойдаланиши учун яратиб бергани ва бошқа жуда кўп неъматлар бунга мисолдир.
Шу неъматларни эътироф қилиш орқали банда инсонларга нисбатан тўғри муносабатда бўлади. Буни Аллоҳ таоло Ўзи тадбир қилиб турар экан. Мўмин бўлиб туғилган, ҳаётини мусулмон ҳолида, тоат-ибодатда ўтказган инсон неъматда бардавом бўлади. Аллоҳ унинг ризқини ҳам кенг қилиб қўяди, хулқини ҳам чиройли қилиб, инсонларга маҳбуб қилиб қўяди, сийратини ҳам чиройли қилиб, мазмунли ҳаёт беради. Лекин инсонлар бу йўлда бардавом бўлмас экан. Кўпчилик бу неъматларнинг қаердан келаётгани, уларни ким ато этаётганини тушуна олмайди, шу боис бу неъматларнинг шукрини ҳам адо эта олмайди. Бундай ҳолатда Аллоҳ таоло бандани қаттиқ ушлаб, занжирлар билан бойлагандек унинг бўйнини эгиб қўяди.
Аллоҳ таоло бизга неъматлар ато қилса, улардан фахрланиш, кибрланиш аломатлари пайдо бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло неъматларни нафсимизга эмас, ибодатга сарф қилишимизга муваффақ қилсин.
Баъзи инсонлар зоҳиран муҳтожга ўхшайди, лекин уларнинг чинакам бойлиги қалбида, қаноатида, Аллоҳ таолога келтирган шукронасида бўлади. Биз эса буни зоҳиран ҳукм қиламиз. Баъзи инсонлар кўринишидан неъматнинг ичида бурканиб ётганга ўхшайди, лекин дили, қалби фақир бўлади, Аллоҳ таолога шукр қила олмайди.
Шукр қилиш қандай бўлади? Биз одатда «алҳамдулиллаҳ» калимасини кўп айтадиганларни шукрли бандалар деб тушунамиз. Бироқ шукрни адо этишни «Яхшимисиз?» дейилганда «Аллоҳга шукр» дейиш билан чегаралаб қўйишимиз керак эмас.
Шукрнинг мукаммалотлари, яъни тўлдирувчилари бўлади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтсак, ҳақиқий шукр – уни дилдан эътироф қилиш, Аллоҳ таоло берган неъматни кўра олиш, бу неъматларнинг Аллоҳдан эканини қалбдан эътироф қилиб, хурсанд бўлишдир. Ана шу эътироф қалбда такрор бўлавергач, бу шукр тилга чиқади. Учинчи хилдаги шукр эса аъзолар шукридир. Аъзолар шукри – шукронани Аллоҳ таолога амалий кўрсатишдир. Мол-дунё насиб қилса, уни яхши мақсадларга ишлатиш, Аллоҳ буюрган ишларга сарф қилиш мол-дунёнинг шукридир. Аллоҳ илм берса, уни жидду жаҳд билан инсонларга етказиб бериш эса илм неъматининг шукридир.
Аммо бундай мукаммал шукр қилувчи бандалар жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда Сабаъ сурасида шундай марҳамат қилади:
«…Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир».
Энг саодатманд инсонлар – саҳобалардир. Зеро, сабр мақомида, шукр мақомида уларга ҳеч ким тенглаша олмайди.
Аллоҳ таоло бандани неъмат ёки бало орқали синайди. Уларнинг иккиси ҳам синов учун келади. Уламоларнинг айтишича, Аллоҳ таолонинг неъмат бериб синаши бало бериб синашидан кучлироқ бўлади. Чунки йўқчилик, муҳтожлик пайтида, бало-офат, мусибатга дучор бўлган пайтда инсон Аллоҳга бўйсуниб, кўпроқ ибодат қила бошлайди, нажот ва кушойиш сўраб, астойдил илтижо қилади. Лекин неъматнинг ичида туриб, неъматга ғарқ бўлиб туриб, бунчалик тазарру қилиши қийин бўлади. Агар банда бу неъматларнинг шукрини адо қилмаса, Аллоҳ таоло бало юбориб, бандани Ўзига тавба қилишга мажбур қилиш учун яна бир фурсат, имкон бериб қўяди. Бу ҳам катта бир неъматдир. Агар бу икки тоифадаги инсонлар тавба-тазарру қилиб, Аллоҳга етишса, саодатга эришадилар.
Аммо шундай бир тоифа инсонлар борки, улар қанча ёмонлик қилишса ҳам, Аллоҳ уларни неъматда бардавом қилиб қўяди. Бундай имтиҳон истидрож дейилади. Аллоҳ таоло бундай кимсаларга маълум муҳлат бериб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди, улар эса ўзларини бу неъматларга лойиқ санаб, бемалол юраверишади. Оқибатда уларнинг жазоси Қиёматга қолади. Аллоҳ бундай оқибатдан Ўзи сақласин.
Муқарраблар – Аллоҳ таолонинг неъматини бошидан эътироф қилиб, шукр қилганлар, агар бошидан шукр қилмаган бўлса, бало келган заҳоти ўзини ўнглаб олганлардир.
Одинахон Муҳаммад Юсуф