Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат асарлари бизни ўқиш ва илм олишда
ҳиммат кўрсатишга чорлайди
("Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрни" иншолар танловидан)
"Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг Карамлиларнинг карамлисидир. У қалам билан илм ўргатган... инсонга билмаган нарсасини ўргатган Зотдир!" (Алақ cураси, 1–5-оятлар).
Одамни азиз килиб яратган, унга билмаган нарсасини ўргатган, инсонларга илм олишни фарз қилган, уларни тўғри йўлга солиш учун набий ва расулларни юборган, бандалари орасидан пайғамбарларга "меросхўрлар" танлаб олган яккаю - ягона Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин!
Бориъ азза ва жалла изни ила умматга илм ўргатган расулимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин!
Дин йўлида умрини сарфлаган, ҳақ динни асрлар оша бизгача етиб келишига ўз ҳиссасини қўшган олимларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!
Шайх ҳазратлари билан бир неча йиллар аввал "Шоядки, тақводор бўлсак" китоблари орқали билвосита танишганман. Асардаги мақолалар ўта равшан, шу билан бирга, қалбга тез ўрнашиб қолиши билан ҳар қандай китобхонни ўзига тортар эди. Асарда ўша пайтда ва ҳозир ҳам жамиятимизда долзарб бўлиб турган муаммолар атрофлича кўрилган ва ечимлари тақдим этилган эди. Саволларга берилган жавоблардан тўла қониққан, илмга ва ўтган улуғ ватандошларимиз ҳаётига қизиқишим ортган, айниқса, муаллифга ажиб эътибор уйғонган эди. Бу китобдаги масалалар, мавзулар ҳақида фикр юритиш келажак учун менга катта мактаб бўлди. Айниқса, ''Табаррук зот, табаррук мерос'' ҳикояси менга ўзгача таъсир этган эди.
Кейинроқ бу инсон юздан ортиқ асарлар муаллифи эканини кашф этдим. Буларнинг орасида ''Тафсири Ҳилол" китобининг борлиги менга ўзгача хурсандчилик бағишлади. Чунки энди менда Аллоҳнинг Каломини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ қилиш учун шароит бор. Бугунги кунда дунё олимларининг бутун умр йиққан билимларига таяниб айтган исботларини ўн тўрт аср аввал баён қилган Китобни ўрганиш имконияти бор. Ҳозир менда миллионлаб файласуф, жамиятшунос олимлар бирлашиб ҳам баён қила олмайдиган Дастуруламал бор. Менда Аллоҳ азза ва жалла юборган охирги диннинг асосий манбасини она тилида ўқиш ва ўрганиш имконияти бор. Албатта, бундай бахт яна қайда бор? Аллоҳ таолонинг сўзини ўқиш, тушуниш, унинг амрига бўйсунишдан ортиқ бахт борми? Шундай бахтга эришишга ёрдам берган китобнинг ҳаётимдаги ўрнини тушунтириб бериш мен учун мушкулдир…
Яқинда Пол Бреггнинг узоқ йиллар изланиб англаган ҳаётий ва амалий тажрибаларидан иборат соғлом яшаш ҳақидаги китобини ўқиб кўрдим. У ўз хулосаларига қаттиқ амал қилар ва натижалари ҳам жуда яхши эканлигини кўп шифокорлар тан олган эди. Ўқишда давом этар эканман, шунга амин бўлдимки, у фаҳмлаган нарсаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам аллақачонлар баён этган ва ҳаётларида татбиқ этиб кетган эканлар.
Бир неча мисол келтираман. Пол Брегг ҳар ҳафтада бир кун очликка амал қилишга даъват этар экан. Ахир бу бизнинг кўпчилигимиз амал қиладиган душанба ва пайшанба кунлик рўзаларимиз – Расулуллоҳ алайҳиссалом суннатлари эмасми? У ҳақиқий очликни ҳис қилмагунча ва ўта тўйиб овқатланмас экан. Бу бизга аллақачонлар суннат бўлиб қолмаганмиди? Мисоллар кўп, лекин иншомиз ҳажмини эътиборга олиб, шу билан кифояланамиз. Ўйлаб қолдим, кеча, бугун ғарб давлатларида бестселлер бўлган китобларнинг асл мағзи Расулуллоҳ алайҳиссалом суннатлари эмасмикан?! Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси 7 – оятида қуйидагича марҳамат қилади: ''...Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар…'' Хўш, Набийимиз алайҳиссалом суннатларини қайси ишончли манбадан ўрганаман? Яна халқимиз фахри, устозлар устози Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ''Ҳадис ва ҳаёт'' ва ''Олтин силсила'' китобларидан. Ҳазратнинг вақтларига Аллоҳ таоло томонидан берилган баракани қарангки, 37 жузлик ''Ҳадис ва ҳаёт'' ва 60 дан зиёд жузлик ''Олтин силсила'' китобларига асос солиб кетибдилар. Бу халқимизга Аллоҳ таолонинг инояти, Набийимиз алайҳиссалом суннатларини ўрганишга берилган имкониятдир. Албатта, Расуллулоҳ алайҳиссалом суннатларини ўрганган инсон, иншааллоҳ, ҳеч қачон кам бўлмайди.
''Нақшбандия: вазифалар ва зикрлар'' китобларини яқинда ўқий бошлаган бўлсам-да, мен учун самараси катта бўлди деб ўйлайман. Бу китобда Аллоҳ таолога яқин бўлиш сирлари ҳақида сўз борган экан. Тўпламдаги ҳақиқий қалб, иймон ҳаловатини топиш йўллари тушунарли ҳолда баён ва амалда осон татбиқ этилган эди. Шубҳасиз, бу менга тариқатлар маъносини тўла тушунишга ёрдам берди.
Албатта, Шайх Муҳаммад Содиқ Мухаммад Юсуф асарларининг ҳаётимдаги аҳамияти хусусида керак бўлса, бир неча китоб ёзиш мумкин. Қайси соҳа борки, шайх ҳазратлари қалам тебратмаган, сўз юритмаган бўлсалар? Тижоратга киришмоқчиманми, бас, ''Бозор ва унга боғлиқ масалалар'' китобини варақлайман. Қарз ва олди-бердига оид иш борми, бас, ''Қарз ва унга боғлиқ масалалар'' китоби менга ёрдамга келади. Динимизга оид саволим борми, ''Зикр аҳлидан сўранг'' китобидан барча саволларимга жавоб топаман. Аллоҳга минг шукрлар бўлсинки, юртимиздан шундай улуғ аллома етишиб чиққанлар. Иншаалоҳ, бундай қимматбаҳо ва нодир асарлар нафақат менга, балки халқимизга жуда зарур асарлардир. Улар ҳидоятда, ҳақ йўлда собит туришга ёрдам беради.
Зотан менга бу асарлар:
- иймон неъмати нима эканини;
-ҳаётда тўғри яшаш йўлини;
- мўмин киши умидсиз бўлмаслигини;
- динимизнинг илмга муносабатини;
- оламларга раҳмат бўлиб келган Соҳиби рисолатга Аллоҳ таолодан берилган илмни;
- Роббул Оламиннинг қиёматга қадар давом этувчи мукаммал динини ўргатди ва ўргатмоқда.
Шубҳа йўқки, бу неъматларни берган Аллоҳ таолога ҳар қанча шукрлар айтсам ҳам кам. Бу улуғ зот ёзган асарларини бир юз йигирма кишилик ''Hilol-nashr'' нашриёти чоп этиб улгуролмаётганини нашриёт раҳбари, ҳурматли Исмоил Муҳаммад Содиқ таъкидлаган эдилар. Албатта, улуғ алломаларимиз асарларини ўқиб, англаб етмоғимиз ва ҳаётимизга татбиқ этмоғимиз лозимдир. Бундай асарлар бизни ўқиш ва илм олишда ҳиммат кўрсатишга чорлайди.
Иншомни устозлар устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ''Шоядки, тақводор бўлсак'' китобларидаги ''Табаррук зот, табаррук мерос'' мақоласидан олинган қуйидаги иқтибос билан тугатишга рухсат берсангиз: ''...Кўчадан одимлаб борар эканман, дилим қувончга тўлиб ўйлайман: Имом Термизийга ўхшаш зотлар инсоният учун катта бахт келтирадилар. Уларнинг тиригида ҳам барака, вафотидан сўнг ҳам барака бор. То қиёматгача уларнинг хизматидан инсоният манфаатдор бўлаверади. Биз эса ул зотнинг юртдошлари сифатида у кишини эъзозлаш ва қолдирган улкан меросларини халққа етказишга масъулмиз.''
Ҳамидулла Муҳаммадхон