АКСИРИШ ОДОБЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

 

Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва маконда инсонлар маълум бир одобларга риоя қилишга муҳтож бўладилар. Ана шу эътибордан динимизда энг оддий нарсаларга нисбатан бўладиган одобдан тортиб, Аллоҳ таолога нисбатан бўлган одобгача батафсил баён қилиб қўйилган. Мазкур одобларни ўрганиб, уларни ўзининг ажралмас сифатига айлантириб олган мўмин банда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли ҳаётга эришади.

Динимизга тааллуқли машҳур одоблар «Ислом одоблари энциклопедияси» номли  китобда ҳам жамланган. Бу одоблар мўминларнинг дунёда саодатли ҳаёт кечиришлари ва охиратда жаннатга эришишларига сабаб бўлади, деган ниятда сиз азизларга ҳам илиндик.  

 

АКСИРИШ ОДОБЛАРИ

 

Маълумки, аксириш инсонлардан ҳар доим содир бўладиган иш бўлиб, Аллоҳ таоло ҳузурида маҳбуб саналади. Аксириш Аллоҳ таолога, эснаш эса шайтонга нисбат берилади. Бу икки иш бир-бирига тескаридир. Яъни инсон аксирганида бутун танаси енгиллашиб, тетиклашади ва тоат-ибодатларга рағбат юзага келади. Эснаш эса ғафлат ва дангасаликка сабаб бўладиган малолланишдан юзага келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): «Ооҳ, ооҳ» деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Аксириш ва эснаш ҳақида шариатда тегишли кўрсатмалар бор. Мазкур кўрсатмаларни ўрганиб, уларга риоя қилиш кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади. Қуйида аксиришга тегишли бўлган одоблар баён қилинади:

Биринчи одоб – аксирганда қўли ёки кийимини оғзига қўйиш.

Аксирган киши қўли ёки кийими билан оғзини ёпиши суннат амаллардан ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғизларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар (Ровий «хофаза» ва «ғозза» сўзларида шак қилган)» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Аксиришда бундай қилишнинг ҳикмати шуки, гоҳида аксирганда оғиз ва бурундан чиққан баъзи нарсалар сабабли бошқаларга азият бериш ёки юқумли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлиб қолиш мумкин. Ушбу суннатга амал қилиш билан шу каби бошқаларга азият беришдан сақланилади. Зеро, мусулмон киши бошқаларга азият бериши ёки уларни ўзидан узоқлаштириши жоиз эмас. Барча ишларда энг яхши йўл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юрган йўлларидир.

 

Иккинчи одоб – аксирганда овозни пасайтириш.

Бу амал ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларидир. Чунки аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликка далолат қилади ва қайсидир маънода ўзгаларга азият бериш ҳисобланади. Шунинг учун ҳадиси шарифда аксиришда овозни пасайтиришга тарғиб қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Баланд овозда аксирганда атрофдаги инсонлар азият чекиши мумкин. Шу боис бу ишдан сақланиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.

 

Учинчи одоб – аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Тиббиёт олимларининг айтишича, инсон тўсатдан келадиган аксириш сабабли турли хил касалликларга чалиниши ва шунингдек, бу нарса инсоннинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Баъзан бундай аксириш инсоннинг ўлимига ҳам сабаб бўлиб қолар экан. Америкалик табиблардан бири кўп инсонларда текшириш ўтказганидан сўнг мусулмон бўлган. Бу табиб аксириш гоҳида тўсатдан келадиган ўлимга, кўр ва шол бўлиш ва бошқа шу каби ўн беш хил зарарга олиб бориши мумкинлигини кашф қилди. У «Аксирган киши нима сабабдан Аллоҳга ҳамд айтади?» – деган саволга жавоб топганидан сўнг Исломнинг нақадар буюк дин эканини тан олиб, мусулмон бўлган. Шунингдек, 20-асрнинг 90-йилларида Қоҳирада чоп этилган газеталардан бирида қоҳиралик бир кампир тўсатдан аксириб, шу сабабли вафот этгани айтилган.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш шариат кўрсатмалари қаторидан жой олишининг сабаби шу ва бундан бошқа сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Бунинг ҳақиқати Аллоҳнинг Ўзига аён. Лекин Аллоҳ таоло аксирган кишини бу каби зарарлардан сақлар экан, бунинг учун у Аллоҳга ҳамд айтиши лозим

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз аксирса, «Алҳамду лиллааҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса унга «Ярҳамукаллооҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга «Ярҳамукаллоҳ», деб айтса, у «яҳдийкумуллооҳу ва юслиҳу баалакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Тўртинчи одоб – Аллоҳнинг неъматларини мушоҳада қилиш ва уларнинг шукрини адо этишдан ожизлигини ўйлаш.

Аллоҳ таоло бандаларга кўплаб неъматлар ато этган. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Наҳл сураси, 18-оят).

Шариатимизда инсон қайси ишни қилишга буюрилган бўлса, демак, бу иш унинг учун бу дунёда ёки охиратда манфаатли бўлади. Нимани қилишдан қайтарилган бўлса, демак, бу амал инсонга дунё ёки охиратда зарари бор бўлади. Шунга кўра аксириш ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири бўлиб, бунинг остида ҳам инсонга керакли бўлган фойдалар мавжуддир. Шунга кўра аксириб, Аллоҳга ҳамд айтган киши қалби билан Аллоҳ уни ёмонликдан саломат қилгани ва ундан азиятни кетказганини ҳис қилиши ва Аллоҳнинг неъматлари шукрини адо қилишда ўзининг ожизлигини мушоҳада қилиши лозим. Зеро, бу амал уни Холиққа нисбатан тавозели бўлиш, Унга бўйсуниш ва Унга муҳтож эканини ҳис қилишга ундайди.

Бешинчи одоб – аксириб, Аллоҳга ҳамд айтган кишига «ташмит» айтиш.

Мусулмон киши аксирганида унга ташмит айтиш унинг ҳақларидан бири ҳисобланади. Ташмит айтиш – Аксиргандан сўнг «Алҳамду лиллааҳ», – деб айтган кишига «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), деб айтишдир. Бошқалар ташмит айтишлари учун аксирган одам «Алҳамду лиллааҳ», – деб айтиши керак бўлади. Биродари унга ташмит айтганидан сўнг аксирган киши «Яҳдийкумуллооҳу ва юслиҳу баалакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло аксиришни яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Агар (киши) аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмонга унга ташмит айтмоғи лозим бўлади...»  дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз аксирса, «Алҳамду лиллааҳ»(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса унга «Ярҳамукаллооҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга «Ярҳамукаллооҳ», деб айтса, у «Яҳдийкумуллооҳу ва юслиҳу баалакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Шариат қайси бир ишга буюрган бўлса, албатта ўша ишда банда учун манфаат бўлади. Қайтарган ишда эса албатта бирорта зарар бўлади.

 

Олтинчи одоб – аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтмаган кишига «ташмит» айтмаслик.

Аксирган кишига ташмит айтилиши учун аввало у Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади. Аксириб, Аллоҳга ҳамд айтмаган киши ёнидаги биродаридан ташмитни талаб қилишга ҳаққи йўқ. Чунки бу киши аксиришдан кейин суннат бўлган «Алҳамду лиллааҳ», дейишни тарк қилди. Шунинг учун у кишига ташмит айтилмайди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизлардан бирингиз аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айтинглар, агар Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга ташмит айтманглар», деяётганларини эшитганман» (Муслим ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида аксиришди. У зот улардан бирига ташмит айтдилар ва бошқасига ташмит айтмадилар. (У зот) ташмит айтмаган киши: «Фалончи аксирди, сиз унга ташмит айтдингиз ва мен (ҳам) аксирдим, менга ташмит айтмадингиз?»  деди. Шунда у зот: «Бу Аллоҳга ҳамд айтди ва сен эса Аллоҳга ҳамд айтмадинг», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Аммо баъзида аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтмаса ҳам, кишилар инсонлардан уялганларидан унга «Ярҳамукаллоҳ», деб ташмит айтишади ёки «Соғ бўлинг», деб қўйишади. Бу суннатга амал қилиш эмас. Ҳақиқий суннат Аллоҳга ҳамд айтган кишига ташмит айтишдир.

Баъзи аҳли илмлар бу борада шундай дейишган: «Аксирганда доим Аллоҳга ҳамд айтадиган кишидан баъзан ҳамд эшитилмаса ёки лабини қимирлатиб қўйган бўлса ҳам, яхши гумон қилиб, унга ташмит айтилаверади». Лекин юқоридаги ҳадисларга амал қилган ҳолда, ҳамд айтмаган кишига ташмит айтмаслик яхшидир. Зеро, барча ҳамд айтмаган кишиларга, у ичида ҳамд айтган, деб даъво қилиш мумкин бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ким аксирса ва ҳамд айтиш билан тилини ҳаракатлантирса-ю, унинг соқовлиги сабабли ёки бошқа сабабга кўра овози эшитилмаса ва унга ҳамд айтди, деб ишонилса, у ташмитга ҳақли бўлади. Аммо ишонилмаса, унга ташмит айтилмайди. Чунки у Аллоҳга ҳамд айтишни эсдан чиқариб қўйган бўлади.

Еттинчи одоб – аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтишни унутган кишига уни эслатиб қўйиш.

Мусулмон киши ўз дўстига доимо яхшиликни раво кўриши ва унга яхши ишларда ёрдамчи бўлиши керак. Дўсти бирор амалда ноқисликка йўл қўйса ёки эсидан чиқариб қўйса, унга эслатиб туриши лозим бўлади. Шунга кўра бир киши аксирса ва Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга эслатиб қўйилади. Ривоят қилинишича, бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ бир кишининг аксирганини, лекин Аллоҳга ҳамд айтмаганини кўриб қолади ва унга: «Аксирганда нима дейиш керак?» дейди. У киши: «Алҳамду лиллаҳ», деб жавоб беради. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ярҳамукаллоҳу», дейди.

Киши биродарига бирор нарсани эслатишда ширин сўз ва чиройли услуб билан айтиши лозим. Чунки яхшиликни эслатаман деб, кўнгилга озор бериб қўйиш ҳам мумкин. Шунга кўра аксириб, Аллоҳга ҳамд айтишни унутиб қўйган киши илм аҳлидан ёки ҳурматли киши бўлса, унга тўғридан-тўғри айтмасдан, балки чиройли услуб билан эслатиш керак бўлади.

 

Саккизинчи одоб – уч мартадан кўп аксирган кишига «ташмит» айтмаслик.

Одатда шамоллаган киши кўп аксиради. Унинг ҳар бир аксиришига ташмит айтилаверадиган бўлса, ёнидаги кишиларга машаққат бўлиб қолади. Шунинг учун унга уч мартагача ташмит айтилади, сўнгра айтилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолида[1] ривоят қилинади: «Сизлардан бирингиз аксирса, унинг ёнидаги шериги унга ташмит айтсин. Агар учтадан зиёда бўлса, у шамоллагандир. Учтадан кейин ташмит айтилмайди» (Абу Довуд ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У ҳадисни Набий алайҳиссаломга кўтарган: «Биродарингга уч марта ташмит айт. Ундан зиёда бўлса, у шамоллагандир» (Абу Довуд ривоят қилган).

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитди: «Бир киши у зотнинг ҳузурларида аксирди. У зот унга: «Ярҳамукаллооҳу», дедилар. Сўнгра, яна аксирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Бу) киши шамоллагандир», дедилар» (Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Демак, шамоллаш, тумов, аллергия каби хасталиклар сабабли инсон кўп аксирадиган бўлиб қолса, унга уч мартагача ташмит айтиш суннат бўларкан. Аксириш учтадан кўпайиб кетса, унга ташмит айтилмайди. Балки, ташмитнинг ўрнига касаллигидан соғайишини айтиб дуо қилиш мустаҳаб бўлади. Аммо бирор кишида учтадан кўп аксириш одати бўлса, унга ташмит айтилаверади.

Тўққизинчи одоб – мусулмон бўлмаган киши аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса ҳам, унга «ташмит» айтмаслик.

Мусулмон бўлмаган киши аксирганида унга ташмит, яъни «Ярҳамукаллоҳ» (Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), дейилмайди. Балки, унинг ўз ҳолатига кўра жавоб берилади. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати фақат мусулмон кишига бўлади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилган:

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида, у зот уларга «Ярҳамукаллоҳ», дейишларидан умид қилиб, сохта аксирар эдилар. У зот: «Яҳдийкумуллооҳу ва юслиҳу баалакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин)»,  дер эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Демак, ғайридин одамга ташмитдан кўра Аллоҳнинг ҳидояти муҳимлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар.


[1] Марфуъ ҳолида дегани, саҳоба бу ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарган бўлади, яъни, бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзидир. Саҳобанинг сўзи эмас.

 

 

 

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Йигирма еттинчи одоб ndashАллоҳни зикр қилиб ётиш.Ухлаш пайтида Аллоҳ таолони зикр қилиш суннат давоми...

07:00 / 20.03.2020 5011
1. Интеллект отадан ўғилга ўтмайди. Яъни, агар сиз даҳо бўлсангиз, унда сизнинг ўғлингиз юз фоиз давоми...

02:14 / 08.07.2023 1337
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзингизга давоми...

03:25 / 12.04.2020 5234
БиласизмиЮртимизда болалар сони қанчаЎзбекистон аҳолисининг 10 миллионга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар давоми...

03:32 / 02.06.2020 3666