Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ифторликда муздек шарбатни ичиб, шом намозини ўқиб бўлгач, дугоналарнинг ёқимли даврасида ёстиққа ёнбошлаб, турфа таомлар тортилади. Гулзордаги гуллар каби турлича рўмоллар ўраб олган қиз-аёллар хонтахта (стол) атрофида мароқли суҳбатлашишмоқда. Нима ҳақида?
Кўпинча ўтган кун ҳақида, кундалик ҳаёт қийинчиликлари ҳақида, оналик хурсандчиликлари ҳақида, куннинг исиб кетгани ҳақида ва, албатта, таниш-билишлар ҳақида... “Фалончихон ўранган эди, кейин ечиб юборибди”. “Пистончихон эса намоз ўқимасмиш”. “Нариги маҳалладаги фалон қўшни ажрашибди”. Шу тариқа ажойиб нурафшон даврани қора булутлар қоплаб, ғийбатлар зулматига айланиб боради.
Ўзи йўқ киши ҳақида ҳар хил гап-сўз айтишдан тийилиш учун кимларгадир кучли ирода керак. Ахир гапни бошқаси бошлади-ку! Умуман олганда, биз фақат суҳбатлашдик, ҳақиқатни айтдик, ёмонликдан огоҳлантирдик. Аслида эса, Қуръон оятига кўра, биз биродаримизнинг гўштини едик (Аллоҳ сақласин)!
Жим бўл, эй аёл!
Бир тадбирда Қуръон ўқилаётган пайтда бир нечта ўранган, қувноқ қизлар тап тортмай, шу қадар жарангли хохолашадики, Қуръоннинг бирор сўзи ҳам эшитилмайди. Балки сиз ҳам шундай ҳолатга гувоҳ бўлгандирсиз?! Дугонасини кўрганидан ўзини тутолмай, хурсандчилигини шундай “изҳор” қиладики, гўё унинг хотирасидан мажлис одоблари тугул оддий ўзини тутиш қоидалари ҳам ўчиб кетгандек. Ахир Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).
Сукут сақлай олиш, ўзини қўлга ола билиш – муслимага ёшликдан ўргатилиши лозим бўлган юксак одоблардандир. Бу камтарлик, тўғри тарбия, ҳалимлик ва ҳурмат аломати саналади.
Катта гапирганда, эр норози бўлганда, ота-она насиҳат қилганда, дугонаси билан суҳбат тортишувга айланганда... биз айтишимиз муҳим деб билган нарсаларни кейинга қолдириб, сукут сақлашимиз ўзимизнинг иймонимиз учун хавфсизроқ ва ақллироқ иш бўлган ҳолатлар талайгина.
Совчилар келганда қиз болага ўз сукути билан розилик бериш ҳаққининг берилгани бежизга эмас. Бу гўзал ва муносиб, қиз бола учун мақтовга сазовор одоб. Ҳамма нарса ҳақида лақиллаш ва беҳуда суҳбатлар қалбимизни аввал ҳайратга солиб, жалб қилади, кейин эса ўзига тортиб, тўғри йўлдан адаштиради.
Модомики, Аллоҳ таоло аёл кишини гўзал овоз билан сийлаган экан, бу овоздан фойдаланишнинг энг афзал йўли – Қуръон ўқишдир. Агар нотиқлик билан сийлаган бўлса, уни инсонларга диннинг гўзаллигини тушунтиришга сарфласин. Агар бировларни ишонтира олиш қобилияти бўлса, инсонларни фарз ва нафл амалларни қилишга чақирсин. Энди агар қиз боланинг ягона “қобилияти” кишиларнинг ёмон жиҳатларини топиш ва устидан кулиш бўлса, у ҳолда сукут сақлаш унинг учун энг афзал ҳолат, даво ҳамда ҳимоядир.
Бу ерда гап фақат бировни ёмонлаш тўғрисида эмас. Воқеликка алоқаси йўқ бўлган нарсаларни, қуруқ гапларни гапириб, вақтни кетказишдан на бу дунё учун, на охират учун фойда бор. Бу очиқ-ойдин исроф эмасми? Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир”, дея марҳамат қилган (Муъминун сураси, 3-оят).
Аиша Умму Адам,
рус тилидан эркин таржима