Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазон гуноҳлардан узоқлаштирувчи, тавбаларни ва хайрли амалларни кўпайтирувчи муборак ойдир. Қуръони каримнинг Бақара сураси 184-ояти сўнггида: «Аммо билсангиз, рўза тутиш сиз учун яхшироқдир» дейилиши, Аллоҳ таолонинг бандаларига рўза орқали фазилати улуғ бўлган неъматларни берилишидир.
Имом Бухорий ва Муслим ривоятларида айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: « Жаннатнинг Райён номли эшиги бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қани?» дейилади ва улар кирганларида шу эшик ёпилади».
Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар, Пайғамбаримизга дуруд-дуруд саловатлар бўлсинки, юқоридаги ҳукмларга иймон келтирган ота-боболаримиз оғишмай адо қилган рўзаларни бугун биз – зурриётлар давом эттиряпмиз. Бугунги кунда рўзанинг жисм ва руҳиятга фойдалари ҳақида кўплаб мақолалар ёзиляпти. Унинг нафини ўз танаси, борлиғида кўрган рўзадорларни санаб адо қилолмасликлари бизни қувонтиряпти ҳам. Лекин гуруч ичида курмаги ҳам бўлади деганларидек, бу муборак ойда нафсига қаноатни узоқ тутганларни кўриб, рўзадор ва рўзасизни қиёслагандаги хулосамни сиз билан баҳам кўргим келди.
Рўза тутган инсонда гўзал сабрни гувоҳи бўлгансиз, тўғрими? Энг оддий ҳол – рўзадаги биргина сабр таомга хайрли муносабат, меҳнатни қадрлаш, атроф-муҳитни зарардан сақлаш ва кўплаб яхшиликларга олиб келади. Берўза-чи? Шу кунларда уларга кўзим тушса, ғам ўраб оладигандай бўлади. Улар ичида соғ юриши, ақлиннги равон ишлаши, пул топишида ейдиган кундалик таомини сабаб қилувчилар анчагина экан. Рўзасизнинг ақли таомга сиғинаётганини кўрсатмаса, куч-қувватини таомдан деб ҳисоблаши нақадар билимсизлигини англатмаса, қандоқ қилиб уларни жамиятга наф келтиради, деб айта оламиз?
Инсондаги нафс ва истак шайтоннинг энг кучли қуроли бўлиб, уни турли шармандали куйларга солади. Рўза эса айнан шу қуролни бартараф қилади. Ва бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида шайтонларнинг занжирланишини айтганлари Бухорий ва Муслим ҳадисларида келганини биламиз.
Рўзадорни икки хурсандчилик кутиши-чи; бири ифторлик, иккинчиси охиратдаги Аллоҳ дийдори.
Берўзани эса ҳар овқат маҳали таом хилма- хиллиги билан нафсига эрк бериши, иккинчиси эса кўнгил тўлмай кутишини ҳам гувоҳи бўлганмиз. Рўза сабрнинг ярмидир, деб машойихларимиз бекорга таъкидлашмаганлар-ку, ахир.
Рамазон сабр-қаноат, меҳр-мурувват, тавбаларни қабул қилувчи ва дўзахдан нажот берувчи ойдир.
Рамазонни ушлаганлар, албатта, шу хислатларга бурканадилар, ушламаганлар эса виждонлари даражасида изза бўладилар. Шунга ҳам Рамазон мўминлар учун хурсандчилик ойи ҳисобланса, мунофиқларга хафачилик ойидир. Азизлар, кичкинагина мақолачада айтилиши керак бўлган кўп гаплар бор, лекин мухтасар қилиб, дуога қўл очамиз ва Аллоҳим, амрларингни бошида тутганларни азиз қил, қолганларни эса ноумид қилма, деймиз.