Қизларим, она қизларим…
Ҳозир Сизнинг мурғак вужудингизда энг буюк мўъжиза – аёллик табиати шаклланмоқда. Бироқ замоннинг талаби ва модани деб сиз уни нобуд қиласиз. Сиз ҳозир қаҳратон қишда ҳам мода деб кийиб юрган кийимлар (агар уларни кийим дейиш мумкин бўлса) баданингизни совуқдан, изғирин шамоллардан ҳимоя қила олмайди.
Бир неча йиллардан кейин эса гинеколог кичик тос суяги атрофида сурункали шамоллаш давом этиб келганини, энди даволашга кеч бўлганлигини айтиб қолиши мумкин, Худо кўрсатмасин… Тўғри, шифокор сизни даволашга ҳаракат қилиб кўради, бироқ бугунги тиббиётнинг энг замонавий технологияларига қарамай, кўпчилигингиз энди ҳеч қачон она бўла олмайсиз…
Қизларим, она қизларим…
Балоғат ёшида қалбингизга илк севги меҳмон бўлади. Меҳмон бўлса – марҳабо, бу гўзал туйғу барчангизга муборак бўлсин! Ҳақиқий севги инсонни маънавий ва руҳий камолотга етаклайди, бироқ бу нарса биз айтган ана шу ҳақиқий севгимикан? Бироқ бу нарса юзаки эҳтирос бўлиб, «зерикарли кунлар»ни қизиқроқ ўтказишга ҳавас бўлса-чи?
Агар бу «туйғу» сизни алдаб, севги деган нарсамиз патологик шаҳватга айланиб кетса-чи? Бу нарсани тўхтатиб қолиш мумкинми? Бундай вазиятларда кўпинчи тормозлар ишламай қолади. Кўнглингизга ўрнашиб қолган нарса учун ҳамма нарсага рози бўлиб қолганингизни сезмай қолсангиз-чи?..
Уни қор-ёмғирга қарамай, соатлаб подъезд олдида кута оласиз, унинг бир оғиз таклифи билан энг қалтис чегараларни бузиб ўта оласиз – дискотекага борасиз, сигарет чекиб кўрасиз, алкоголь, наркотикларни татиб кўрасиз, энг даҳшатлиси – энг муқаддас нарсани – ўзингизни унга бағишлайсиз… Кейин эса унга керак бўлмай қоласиз.
Қўнғироқларингизга, СМСларингизга жавоб бермайди, кўчада кўришиб қолсангиз, қаергадир шошиб турган бўлади, хуллас, сиз унинг жонига тегибсиз, у сиздан бир амаллаб қутулмоқчи! Севги-муҳаббатингиз, эҳтиросларингиз фойдасиз, асоссиз бўлиб чиқади – ахир уни ўзингиз бўрттириб, бўяб, кўз-кўз қилган эдингиз-да! Аслида ҳеч гап йўқ эди-да!
Ана энди бу оғир вазиятдан чиқиш йўлларини қидириб қоласиз. Табиатан қизиққон, ўжар, сиркаси сув кўтармайдиган қизлар шартта ўз жонига қасд қиладилар – ўзларини машина остига ташлайдилар, томирларини қирқадилар, таблетка ичадилар… Баъзилар ўзини жонига қасд қилган қилиб ҳам кўрсатади – жон ширин, ота-онасини ва айниқса, ўша йигитни қўрқитиб, эътиборини қаратишга уринади… «Ишқилиб, у қайтиб келса бўлди…». Баъзи қизлар газеталарга дардини тўкади – бевафонинг исмидан фақат бош ҳарф ёзилган бўлади. Қолгани – деярли бир хил.
Афсуски, бундай пайтларда «бевафо»лар ота-онага қараганда анчагина хотиржам бўлишади, «ўз жонига қасд қилиш» ҳоллари қайта-қайта такрорланса ҳам, «йигит ўлгур» ҳеч қайтавермайди. Қиз эса ҳали психотерапевтга, ҳали психиатрга қатнай бошлайди. Афсуски, дарз кетган руҳият билан энди ҳақиқий, тўлақонли ҳаётни бошлаш жуда қийин кечади.
Минг афсуски, баъзан алданган қизларнинг нафратга тўла қалбларида ўч олиш мақсади аланга олади. Бу даҳшатни қарангки, ҳаётни давом эттириш учун яратилган бўлажак оналар «менга бўлмаса, ҳеч кимга бўлмасин» қабилида кимнингдир ҳаётига якун ясашга қарор қилади. Оқибатда кимдир ҳаётдан кўз юмади, кимдир эса бир неча йилларни вояга етмаганлар колониясида ўтказиб келади… Энди бундай ўтмиш билан янги ҳаёт бошлашнинг нақадар қийинлигини айтиб ўтириш шарт эмас.
Бироқ бу вазиятдан чиқишнинг яна бир уятли, шармандали варианти ҳам учраб туради – бир қўшиқда айтилганидек, «сочимдан кўп ошиғим, сен бўлмасанг – бошқаси». Сенга керак бўлмасам, бошқа биттасига керак бўлиб қоларман… Бу «вариант»нинг жавоби тезгина топила қолади ҳам.
Бу «вариант»да йигитларга сиздан нима кераклиги аниқ бўлиб турса ҳам, парво қилмайсиз, ўч олсангиз бўлди, муҳими – «йигитингиз» бор. Бироқ энг ёмони шуки, буниси ҳам ташлаб кетса, яна бошқаси топилади, кейин яна бошқаси, кейин яна… «Қўлма-қўл» бўлиб кетасиз. Балки ўйнаб-кулиб яшаш, яхши еб, яхши кийиш учун фақат тўшак талаб қилинади, деб ўйларсиз, бироқ бу – ширин ёлғон! Аччиқ ҳақиқат борлигини тан олмай иложингиз йўқ.
Наркологик клиникалар ёки тери-таносил касалликлари диспансерлари ана шу ширин ёлғонга алданган йигит-қизлар билан тўлиб-тошиб ётибди. Сизни у ерда даволатиш ота-онанинг чўнтагига ҳам, соғлигига ҳам қақшатқич зарба беради. Бундай стационарларнинг ичига кириб-чиқиб юришнинг ўзиёқ руҳиятингизда оғир асорат қолдиради.
Қанийди, ҳаммаси шу билан тугаса… Бетартиб жинсий ҳаёт кечириш бундан ҳам оғир оқибатларга олиб келади. Сизга ўхшаган қанча-қанча қизлар аборт қилдиришга келадилар. Вояга етмаган қизлар ўртасида аборт қилдирганлар сони ҳеч қайси статистика маълумотларида аниқ берилмайди. Бунинг иложи йўқ. Баъзи хусусий клиникаларда эса на исмингизни, на ёшингизни сўрашади – пул бўлса бўлди.
Шифокор аборт қилдиришга келган қизларнинг, тахминан, ўндан бирига рад жавобини беради – аборт қилдиришга кеч бўлган ёки бу она организми учун хавфли бўлади. Она бўлиш ҳар бир аёл учун бахт бўлса-да, юқоридаги ҳолатда фарзанд кўрган ёш оналарни ҳам, улардан туғилажак бегуноҳ болаларни бахтли дея олмаймиз. Кимдир тақдирнинг бу оғир синовидан тўғри хулоса чиқариб, тўғри йўлни танласа, тавба қилиб, гуноҳини ювишга интилса, майлига, бироқ бунинг акси бўлиб чиқса-чи?
Баъзиларингиз шифокор рад қилса ҳам, аборт қилишни талаб қилиб туриб оласиз, баъзиларингиз уй шароитида бошқа «халқ» воситаларни қўллаб кўрасиз… «Кераксиз» ҳомиладан қутулмоқчи бўласиз… Баъзан бунинг уддасидан ҳам чиқасиз. Аммо кўпинча кечиккан аборт онанинг ўлимига ҳам сабаб бўлади, яна бу ишнинг жиноий жавобгарлиги ҳам бор. Энг даҳшатлиси шуки, ҳомиласи қорнидалигида ундан қутула олмаганлар уни туғилган заҳоти ўзлари ўлдирадилар!!! Бу гуноҳнинг нақадар оғирлигини айтишга тил ҳам бормайди.
«Омади келмай», аборт қилдира олмаганлар турли воситалар билан ҳомиласидан қутуламан, деб ҳали туғилмаган мурғак чақалоқни майиб-мажруҳ қилиб қўядилар. Нимжон, ногирон, тани носоғ, ақли заиф туғилган болаларнинг кўпчилиги ана шундай она деб номлашга нолойиқ кимсалардан туғиладилар.
Яна баъзилар болани туғиб, уларни ё ота-онасига (ҳар тугул), ё давлатнинг қарамоғига ташлаб кетиб, «тирик етим»ларнинг сонини кўпайтирадилар.
Қизларим, она қизларим…
Юзингиз илк қордек беғубор, тоза бўлса ҳам, косметикага бир дунё пулни сарфлаб юборасиз. Косметик воситалар зарарли бўлади, демоқчи эмасмиз. Бироқ юқори сифатли, фойдали, ҳақиқий косметика маҳсулотлари жуда қиммат бўлади. Сиз эса уларнинг энг арзон ва сизга энг зарарлисини сотиб оласиз.
Ойдек юзларингиз помадалар, бўёқлар, ранглар таъсири остида нобуд бўлади. Уруш сўқмоғига чиққан ҳиндулар ҳам сизчалик бўянмагандир… Энг сўнгги модада турмаклатаман деб, турли геллар, мусслар, лаклар билан сочингизнинг асл чиройини йўқотгансиз, кимёвий воситалар билан аёвсиз ишлов берилган бу сочлар энди ҳеч қачон асл ҳолига келмаса керак…
Эҳ, билсангиз эди, аёлларда тери раки касаллиги қанчалик кўп учрашини, бу касаллик, асосан, эркакларда эмас, аёлларда учрашини, бу касалликнинг асосий сабаби эса ҳаддан ташқари кўп ишлатилган сифатсиз косметика эканлигини билсангиз эди…
Қизларим, она қизларим…
Бу йўлга қандай кириб кетдингиз ахир! Бошида ҳаммаси яхши кетаётган эди-ку… Йўқ, сиз ҳаммасини билардингиз, билиб туриб, ҳақиқатга тик қарагингиз келмади. Эсингизда бўлса, синфингизда бир қиз бўларди – камтаргина, жимгина юрарди, яхши ўқирди, дискотекаларга бормас, йигитлар билан ортиқча гаплашмас, ичкиликнинг яқинига йўламас, ҳатто чекишга ҳам қизиқмас эди. Унинг ҳаёти сиз учун зерикарли туюлар, «Ҳеч нарса мумкин эмас экан-да» деб унинг устидан кулардингиз…
Ҳар доим узун кўйлак кийиб, рўмол ўраб юрадиган бу қиз ўзини қанчалик четга тортса, сиз шунчалик унга тегажоғлик қилардингиз. Йигитларнинг унга ҳурмат билан, ҳатто бироз ҳайиқиб муомала қилиши эса сизнинг ғашингизга тегарди. Ҳа, тан олишга мажбурсиз, йигитлар очиқ-сочиқ юрадиган, тап тортмай гаплашиб кетаверадиган қизларга унчалик эътибор беришмайди, чунки уларга етишиш қийин эмас. Кўзга кўринмас ибо пардасига ўралган, эркак кишига тик қарамайдиган қизлар эса бошқа гап.
Ўша қиз мактабни аъло баҳоларга битирди, олий маълумот ҳам олди, ўзига муносиб ишга ҳам кириб олди. Ҳозир у турмушга чиқиб кетган, тез-тез ота-онасиникига турмуш ўртоғи билан, соғлом болаларини етаклаб келиб туради…
Қизларим, она қизларим…
Компьютерда сиз ўқиётган ушбу сатрларни ёзар эканман, деразадан пастга қарадим. Сизга ўхшаш қизлардан бири, балоғат ёшига етиб қолган қизгина тротуардан шошиб кетиб бормоқда. Устига шаффоф топик билан на мини-юбка, на «макси-пояс» деб бўлмайдиган нарсани илиб олган… Қизгина, қаёққа шошиласан, нимани қидиряпсан? Тўхта, ҳали кеч эмас, тўхта! Уйингга қайт, ўзлигингга қайт. Сен бошқача ҳаёт учун, бошқа мақсад учун яратилгансан! Сен бахтли бўлишинг керак!
Қизларим, она қизларим…
Фотима Манзур (Абу Муслим, эркин таржима)