НОШУКРЛИК – НEЪМАТНИНГ ЗАВОЛИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким неъматларга шукр қилмаса, албатта унинг заволига учрайди. Ким уларга шукр қилса, уларни арқонлар билан боғлайди.

Неъматлар тўғрисида сўз борар экан, бу борадаги энг муҳим илоҳий қоида шуки, Аллоҳ таоло неъмат берганда банда унинг шукрини комил шаклда келтирадиган бўлса, ўша неъматни давомий бўлишига ва айни пайтда зиёда ҳам бўлишига муваффақ бўлади. Шунинг учун бу ерда неъматга шукр қилиш худди уни арқон билан боғлаб олишга ўхшатиляпти. Аллоҳ таоло ҳаммага баробар неъмат бериб турибди. Бироқ бу неъматга шукр келтира олмасак, неъматдан маҳрум бўламиз. Масалан, Аллоҳ таоло бир инсонга саломатлик неъматини бериб турибди. Лекин инсон қалбан ўша нарсани ҳис қилмаяпти. Ҳар хил муаммоларини, етишмовчиликларини – ким биландир келиша олмаётган бўлса ёки мол-мулкда етишмовчилик бўлса, уларни ўйлайвериб, ҳеч ўзига келмаяпти. Ҳатто ён-атрофидаги бемор кишиларни кўриб туриб ҳам уларга ибрат кўзи билан қарай олмаяпти. «Аллоҳим, тўрт мучам соғ, ҳаракат қилиб турибман, кўзимнинг нуқсони йўқ, қулоғимда нуқсон йўқ, забонимда нуқсон йўқ», демаяпти, умуман қалбида шукроналик ҳисси йўқ. Ким дуч келса, унга бировларни ёмонлаб, норози бўлиб турибди. Ана шунда бу инсон саломатликнинг шукрига етмагани учун, уни қалбан эътироф қилмагани учун ёки ўша сиҳат билан яхши ниятда ҳаракат қилмагани учун Аллоҳ таоло беморлик синовини юборади. Шундан кейин ўзига келиб, «Йўқчилик бўлса ҳам, оёғим қимирлаб турган экан, баъзи ишларимда муаммо бўлса ҳам, кўзим кўриб турган экан», дея ўзини йиғиштириб олади. Шунинг учун ҳам айтиляпти: «Сиҳатнинг неъмат эканини билмадингми?» Мана, энди касал бўлганида унинг неъмат экани юзага чиқади ва У Зот соғлиғини олиб қўйган бўлади. Агар саломатлиги жойида бўлган пайтда қандайдир муаммо бўлиб қолса ҳам, «Майли, оёқ-қўлим ишлаб турибди, ишлаб турсам, ибодатда маҳкам бўлиб, яхшилаб дуо қилсам, саъй-ҳаракат қилсам, муаммоларим хал бўлиб кетади», деб ҳаракат қилганида, ўша сиҳатнинг шукрини адо этган бўлар эди.

Ношукрликка яна бир мисол. Ота-она фарзанди илм олиши учун ҳамма шароитни яратиб қўйган, ўқийман деса, илм олдида, муаллимлари ҳам ёнида, дарсга ҳам ҳозир бўлиб турибди. Лекин эътиборли бўлмади, бунинг буюк неъмат эканлигини билмади, бошқа нарсаларнинг ғами билан юрди. «Турмуш қуришим керак, қачонгача шундай юраман, қачон ишлаб, қачон пул топаман» деб, илм олишнинг ғанимат фурсатини қўлдан бой берди. Кейин ўша неъмат ҳам йўқ бўлиб қолди. Қараса, устоз топа олмаяпти ёки илм олишга бошқа муаммо тўсқинлик қиляпти.

Банда сабр ва тавба-тазарру билан ўзини ёмонликдан қайтариб олса, неъмат яна ўз ўрнига тушади ва яна бардавом бўлаверади.

Аллоҳ таоло айтади: «Роббингиз: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта зиёда қилурман. Аммо куфр келтирсангиз, азобим шиддатлидир», деб эълон қилганини эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бу ердаги «куфр» сўзи иймоннинг зидди бўлган куфр эмас, балки неъматга куфрона, яъни ношукрлик, неъматни эътироф қилмасликдир, уни қалбан ҳис қилмаслик, тил билан эътироф этмаслик ва шунга яраша амал қилмасликдир.

Шукр – неъмат берувчи Зотга ҳамду сано айтиш ва бу неъматни Ўзининг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир.

Шукр қилишнинг турли кўринишлари бор. Бунга қалбан шукр қилиш, тил билан ва амал билан шукр қилишни мисол қилиб келтирамиз. Зикр қилинган ушбу оят неъматга қалбан шукр қилиш кераклигига далилдир. Тил билан шукр қилишга ҳам оятларда далил бор:

«Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амалларни қилишимга илҳом бергин. Менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Мен тавба қилдим ва мен мусулмонларданман» (Аҳқоф сураси, 15-оят).

«Роббингнинг неъмати ҳақида сўзлагин» (Зуҳо сураси, 11-оят).

Неъматга амал билан шукр қилишга ҳам оятларда кўп мисоллар бор:

«Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай яхши банда! У ниҳоятда сертавбадир» (Сод сураси, 30-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаси ва пайғамбари Довуд алайҳиссаломга бошқа бир пайғамбарни – Сулаймон алайҳиссаломни ўғил қилиб берганини айтиб, Сулаймон алайҳиссаломни мадҳ қилмоқда. Сулаймон алайҳиссалом «Нақадар яхши банда!» деб таърифланмоқда. Бундай юксак таърифга сабаб бўлган энг кўзга кўринган хислатлардан бири Сулаймон алайҳиссаломнинг шукридир, ҳар бир ишда Аллоҳга қайтувчи, доимо Аллоҳга тавба қилиб турувчи эканидир.

Неъматларнинг қадрини билмаган одам ўша неъматнинг заволига учрайди. Имом Бутий бу ҳақда ажойиб қисса айтиб берадилар:

«Бир куни илмда, тариқатда машҳур бўлган муршидларнинг ёнида ўтирсалар, бир кишини икки ёнидан суяб олиб киришибди. Унинг оғир ҳолатини кўриб, «Бу киши ким?» деб сўрашибди. «Қўлида кўп имкониятлари бўлган генерал. Лекин у ўзига берилган мақомларнинг шукрини қилмай, одамларга жабр-зулм қилган экан. Аллоҳ бир бало юбориб, оёқ-қўлини шол қилиб қўйибди», деб жавоб беришибди. Генерал: «Мана шу одамни қидириб топиб, аҳли хайр билан бирга ўтирсам, солиҳларнинг суҳбатида бўлсам, шояд Аллоҳ шифо берса» деб, ўзи юра олмаса ҳам, икки кишига осилиб, бўйнини эгиб келган экан.

Яна бир ҳодиса: шуҳрат топган, ўз ширкатига эга бўлган, катта мартабаларга эришган бир инсон «Араблар ўзига берилган имкониятни яхши йўлга қўйса, бутун дунёга подшоҳ бўлишар эди» деган мақола ёзади. Аллоҳ таолонинг фазлу карамини эсига олмай, катта мақола ёзиб, нашр қилиб юборади. Мақоланинг қисқача мазмуни шундай: «араблар подшоҳликка эришган бўлар эди, лекин ўзларининг нуқсонлари билан орқада қолиб кетишяпти». Ўша одамга ҳам бало келиб, оёқ-қўли ишламай қолади. У билан бир мажлисда кўришиб қолишганида у: «Жуда катта хато қилган эканман, ўзимнинг кучимга ортиқча ишониб юборган эканман. Шу пайтгача жонсиз бўлиб ётдим, ўз аъзои баданим ўзимга бўйсунмади. Лекин қаттиқ тавба қилиб, ибодатга киришиб, бўйин эгганимдан сўнг меҳрибон Аллоҳ шу ҳолимда ҳам умра сафарини насиб қилди. Бориб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни зиёрат қилиб, Каъбани тавоф қилиб, ибодат қилиб келдим», деб хурсанд бўлган экан.

Бу инсонлар аслида бахтлидирлар. Кўзимизга бало бўлиб кўрингани билан, ана шу фалажлик, беморлик уларнинг Аллоҳга қайтишига, ўзини ўнглаб олишига сабаб бўлган. Бунинг ҳикмати шу...

Бир инсон билан суҳбатлашсангиз, гўё унинг дарду ғами дунёни тўлдиради, бошқа одамларда эса бундай ташвиш йўқдек! Дарҳақиқат, шу банданинг ўлчовида, дунёвий бандалар ўлчовида бу ишлар мусибатга ўхшайди. Лекин мусибат баробарида шу одамга ҳеч қандай неъмат берилмаганми? Нима учун биз шу нарсани эътироф қила олмаймиз? Майли, бу одам қарзга ботган, лекин саломатлиги жойида, ота-онаси бор, оиласи тинч, кундалик таоми топилиб турибди, бошпанаси бор... Демак, буни мусибат деб бўлмайди. Энг катта мусибат – неъматни қалбан эътироф қила олмаётганимиздир. Ахир бизга берилган энг буюк неъмат – Ислом эмасми? Мусулмон эканимизнинг ўзи учун ҳар қанча шукр қилсак, оз эмасми? Ўзимизча қаерларгадир югуриб, «Бизнинг юртимизда у йўқ, бу йўқ, фалон нарсадан маҳрум қилинганмиз» деб, қаёқдаги ташвишлар билан овора бўлиб юрамиз! Ваҳоланки, қандай ҳолатда бўлсак ҳам, алҳамдулиллаҳ, аввало мусулмонмиз! Миллатларнинг энг яхшисимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг умматларимиз. Ахир бу дунёга келиб, бир марта бериладиган ҳаётини яшаб, динимизни билмай юрганлар ҳали қанча! Буни қалбан ҳис қилиш керак. Бу билан ўзимизни ҳар қанча бахтиёр ҳис қилсак арзийди! Бундан ташқари, оилада ибодатингизни эмин-эркин адо этяпсизми, сатри авратингизга тақиқ йўқми, илмни бемалол ўргана олаяпсизми, ризқингиз келиб турибдими? Ахир буларнинг ҳар бири бутун умрга татийдиган олий неъматлар-ку! Эрталаб соғ-саломат, тинч-омонликда уйғониб, тонгги ибодатларимизни адо этаётганимизга хурсанд бўлиб, бунинг шукронасига бошқа ишларга ҳам тезроқ ҳаракатда бўлишимиз лозим. Ана шунда шукрлар мукаммал бўлади. Шукр ҳам тариқатдаги, тасаввуфдаги катта бир мақомдир. Шукр шундай мақомки, унинг даражаси ҳатто ризо мақомидан ҳам улуғдир, чунки ризода фақат рози бўлиш бор. Тўғри, ризо ҳам юксак мақом бўлиб, Аллоҳнинг ҳузуридан нимаики келса, рози бўлиб қабул қилиш, балони ҳам, неъматни ҳам Аллоҳдан келган синов деб рози бўлишдир. Лекин шукрда неъматни эътироф қилишдан ташқари, бундан мамнун бўлиш, хурсанд бўлишдан ташқари, ушбу неъматнинг шукрини адо этиш, шунга яраша саъй-ҳаракат қилиш ҳам бор. Шунинг учун ҳам шукрнинг мақоми янада юксак дейилади. Биз эса ана шу тариқа тўғри шукр қилиб, уни ибодат мақомига олиб чиқиб, бу ибодатда бардавом бўлишимиз, шукр учун ҳам, сабр учун ҳам, зикр учун ҳам доим нафсимизни муроқаба қилиб туришимиз керак. Аслида руҳий тарбия – жидду жаҳд, ҳаракатдан иборат бўлиб, бирданига натижага эришиладиган нарса эмас. Бу мақомга доимий машқлар, кўп шуғулланиш натижасида эришилади.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм ҚАДР КЕЧАСИ ҲАҚИДА Қадр кечаси ҳақида ўзбек тилида ҳам анчамунча давоми...

21:36 / 09.03.2017 8671
Аввал маълум қилганимиздек, бугун 19 март куни Наврўз тантаналар уйида Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Муборак давоми...

08:44 / 20.03.2018 3342
Худайбия жанги Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан умра ниятида Мадинадан Маккага қараб йўл давоми...

15:53 / 21.02.2017 4170
Олмазор туманида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасида Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов давоми...

15:29 / 14.02.2018 3110