Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ғазотида иштирок этган, Умавийлар давлатининг асосчиси, Исломда улуғ фотиҳлардан бўлиб, фатҳлари Атлантика океанигача етиб борган Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб Қурайший Умавийнинг, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тили билан айтганда, араблар Кисроси бўлган Муовиянинг онаси, иккинчи халифа Язид ибн Муовиянинг бувиси Ҳинд бинт Утба ҳақида нималарни биласиз?
Қурайшнинг машҳур зодагони Утба ибн Робиъанинг қизи, қавми орасидаги энг баобрў аёл бўлган Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъа ибн Абд Шамс ибн Абдуманоф бўлиб, у VI асрда туғилган. Бу аёл обрўли ва шарафли хонадон вакили эди. Отаси Утба ибн Рабиъа Қурайш аслзодаларидан, ўз қавмида жуда ҳам ҳурматли инсон бўлган. Онасининг исми Сафия бўлган.
Ҳинд Абу Суфён ибн Ҳарбга тегишидан олдин Фокиҳ ибн Муғийранинг никоҳида эди. Бу никоҳдан Абан ибн Фокиҳ туғилган.
Абу Суфён ибн Ҳарб розияллоҳу анҳунинг хотини Ҳинд бинт Утбани кўпчилик фақат салбий томондан танийди. У ҳам бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказган кўплаб азиятлари ва Уҳуд жангида у зотнинг суюкли амакилари Ҳамза ибн Абдулмуттолибни ўлдиртиргани билан боғлиқ воқеалардир. Лекин бу аёл кейинчалик Исломни қабул қилади. Исломга киргач, уйидаги доим сиғинадиган бутни болта билан чопиб, парча-парча қиларкан: «Сенга ибодат қилиб, алданган эканмиз!» дейди.
Фокиҳ ибн Муғийранинг меҳмонлар учун мўлжалланган ҳовлиси бўлиб, кечаю кундуз мусофирлар изн сўрамаган ҳолда у ерга кириб келишар эди. Фокиҳ азбаройи меҳмондўст ва мусофирпарварлигидан меҳмонларга шундай шароит қилиб қўйган эди.
Бир куни тунда ўрнидан туриб, аёлини уйғотмасдан, кўчага чиқиб кетди. Шу пайт танишларидан бири келиб қолди. Уйга кириб борди. Ухлаб ётган аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мусофир дарҳол уйдан ташқарига чиқиб кетди. У йўлда Фокиҳга дуч келди. Аммо ҳижолат бўлганидан кўришмасдан, бошқа тарафга бурилиб кетди.
Фокиҳ уйга шаҳд билан кириб, тўшакда ухлаб ётган аёлини уйғотди: «Ҳузурингдан чиқиб кетган ким эди?» дея уни қаттиқ сўроққа тутди. Аёл: «Ухлаб ётган эдим, ҳеч кимни кўрмадим. Сен уйғотмаганингда, ҳалиям ухлаб ётган бўлардим», деди. Бироқ Фокиҳ унинг бу гапларига ишонмади. «Отангнинг уйига кет!» дея уйдан ҳайдаб, талоғини берди.
Ҳинд отасининг уйига кетди. Одамлар уни гап-сўз қилишди. Ўз қавми ичида ҳурмат ва обрўга эга бўлган Утбага бу гаплар оғир ботди. У қизидан бўлиб ўтган воқеани рўй-рост айтишини талаб қилди. Ҳинд эрининг туҳмат қилаётгани ҳақида айтди. Утба хонадони обрўсига ёпишган номус доғини ювиш учун жоҳилият арабларининг ўша пайтдаги одатига кўра Ямандаги коҳиннинг ҳузурига бориб, куёви билан даъволашадиган бўлди.
Ҳар икки томондан бир нечта инсонлар кичик бир карвон бўлиб, Яманга йўл олдилар. Коҳин яшайдиган шаҳар бўсағасига яқинлашганларида Ҳинднинг юзини маҳзунлик эгаллади. Буни кўрган отаси қизини айбдорлигидан шу аҳволга тушяпти, деб ўйлаб: «Қизим, сафарга чиқишимиздан олдин айтсанг бўлмасмиди?!» дея маломат қилди. Бунга жавобан Ҳинд: «Отажон, Аллоҳга қасамки, бирор ёмон иш қилганим учун ғамгин бўлмаяпман. Лекин сизлар янглишиши мумкин бўлган бир инсон боласининг ҳузурига кетяпсиз. Агар у адашиб, мени бирор ёмон сифат билан сифатласа, бу нарса одамларнинг тилида достон бўлиб кетади. Шундан хавотирдаман», деди.
Коҳиннинг ҳузурига келишди. У Ҳинд унга қилинган туҳматдан поклигини айтди. У: «Келажакда Муовия исмли бир подшоҳни дунёга келтирасан», дея башорат ҳам қилди. Бу гапни эшитган Фокиҳ дарҳол унинг қўлини тутиб, у билан ярашиб олмоқчи бўлди. Аммо Ҳинд: «Мендан нари тур! Аллоҳга қасамки, бундан буёғига сен билан менинг бошимни бир ёстиқ асло жамламайди. Ўша подшоҳ ҳам сендан бошқасидан бўлишига ҳарис бўлгум!» деди. Шу тариқа Утба хонадонига етказилган ор доғи ювилиб кетди. Бироқ Ҳинд туҳмат қилган кишига қайтишни истамади.
Ҳинд бинт Утба мағрур ва иззат-нафсли аёл бўлиши билан бирга, ақлли ва доно ҳам эди. Ўша кўнгилсиз воқеадан сўнг у отасига: «Отажон, манави инсонга турмушга бераётганингизда мендан фикримни сўрамаган эдингиз. Унинг табиати ва хислатлари ҳақида хабар бермаган эдингиз. Оқибати нима бўлганини кўрдингиз. Сиздан ўтиниб сўрайман, бундан кейин токи ҳолатини менга арз қилмагунича мени ҳеч кимга бериб юборманг», деди.
Бир куни отаси Суҳайл ибн Амр ва Абу Суфён ибн Ҳарб исмли кишилар унга совчи қўйишаётганини айтди. Ҳинд эса улардан бирини танлашдан олдин отасидан уларнинг феъл-атвори ва хислатларини тавсифлаб беришини сўради. Отаси Суҳайлдан бошлади: «У ўз қабиласи ичида обрўли ва бадавлат хонадон фарзанди. Лекин ўзи ҳеч бир ҳурматга эга эмас. Агар унга тегсанг, жуда кенгчиликда яшайсан. У билан тил топишсанг, уни бошқариб, бемалол устидан ҳукм юритасан. Бордию, айрим нарсаларда итоат қилмасанг, сенга туҳмат қилиши ҳам мумкин. Абу Суфён эса бой эмас, аммо насл-насаби тоза, обрўли хонадон вакили. Ақлли ва теран фикрлари билан донг таратган. Лойдан бўлган уйи унинг насаби, уруғ-аймоғининг шарафи эса ҳасабидир. Биров уни таҳқирлаб, пастга урса, чидаб туролмайдиган даражада мағрур. Лекин ўта рашкчи ва аҳли аёли устидан қамчини кўтармайдиган қаттиққўл».
Отасининг гапларини диққат билан тинглаган Ҳинд: «Отажон, биринчи айтганингиз озод аёлни зое қиладиган зодагон экан (яъни ҳур аёлни нотўғри тарбия қилиб, бузилишига сабаб бўладиган инсон экан). Аёл киши эрига нисбатан итоатсизликка ўрганиб, унинг устидан ҳоким бўлиб олдими, ҳеч қачон қайта итоаткор бўлмайди. Аёлининг сўзига эргашиб кетган эрнинг аёли кеккайиб кетади. Ундан кейин хулқи бузилади ва туққан боласи аҳмоқ бўлиб улғаяди. Бунақа эркак менга тўғри келмайди. Шундай экан, уни қайта эсламанг! Иккинчиси эса ҳақиқий мағрур, иззат-нафс соҳибидир. Бундай эркак афифа ва ҳур аёлга мосдир. Мен ана шундай хулқ эгасига турмушга чиқишга розиман», деди.
Шу тариқа Утба туҳмат туфайли қайтиб келган қизини Абу Суфёнга турмушга берди. Бу никоҳдан Муовия розияллоҳу анҳу дунёга келди.
Ҳинд бинт Утба ўз қавми ичида катта обрў ва ҳурматга эга бўлган зодагон аёллардан эди. Жасур ва қўрқмас эди. Жаҳолати ғолиб келиб, эри Абу Суфён билан биргаликда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мисли кўрилмаган адоват билан қарши турди. Эркакларга қўшилиб, Уҳуд жангида қатнашар экан, турли хил шеърлар билан уларни жангга руҳлантирарди.
У Макка фатҳи куни Исломнинг ҳақ дин эканлигига амин бўлиб, иймон келтирди ва аввалги қилмишларидан пушаймон бўлди. Сўнг юзига ниқоб тутиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига байъат учун келди. У зот Сафо устида ўтирган ҳолларида эркаклардан Аллоҳга ва Унинг Расулига қўлларидан келганича итоат қилишга байъат олдилар. Эркаклардан байъат олиб бўлганларидан кейин аёллардан байъат олдилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган аёллар ичида Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинт Утба ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлдиришни амр қилган тўрт аёл ичида у ҳам бор эди. Аммо у зот алайҳиссалом уни афв қилдилар.
«Аллоҳга ибодат қилишда бирон нарсани шерик қилмасликка байъат қиласанми?"
«Аллоҳга ибодатда бирон нарсани шерик қилмасликка байъат қиламан!»
«Ўғрилик қилмасликка ва зино қилмасликка байъат қиласанми?»
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳеч бир замонда ҳур аёл зино ёки ўғрилик қилиши мумкинми?!»
Унинг бу сўзлари тарих саҳифаларига муҳрланиб қолди. У афифалик нима эканлигини шу икки оғиз гап билан бутун дунёга тушунтириб қўйган эди. Озод аёл қироличадир, афифадир. У ўз елкасида оталарининг номусини кўтариб юради. Ўлса ўлади, аммо ўғрилик, фоҳишалик каби жирканч ва олчоқ ишларга ботиб, оиласини шарманда қилмайди.
***
Ҳинд турлича ҳаёт кечирди. У яхшигина шеър ёзар, жоҳиллик даври ва Исломнинг энг машҳур шоирларидан бўлган Ҳанса билан ҳам баҳслаша олар эди. Аввалда Ҳинднинг Исломни, айниқса Расулуллоҳни кўришга кўзи йўқ эди. Бу адоват Бадр жангидан кейин янада кучайди. Чунки жангга кетган отаси, укаси ва тоғаси қайтмади. Бундан чуқур қайғуга тушган Ҳинд дардини шеърларида ифода этди. Кейин Қурайшни қўллаб-қувватлаш учун Уҳуд жангига борди…
***
Ҳинд Абу Суфённинг хасислигидан тўйиб кетган Ҳинд Макка фатҳидан кейин Исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб, Абу Суфённинг молидан ўзи ва болаларига нафақа тайинлашга эришди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
У зот: «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар» (Икки шайх ривоят қилганлар).
Ҳинд бинт Утба Исломни қабул қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган эди: «Авваллари дунёда сиздан ва сизнинг оилангиздан бошқа ёмон кўрганим йўқ эди. Энди эса мен учун сиз ва сизнинг оилангиздан азиз ва қадрлироғи йўқ».
***
Унинг кейинги ҳаёти ҳақида маълумот йўқ. Маълуми шуки, Исломни қабул қилганидан кейин Ҳинд бинт Утба беш йил яшади. Бир пайтлар Уҳуд жангида мушриклар сафида қатнашган Ҳинд 634 йил бўлиб ўтган Ярмук жангида қилич яланғочлаб, Умму Ҳакимнинг ортида жанг қилди.
Ҳинд бинт Утба ва Абу Суфён Ярмук жангида қатнашдилар. Бу жангда Абу Суфён бир кўзидан айрилди. Бир ойдан сўнг Ҳинднинг соғлиғи ёмонлаша бошлади. Бир-икки кунда ўтиб кетади, дейилган хасталик шу икки кун ичида баттар зўрайди. Кундан-кунга Ҳинднинг соғлиғи ёмонлашди ва ўлими яқинлигини ҳис қила бошлади.
* * *
Ҳинд қўл билан ушлаб бўлмайдиган чўғ каби бир аёл эди. Макка фатҳ қилинган куни Исломни қабул қилган Абу Суфённинг соқолига ёпишиб: «Мана бу динидан қайтганни ўлдиринг!» деб бақирган Ҳинд ҳозир зўрға нафас олаётган эди. Яхшини ҳам, ёмонни ҳам, кучли ва кучсизни ҳам қақшатган бу аёлни тақдири азал ётган жойида бир тарафдан бошқа тарафга ағдарила олмайдиган қилиб қўйган эди. Бир оздан сўнг ажал етиб, амал дафтари ёпилади, Ҳинд эса жазо ва мукофот бериладиган оламга риҳлат қилади...
Абу Суфён шу кунга қадар неча-неча жангларда қатнашган, қанча-қанча инсонларнинг жон берганига гувоҳ бўлган. Бироқ неча йиллик умр йўлдошининг кундан-кунга сўлиб, ўлими яқинлашаётганидан карахт аҳволга тушиб қолган эди. Зеро, Ҳинд ортга қайтмайдиган ва тўхтатиб бўлмайдиган йўл бошида турар эди. Ниҳоят, Ҳинд бу ўткинчи ва ёлғончи дунёни тарк этди. Унинг ортидан ширин ва аччиқ хотиралар қолди.
Ҳинд бинт Утба 635 йилда вафот этди.
Аҳмад Лутфий Қозончиниг “Ҳазрати Умар ибн Хаттоб”асари, Алишер Султонхўжаевнинг мақоласи ва интернет материаллари асосида
Райҳона тайёрлади.