Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фарзандларимиздан ҳар куни ҳар хил шикоятлар эшитамиз: «Чарчадим», «Зерикдим», «Акам ўйинчоғимни олиб қўйди», «Қаранг, мени уряпти» ва ҳоказо. Булардан маъно нима – навбатдаги қайсарликми, эътиборни тортиш усулими ёки ҳақиқатан ҳам ёрдамга эҳтиёжми? Кўпчилик педагогларнинг фикрича, «шикоят қилаётган бола инсонлар жамиятида ўзаро муносабатлар нормаларини ўзлаштиришда ёрдам сўраётган бўлади, демак, катталарнинг иштироки ва эътиборига муҳтожлик сезади». Шикоятлар ҳар хил ва турлича бўлади. Келинг, болалар орасида энг кўп тарқалган шикоятларни кўриб чиқамиз.
«Чарчадим»
Болага диққат билан эътибор беринг. Агар сиз унга бирор иш топширган бўлсангиз-у, уни амалга оширишда бола ҳақиқатан ҳам толиқиш ҳис қилган, шу тариқа бироз дам олишни сўраётган бўлиши мумкин. Агар ҳар сафар унга ёқмайдиган иш айтсангиз, хўрсинаверса, у сизни бошқаришга уринаётган бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Бундай шикоятлардан сўнг у билан гаплашинг, ҳамдардлик изҳор қилинг. Ҳойнаҳой, унга сизнинг қўллаб-қувватлашингиз керак бўлаётгандир. Шунинг учун унинг ёнида бироз бирга ўтиринг, дам олишни ёки айланиб келишни, сўнгра ишини давом эттиришни таклиф қилинг. Болаларнинг шикоятларига бефарқ бўлманг, зеро бола сизнинг эътиборингизни ҳис қилиши лозим.
«Камроқ югуриш/қичқириш/талтайиш керак эди» каби гапларни айтмаганингиз маъқул. Ҳозир унга танқидингиз эмас, қўллаб-қувватлашингиз зарур.
«Зерикдим»
Агар фарзандингиз хафа эканини, ўзи мустақил машғулот топа олмаётганини кўрсангиз, балки у доим уни кимдир ўйнатишига ўрганиб қолгандир. Ёки, эҳтимол, у узоқ вақт ёлғиз ўйнаб, ҳозир сиз билан мулоқот қилгиси келаётгандир. Болага кунини аввалдан режалаштириб қўйишни таклиф қилинг. Масалан, «Кел, бундай қиламиз: сен боғчадан кейин бироз ўзинг ўйнайсан, кейин бирга китобингни ўқиймиз, сўнг мультфильм кўрасан». Руҳшунослар болалар билан бирга вақт ўтказиш билан боланинг мустақил ўйнашини навбатма-навбат қилишни тавсия қилишади.
«Бирор нима қил», «Нима қилишингни билмаётган бўлсанг, бор, хонангни йиғиштир, китобингни ўқи!» каби гаплар билан жаҳл қилишдан ўзингизни тийишга ҳаракат қилинг. Бундай жавоблардан бола яна ҳам кўпроқ хафа бўлади.
Бошқа болалар устидан шикоят
Бирга ўйнаётган болалар кўпинча «Фалончи ўйинчоғимни олиб қўйди», «Пистончи мени урди» каби шикоятлар билан мурожаат қилишади. Уч ёшли бола учун бу нормал ҳолат ҳисобланади. Лекин агар мазкур гапни 5-6 ёшли болалар айтса, бу уларнинг тенгдошлари билан тил топа олишмаётганидан дарак беради. Руҳшуносларнинг фикрига кўра, агар бола айбдорларни ҳадеб атрофдан излайверса, демак, у ўз қилмишлари ва бошқа болаларнинг юриш-туришини таҳлил қила олмайди. Бундай бола ёки тенгдошлари билан кам мулоқот қилади, ёки катталарнинг доимий ён беришига ўрганиб қолган. Болаларнинг мулоқот малакаларини ривожлантириш учун уларни бошқа болалар билан кўпроқ бирга қолдириш лозим, низолар чиққан пайтда иложи борича аралашмаслик керак. Болага мустақил қарор қабул қилишига кўмаклашинг, келишишни, ўз муаммоларини ҳал қилишга ўрганишни таълим беринг. Бола бошқа болалардан шикоя қилиб келганда кескин тарзда «Ўзинг айбдорсан», дейиш яхши эмас. Уруш нимадан чиққанини тушунтиринг, жанжалнинг барча иштирокчиларининг ўзини тутишини бирга муҳокама қилинг. Бола вазиятни таҳлил қилишни ўргансин.
«Оғрияпти»
Болалар жамоасида жанжал кўп бўлади, баъзан шикоятлар йиғи-сиғи, бақир-чақирлар билан ҳам давом этади. Жабрланувчи катталардан нажот кутиб, ёрдам сўрашга югуради. Агар она хафа қилган болага танбеҳ бериб қўйса, жабрланувчи ўша заҳоти оғриқни унутади. Бундай «рамзий жазолаш» гўёки катталарнинг боланинг ташвишига шерик эканини билдиради.
Бола шунчаки йиқилиб тушиши, бирор жойга урилиб кетиши мумкин, шундан сўнг отаси ёки онасига қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилади. Болага уни тушунишингизни, бу ҳолатда оғриқ табиийлигини тушунтиринг, унга ҳамдард бўлинг, оғриқ тезда ўтиб кетишига ишонтиринг. Руҳшуносларнинг фикрича, боланинг салгина йиқилишга ҳам шикоят қилишининг зарари йўқ. Лекин агар у доимий эътибор ва ҳамдардлик талаб қилаверса, бола эътибор етишмаслигидан азият чекаётган бўлиши мумкин.
«Менга берсин»
Бу шикоят ўйинчоқ ёки шахсий нарсалар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлиб, бир неча болаларнинг манфаатлари тўқнашувига ишора қилади. Бола бирор нарсага қаттиқ қизиқиш билдирди ва унга эгалик қилишни истайди, лекин турли тўсиқларга учрайди. Масалан, ўйинчоқ бирор болага тегишли бўлиши, бошқа бола эса ўша ўйинчоқни олишни исташи ва шу мақсадда катталарга мурожаат қилиши мумкин. Ота-она мазкур ҳолатда бу нарсанинг бошқа инсонга тегишли эканини тушунтириши лозим. Шикоятчининг тарафини олманг. Акс ҳолда болада ўзи хоҳлаган нарсага йиғи-сиғи ёки «лўлилик» билан эришиш мумкин, деган фикр шаклланади. Унга ўйинчоқнинг эгасидан ўйинчоқни бироз вақтга олиб туришни илтимос қилишни ўргатинг. Агар ўйинчоқ эгаси рози бўлмаса, эътиборини бошқа нарсага қаратинг. Уни ҳайрон қолдирадиган бирор нарсани кўрсатишга ёки бирор гапни айтишга ҳаракат қилинг.
Таъкидлаш лозимки, боланинг саломатлик билан боғлиқ шикоятларига доимо эътиборли бўлинг. Умуман, болалар шикоятларига бефарқ бўлманг, кичкинтойларнинг оламига киришга ҳаракат қилинг, ўзингизнинг болалигингиз, тажрибаларингиз ҳақида сўзлаб беринг. Юриш-туришингизга эътибор қилинг, зеро болалар кўпинча катталардан ўрнак олади. Тез орада фарзандингиз мустақил қарор қабул қила бошлайди. Шикоят қилишни таъқиқлаш орқали сиз унинг сизга бўлган ишончини синдирасиз, бу эса кейинчалик унинг сиздан узоқлашишига олиб келиши мумкин.