Бола йўқолишининг қандай олдини олиш мумкин?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Охирги
пайтларда ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ортгани сайин болаларнинг йўқолгани ҳақидаги
хабарлар тобора кўпроқ кўзга чалинмоқда. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, дунёда
2017 йили 800 минг йўқолган бола қайд қилинган. Бу – кунига 2191 та бола
дегани. Албатта, булар орасида ўзлари қочиб кетганлари бор, йўқолгандан кейин
топилганлари бор ва ҳоказо. Лекин аслида йўқолган болалар сони битта бўлса ҳам,
уни кўп деб ҳисоблаш мумкин. Хўш, болалар йўқолишининг олдини олиш мумкинми?
Боланинг
йўқолиб қолиши ҳар қандай ота-она учун даҳшатли туш каби бўлса керак:
ортингиздан келаётган ёки ёнингизда турган дилбандингизга назар ташлаш учун
ўгириласиз, дўконнинг ҳар бир бурчагини кўздан кечирасиз, бола эса... йўқ. У йўқолиб
қолди! Баданингиздан совуқ тер чиқиб кетади, миянгиздан «Болажонимни бошқа
кўрмасам-а!» деган қўрқинчли хаёлни қувишга уринасиз. Ҳавас қиладиган ҳолат
эмас, тўғрими?
Келинг,
қандай қилиб бу ҳолатнинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Бизнинг
ота-она сифатида вазифамиз, биринчидан, боланинг оломон орасида йўқолиш хавфини
имкон қадар камайтириш бўлса, иккинчидан, фарзандимизга шундай ҳолатга тушганда
тўғри йўл тутишни ўргатишдир. Қуйида бу борада баъзи тавсияларни кўриб чиқамиз.
Аввало,
болага олдиндан ақли етганча баъзи нарсаларни ўргатиб бориш мумкин:
- Исми, ёши, манзили ва телефон
рақам – бу боланинг тили чиқиши билан ўргатиш лозим бўлган нарсалар. Агар бола ҳали
гапирмаса, бирор чўнтагига манзилингиз ва телефон рақамингиз ёзилган
визиткангизни солиб қўйишни одат қилсангиз бўлади. Ёки бунинг учун оддий қоғоздан
фойдаланиш ҳам мумкин. Агар боланинг ўзига хос тиббий кўрсатмалар бўлса, қоғозда
уни ҳам қайд қилиб қўйган маъқул. Болага бу «сирли маълумот»нинг қаерда
туришини ва кимларга кўрсатиш мумкинлигини ўргатиш эсдан чиқмасин.
- Агар бола оломон ичида йўқолиб қолса,
ота-онасини тополмай қолган жойдан кетмай, ўша ерда туриб, уларни кутиши лозим
эканини болага яхшилаб тушунтиринг.
- Кимдан ёрдам сўраш мумкинлигини
ўргатинг. Кўчада юрган формали кишилар (милиция ходимлари, дўконнинг махсус
хизматчилари каби) ёки бола етаклаган аёлларга мурожаат қилиб, йўқолиб қолганини
айтиши, ёрдам сўраши, қўнғироқ қилиб олишни сўраши мумкинлигини тушунтиринг.
- Болани нотаниш кишилар билан
кетиб қолишдан, албатта, огоҳлантиринг. Ҳатто улар онасига олиб боришга ваъда
берса ҳам, ҳатто онасининг ўзи уни олиб келишни сўраганини айтса ҳам. Бола қўрқмай,
йўқолган жойида қолиб, яқинлари келишини кутиши шарт – ва улар, иншааллоҳ,
албатта, келадилар. Агар кимдир уни олиб кетмоқчи бўлса, шу мақсадда тортқилашни
бошласа, қаттиқ овоз билан «Мен бу одамни танимайман! Мен ҳеч қаёққа бормайман.
Мен онамни кутяпман. Ёрдам беринглар!» каби сўзларни айтиши лозим. Чунки оддий
йиғи-сиғи, бақир-чақир, ўзича қочишга уринишни кўрган одамлар буни ота-онасига қилинаётган
инжиқлик деб тушунишлари эҳтимоли кўп.
- Бу ҳақда бола билан тез-тез суҳбатлашинг.
Ўйинлар ўйнанг. Ўйин ва суҳбатлар орқали йўқолиб қолса, нима қилишини машқ қилдиринг.
- Сайрга чиққанингизда биргаликда
уй атрофидаги турли нарсаларни (белгилар, катта дарахтлар, майдонча, боғча,
мактаб, дўконча, уйнинг шакли ва ранги, ҳайкал ва ҳоказо) томоша қилинг, муҳокама
этинг, гаплашинг. Бу болага уй атрофини яхшироқ эслаб қолишга ёрдам беради.
Болага йўқолиб қолганда ҳеч қачон бегона подъездларга кириб ёки шу каби хилват
жойларда ёрдам сўрамаслигини, агар эҳтиёж бўлса, очиқроқ майдонча, дўкон ёки
бекат каби жамоат жойидагиларга мурожаат қилишини тушунтиринг.
- Агар бола жамоат транспортида
йўқолса, нима қилишини келишиб олинг. Масалан, агар фарзандингиз бирор нарсани
томоша қилиб транспортда қолиб кетса-ю, онаси тушиб кетиб қолса, кейинги
бекатда тушиб қолиб, онасини кутишини тайинланг. Ёки, аксинча, агар бола бирор
сабаб билан бир бекатда тушиб қолиб, она кетиб қолса, бола тушиб қолган бекатда
қолиб, онаси келишини кутиши лозимлигини уқтиринг.
- Бола йўқолиб қолганда онаси
уришиши ҳақида хавотир олса, сиз ўргатган нарсалар ёдидан учиб кетиши мумкин.
Шунинг учун унга шундай муносабатда бўлингки, сизга ишонсин, топилганда уни
уришмаслигингиздан кўнгли тўқ бўлсин.
Ўзингиз
эса қуйидагича чоралар кўришингиз мумкин:
- Телефон рақамлар ёзилган
дафтарингизни текшириб қўйинг. Унда фарзандингизнинг тарбиячилари (ўқитувчилари),
дўстлари ва яқин дўстларининг ота-оналари телефон рақамлари бўлиши лозим.
- Фарзандингизни қўлидан тутиб
юринг. Агар, масалан, кийимингиздан ушлаб олса, йўқолиши осонроқ бўлади.
- Болани ёрқин рангли кийимга
кийинтиринг. Устки кийими тўқ рангда бўлса ҳам, ҳеч бўлмаса, бош кийими ёрқин
рангда бўлсин. Шунда оломон ичида ажралиб туради.
- Одам кўп, катта жойга
боришингизни билсангиз, уйдан чиқишда болани суратга олиб олинг. Биринчидан,
бола йўқолганда ота-оналар баъзан ҳаяжондан фарзанди нима кийимда бўлганини
эслай олмай қолади. Иккинчидан, атрофдагиларга болани тасвирлаб бергандан кўра
суратни кўрсатиш анча осонроқ ва самаралироқ.