Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманнир Роҳийм.
Ойларнинг султони Рамазони шарифга етказган, «Рўзадорларнинг тутган рўзалари савобининг мукофотини Ўзим бераман», деган Аллоҳим, Ўзингга ҳамду санолар бўлсин!
Рўзадорларга жаннат хушхабарини етказган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду салавотлар бўлсин!
Шундай файзли ойда ижтимоий тармоқлардаги, атрофдаги айрим воқеа-ҳодисаларни ўқиб кўриб, ҳам хурсанд бўласан, ҳам хафа бўласан киши. Савоб ишлар билан машғул бўлаётган мусулмонларнинг қилаётган иши кўзни қувонтиради. Кимдир Аллоҳдан қўрқиб, бу нафсдан тийилиш ойида тамаддихонасини бир ойга беркитиб қўйса, кимдир узоқ-узоқдаги касал, бева, муҳтожларга ёрдам бериш илинжида садақа-ю эҳсон қилиб юрибди. Яна кимдир ўз шифокорлик касбидан фойдаланиб, кам таъминланган оилалар, кўп болали ва мискинларга бепул даволаш билан ёрдам беришини айтмоқда. Кимлардир эса Аллоҳнинг розилиги учун ошпазлигидан фойдаланиб, муҳтожларга бепул овқат улашиш илинжида. Айримлар қарияларнинг ҳолидан хабар олиш билан, яна кимлардир ўқиб-ўргансин, деб фойдали китобларни эҳсон қилиш билан овора. Бундай мисолларни давом эттиришимиз мумкин. Аллоҳ барчангизни шунчалик қилаётган хайру эҳсонингизни қабул қилсин, деймиз, албатта.
Афсуски, иккинчи тарафдан олиб қаралса, кимларнингдир Рамазон ойи келганидан, бу ой қандай ой эканидан бехабардек ўзини тутишидан ёки хабари бўла туриб, нега амал қилмаганидан ҳайрон бўламиз.
Ғайридинлар орасида, яъни мусулмон бўлмаган давлатда кўпроқ яшаганим учун буларнинг ўз диний байрамига қанчалар содиқлигини кўриб лол қоламан. Гўё биздан ўзиб кетгандай. Ҳар йили "Рождество" ва "Пасха" байрамларида магазиндаги маҳсулотларга "чегирма" қилиб қўйишади. Телевизорда махсус кўрсатувлар эфирга узатилади. Қариялар ва ногиронларни йўқлаб, моддий ва маънавий томондан кўнглини олиб кетишади. Бизда-чи? Баъзи бир савдо эгалари "Рамазон келяпти", деб маҳсулоти устига қанча миқдор кўп нарх қўйиб олишади. Чунки рўза тутгани ҳамма харажат қилади-ку ахир! Шунда катта фойда кўриб оламан, дермикин-а!? Ахир ўйлаб кўринг, ҳамманинг ҳам қиммат харажат қилишга имкони йўқ!
Бу ой нафсни тийиш, ибодат ойи, дейилишига қарамай, билиб билмасликка олган қанча аёлларимиз, ўзингизни энди кўзгу рўпарасига қўйиш вақти келмадимикин?! Тўғри, "Ўзинг кўзгуга қарадингми?" дерсиз!? Ҳа, хатоларимни тўғрилашга ҳаракат қилмоқдаман. Келинг, сиз ҳам, ҳеч бўлмаса, шу Раҳмат ойида камчилигингизни тўғриланг. Дала ишингизни тушликкача қила қолинг! Имконингиз бўла туриб, "Кеча экиб, чопиб қийналдик, оғзимиз қуриб қолди, шунинг учун бугун рўза тутмадик", деманг! Илтимос! Зеро, Рамазон рўзасини ўз ўрнида тутганингизнинг Аллоҳ томонидан берилажак мукофотини, марҳамати нима эканини ҳис қила қолинг. Бу иш тугамаган, тугамайди ҳам!
Шу кунларда "Келин чақириқ", "Ота кўрди" ва шунга ўхшаш маросимларни ўтказаётган муҳтарама аёллар, бу маросимларни кейинги ойга сурсангиз, яхши бўларди. Ифтор бахонада беш-олти хил овқатни тайёрлашга ўғил-қизингиз, дастурхон безаш билан келинларингиз овора. Сиз эса қудага, келинга олган сепларингизни санаш ва сизга қандай сеп кийдиришларини ўйлаш билан банд бўлиб қоляпсиз. Шуни билдимки, бу ой нафсни енгиш, кўпроқ Аллоҳга ибодат қилиб олиш ойи экан...
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, дунё бўйлаб Роббимиз марҳамати, раҳмати ила йўғрилган Рамазони шариф кезмоқда. Қанчадан-қанча суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари бу муборак ойдан бахра олмоқда. Озми-кўпми, савоб умидида фарз қилинган амалларни Роббимиз буюрганидек бажариб, рўза тутмоқдалар. Аллоҳ қабул қилсин! Бу муборак ой шарофати ила хатми Қуръонлар, таровеҳ намозлари мусулмону муслималар тарафидан Аллоҳнинг розилигини истаб, Роббиларининг зикри ила давом этмоқда. Уларнинг қилаётган амалларини кўриб, кўзларимиз қувонади. Аллоҳим, биз марҳаматингдан умидвормиз! Рамазон моҳиятини тушунмай, ўзлари бидъат чиқариб олган бандаларингни Ўзинг тўғри йўлингга бошлагин! Холис Ўзингнинг йўлингда рўза тутиб, ибодатда қойим бўлган бандаларингни Райён жаннатингда жамлагин!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Гулнозахон