Жоҳилликнинг уч аломати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жоҳилликнинг уч аломати

Кимни ҳар бир саволга жавоб берадиган, ҳар бир шоҳид бўлган нарсасини таъбир қиладиган ва ҳар бир билган нарсасини зикр қиладиган ҳолда кўрсанг, бу унда жаҳолат борлигига далолат қилади.

Аёллар орасида тилни жиловламаслик, фаҳмламай туриб, эътиборсизлик оқибатида тилни тиймаслик каби ҳолатлар айни ҳикматга доир масалалардандир.

Бундай кишилар забонини бетартиб ҳолда ишлатадилар.

Илм аҳли билан суҳбатлашса, олимнинг ҳайбати босиб, гапира олмаётганини  айтади-да, чиройли сўзлашни унутади, хаёлидаги фикрларини таҳлил қилмай, ўйламай гапиради. Бу каби  ҳолатлар кўплаб аёлларимиз орасида одат тусига киргани сир эмас.

Ҳозирги кунда содир бўлган, ушбу мавзуга доир бир ибратли ҳодисани келтирайлик. Ибодатли оиладан бўлган бир кишига мусибат етиб, онаси оғир дардга учрайди. Онаизор юзининг бир қисми ўсимта туфайли олиб ташланади. Натижада  она гапира олмай қолади. Шунда ўғил онасининг кўнгли нима тусаётганини, эҳтиёжини билиб  туриш учун онасининг қўлига дафтар беради. Шу тариқа онасини парвариш қилишда давом этади. Аввалига зарурий эҳтиёжлар оз-оздан ёзилади. Кейинроқ эса ҳиссиётлар қўшилиши  билан ёзувлар кўпайиб, дафтарларнинг ўрни тез алмашадиган бўлади.  Шунда ўғил ўйланиб қолади. Тилдан қолган инсон шунча кўп гапираётган бўлса, соғлом инсонлар гапирадиган ҳамма гаплар ёзилган дафтарлар қанчалик кўп бўлишини тасаввур қилади ва «Уларнинг охиратдаги савол-жавоби нима бўлади?» дея тафаккур қилади.

Катта олимларнинг ҳам сўзлаётганлари, ваъз-насиҳат қилаётганлари улардан улкан масъулият талаб қилади. Оддий инсонлар беҳуда гап-сўзлари учун жавоб бериши шубҳасиз. Энди илм эгаси эканлигини, олимлигини даъво қиладиганлар бераётган фатволарининг, ваъз-насиҳатларининг масъулияти жуда катталиги боис, охиратда савол-жавоблари ҳам оддий инсонларникидан кўра оғирроқ бўлиши ҳадиси шарифларда, оятларда зикр қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатлироғингиз – дўзахга журъатлироғингиздир», дедилар. Бу масъулиятни, унинг оқибатини, ҳар бир амалга, ҳар бир сўзга икки фаришта гувоҳ бўлиб, қайд қилиб бораётганини аёлларимизга тушунтира олсак эди.

Нафақат тилдан чиқаётган гаплар, балки ҳозирда оммалашиб кетган интернет саҳифаларига ёзаётган ёзувларингиз, улашаётган овозли ва тасвирли лавҳаларингиз, суратларингиз ҳам гапирганингиз билан баравардир. Аёлларимиз бўлар-бўлмас гаплар, ҳаттоки ҳиссиётларини ҳам кундалик қилиб, оммага қўйишади, ваҳоланки уларнинг орасида  эркаклар ўқиши мумкин бўлмаган ёзувлар ҳам учрайди. Юрагининг туб-тубидан ўтадиган нарсаларни ҳам бемалол ҳамма кўриши, ўқиши ва тарқатиши мумкин бўлган интернетга ёзишади. Бу шармандагарчилик – онгнинг пастлигидан. Афсуски, беҳуда гап сотишдан ҳаё қилмаслик баъзилар учун оддий ҳаёт тарзига айланиб улгурган. Тўғри, бундай иллатлар фақат аёлларга хос эмас. Кўпчилик эркакларда ҳам беҳуда гаплар кўпайиб, ўзаро суҳбатнинг асосий қисми шундай ўтиши ҳам учраб туради. Баъзида аёллардан ўтиб тушиладиган ҳолатлар юзага келаётгани аёлларнинг ахлоқига таъсири бўлмаётганмикин? Ушбу ҳолатлар интернет саҳифаларидаги муҳокамаларда авж олгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Инсонни яна ҳам даҳшатга соладигани шуки, айтилиши мумкин бўлмаган, жоиз бўлмаган гаплар ҳам ўта бехижолат ҳолда гапиравериляпти. Бу бировнинг шаъни, уни оммани ичига олиб чиқишим, гапиришим керак эмас эди, деб мулоҳаза қилинмайди. Бировнинг омонати ҳам қолмайди, кимгадир зарар келтирадиган гаплар ҳам қолмайди, қайси гапни қай тарзда айтиш-айтмасликнинг фарқига бормайдиган даражада бўлиб кетилган.

Ҳикматдаги жоҳилликка далолат қилувчи уч тоифадан биринчиси – ҳар бир саволга жавоб бераверадиганлар бўлиб, бугунги кунда энг катта офат бўлиб турибди.

Бу ерда ҳар қандай соҳага оид саволлар назарда тутилган бўлиб, маъно жиҳатидан умумий илмларга оид бўлган саволлардир. Диний саволларга билиб-билмай жавоб беравериш эса янада каттароқ масъулиятни талаб қилади.

Мисол учун, тиббиёт ходими ўқимишли одам бўлгани учун ўзини билимдон ҳисоблайди. Одамлар орасида ўтирганида ўзининг тиббиёт ходими эканини билдириб, ўзига ҳурмат талаб қилиб, тиббиётнинг ҳамма соҳасига тегишли бўлган саволларга жавоб бераверади. Лекин тиббиётнинг бир бўлими инсоннинг ҳамма касалликларини қамраб ола олмайди. Ҳар бир бўлим ўз соҳасини чуқур ўрганади. Юрак касалликлари мутахассиси гинекология соҳасини, доялар ортопедия соҳасини, ортопед эса кўз касалликлари соҳасини чуқур била олмайди. У ўз соҳасининг энг чўққисига чиққан бўлса ҳам, тиббиётнинг ҳамма бўлимларига боғлиқ илмларни, аввалги ўтганларнинг услубини, келажакда яна нималар кашф қилинишини ҳам била олмайди. Қонуншунос ҳам ўз соҳасига етарли қонунларни ўрганади, лекин у бошқа давлатлардаги қонунларнинг ҳаммасини била оладими? Ўтган асрдаги қонунларни биладими? Табиийки, бир соҳа мутахассиси ҳеч қачон бу соҳанинг барча тармоқарига оид илмларнинг ҳаммасини ўзида жамлай олмайди. Ҳар бир инсон қайсидир соҳа устаси бўлгани билан маълум миқдордаги билим ва кўникмаларга эга бўлади. Бу билим ва кўникмалар эса маҳдуд, яъни чегаралангандир.

Ҳалол-ҳаром масаласи, фарз ва фарз бўлмаган амаллар, жаннат ва дўзах, иймон масалалари чуқур диний билимларни талаб қилади, бу эса ниҳоятда оғир масъулиятдир. Бироз илмни чала ўрганиб олиб, жамоат ичида ким нима савол берса, қўрқмай жавоб бераверадиган одам жоҳилдир. Давраларда амри маъруф қилиб, маросимларни ўтказаётган отинойилар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари зарур. Кўпчилик ичида ўтириб олиб, исталган саволга қўрқмасдан нотўғри жавоблар бериб юбориш ҳолатлари ҳали камайгани йўқ. Бундай давраларда 40 та ҳам, 200 та ҳам одам бўлиши мумкин. Ўша даврада ўтирган одамлар бу нотўғри жавобни маҳкам ушлаб, шунга амал қилиб юрса, мен буни фалон илмли одамдан эшитганман деб, ҳаммага тарғиб қилиб юрса, бунинг жавобгарлиги қанчалик оғир эканлигини бир ўйлаб кўриш фурсати келмадимикин?

Интернет тармоғида фаол бўлган баъзилар эса одамларни адаштирадиган даражада билимсизларча ёзиб ётишибди.

Жаноза маросимларида ҳам турли хил бўлмағур «фатво»ларни бемалол бериб юбораётган, майитни кўмиш билан боғлиқ амалларни ўзгартириб ёки бузиб юбораётганлар жуда кўп. Илми йўқ бўла туриб кимдир савол сўраса, «билмади» деган гапдан қўрқиб, ўзидан қўшиб бўлса ҳам, жавоб бериб юбораверишади. Афсуски, сўнгги йилларда бундай хавфли иллат диний масалаларда ҳам, бошқа масалаларда ҳам жуда авж олган.

Юқорида шифокор мисолида ўзини билимдон санаш ва шу орқали одамларга зиён етказиш тўғрисида айтилганидек, инсон ўзининг ожизлигини тан олса, билиши мумкин бўлган маълумотларнинг чекланганини билса, бу илм унга фақат Аллоҳнинг фазли билан келганини тан олса, бу унинг оқиллигига далолат қилади.

Агар бунинг аксини қилаётган бўлса, жоҳилликнинг белгисидир. Билиб-билмай жавоб бераётганини, одамларни адаштираётганини ҳис қилмагани, билмагани учун жоҳил бўлади.

Охиратнинг эҳтиётини қилиб, бу дунёда ҳам ёмон оқибатларга сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини билган одам олим ҳисобланади. Бу шундай дардки, саволга жавоб беришига сабаб бир муаммони ечиш эмас, балки кўпчиликнинг «билмас экан» деган гапидан уялишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлган зотлар, энг катта саҳобий розияллоҳу анҳумлар ҳам саволга жавоб беришда шошилишмаган, «билмайман» дейишдан уялишмаган. Ҳаттоки Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Қайси ер мени ушлаб турадики, қайси осмон устимда соя бўлиб турадики, ўз фикримга таяниб, Қуръондан бирон нарса десам?» деганлар. Ўтган олиму имомлар масъулиятни ҳис қилиб, “Билмайман”, деган жавоб беришган пайтда роҳатни ҳис қилишган.

Ҳозирги кунда эса бир масалага иккиланиб қолган ҳолатларда ҳам: «Фалон олимнинг ҳузурига боринг, ўша одам кўпроқ билади», дейиш камайиб кетди. Ҳаттоки бир киши бир саволга тўғри жавоб берса, «У нотўғри айтибди, бу ёққа кел, ўзим сенга тўғрисини айтаман», дейиш кўпайиб қолди. Бундайлар: «Менинг гапим ерда қолиб кетяпти», деган фикр билан бошқаларни билмаганга чиқариб, ўзиникини уқтиришга ўтади (аҳвол шу даражага борибдики, бир одам Шайх ҳазратнинг китобларидан бир масалани ўқиб, «Ҳукм мана бундай экан», деса, иккинчи одам: «Йўқ, ҳазрат билмаганлар», дебди).

Алҳамдулиллаҳ, ҳозир пойтахтда интернет ва бошқа манбалар орқали илм жуда кенг ёйилиб боряпти, халқимизнинг илмий, диний савияси аввалги йилларга қараганда анчагина ошган, яхши томонга силжишлар жуда кўп. Аммо чеккароқ ҳудудларда бидъат-хурофот қолдиқлари ҳали ҳам кам эмас. Катта аҳли илмларни олиб бориб, бир масалани тушунтирса ҳам қабул қилмайдиганлар топилиб турибди.

Жаҳолатнинг иккинчи аломати – ўзи гувоҳ бўлган ҳар бир нарсани таъбир қилавериш. 

«Анави кишини кўрдим, ундай қилди, буниси бундай қилди» деб, ҳар бир кўрган, эшитганини ҳаммага ёйиб, гапираверадиган кимсалар кўп. Бундай кимсалар ҳамма гап ёки ҳамма ишни ҳам ҳаммага эълон қилавериш мумкин эмаслигини, аксинча, бу нохуш нарса бўлса, уни эсдан чиқариш ёки яшириш лозимлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳазратимиз ҳикматдаги бу тоифага мисолни яна ҳам аниқ келтирибдилар:  «Бўлган воқеани дарҳол шахсий телефонга тасвирга олиб, ҳамма ёққа тарқатишади». Қарангки, ўзи шоҳид бўлгани етмай, ўзгаларни ҳам томошага чорлайди. Ваҳоланки бу кимнингдир ноқулай ҳолати, кимнингдир шаънига тегадиган иш бўлиши мумкин. Бундан бошқа ҳам жуда кўплаб вазиятлар бўлиши мумкин. Энг ёмони – бундай ҳолатлар аёллар орасида ҳам кўп кузатилаётганидир. Аввало, бир одамнинг рухсатисиз унинг тасвири ёки овозини ёзиб олиш жоиз эмас. Лекин ҳозирги аёллар нима қилишяпти? Нимани кўрса, қўл телефонига суратга олиб, танбеҳингизга парво ҳам қилмай, шу заҳоти кўпчиликка тарқатиб юборишяпти. Ваҳоланки айнан аёллар масаласида ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш шарт эди. Ахир аёл кишининг турган-битгани аврат, ҳатто овози ҳам аврат. Иш шу қадарки, одам яқинларнинг тўй маросимларига боришдан ҳам безиб, чўчийдиган бўлиб қоляпти, чунки унда ўзингиз истамаган ҳолатлар бўлиб қолиши ва бу ҳолатлар тасвирга олиниб, ҳаммага тарқатиб юборилиши мумкин. Даврада ўтирган кимдир телефонига узоқдан, беркитиб бўлса ҳам, бир ҳолатларни тасвирга олади, кейин унинг қўлидан ўша телефонни олиб, тасвирни ўчириб ташлай ололмайсиз. Тўй – бу хурсандчилик, байрам. Аёл киши ўзига яқин, маҳрамлар даврасида бироз ўзига оро бергиси, чиройли либосда бўлгиси келади. Аммо буни кўпчилик ҳали тушунмайди ёки бу борадаги шариатнинг аҳкомларини писанд қилмайди. Масалан, янги хонадонга меҳмон бўлиб келган, бир кунгина тўйи учун чиройли ясанган келинни ёки унинг ёнидаги аёлларни тасвирга олиш нима учун керак? Бу суратлар номаҳрамлар қўлига тушмаслиги, уни номаҳрамлар кўрмаслигига кафолат борми? Бундай хурсандчилик маросимларда аёллар қариндош-уруғлар, хослар, маҳрамлар даврасида бемалол ўтиради, ўзаро кулишиб, суҳбатлашади, овқатланади. Бироқ худди шу аёллар бошқа жамоат жойларида, кўчада бундай ҳолатда ўтирмайди. Демак, бу ҳолат – ниҳоятда хос, шахсий вазият ҳисобланади. Уни ташқарига олиб чиқиш мутлақо мумкин эмас. Мисол учун, бир оиланинг келини қайнотаси, қайнилари ва эрининг бошқа  эркагу аёл қариндошлари даврасида ҳеч қачон бундай ҳолатда ўтирмайди. Аммо ўзининг уйида, опа-сингилларининг даврасида бундан сал эркинроқ ўтириши табиий ҳол. Энди ана шу бемалолроқ ўтирган ҳолатини мутлақо бегоналар кўрадиган қилиб тарқатишни қандай тушуниш, қандай баҳолаш мумкин? Бундан мақсад нима ўзи? Ўз уйида, маҳрамлари даврасида ўтирган аёлнинг яширинча олинган суратларига бегона эркакларнинг кўзи тушмаслигига ўша яширинча суратга олган аёл кафолат бера оладими?

Мазкур ҳикматдаги ушбу иккинчи тоифа айнан мана шу ҳолатларни ўз ичига олади. Ҳар бир ишнинг ўз ўрни, ўз мавриди, ўз мақоми бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз раҳмати билан аёлларга айнан тўйда озроқ кўнгилхушликга рухсат берган.  Аммо бу кўнгилхушлик ўз ўрнида, меъёрида бўлиши шарти билан. Бироқ у ердаги аёлларни суратини олиш ва тарқатишга ҳеч қандай рухсат йўқ. Уламолар бу масалани жиддий ўрганиб чиқиб, ижтиҳод қилиб: “Мабодо бирор зарурат ёки сабаб билан тарқатиладиган бўлса ҳам, тафсилотлари аниқ билинмайдиган, зийнати кўринмайдиган қилиб тарқатиш жоиз”, деб айтишган.

Бундай нарсалар ёйилган сари янада оғир гуноҳларга, ёмон оқибатларга олиб борувчи иллатлар кўпайиб боряпти. Масалан, ҳатто ўз эрига айтилмайдиган гапларни оммага олиб чиқиб ёзиш пайдо бўляпти. Бунинг қанчалик  одобсизлик, беҳаёлик, оғир гуноҳ эканига парво қилмаган ҳолда, ҳеч нарсани фикр қилмай, жоҳилларча ёзиб юборишяпти.

Ҳикматдаги учинчи тоифа шу масалага узвий равишда баён қилинган бўлиб, унинг аломати – ҳар бир билган нарсасини айтаверишдир. Бу ҳолатда ҳам иккинчи аломат билан ўхшашлик бор бўлиб, ҳар бир билиб қолган нарсасини олиб чиқиб, кўпчиликка ёйишдир. Масалан, бирон жойга меҳмонга борилса, у ерда беш-ўнта меҳмонлар йиғилади. Ораларида бир-бирини биринчи марта кўриб турган инсонлар бўлиши мумкин. Аммо баъзи аёлларимиз у ерга бориб олиб, бутун дардини тўкиб солади, оилавий сирларини айтиб ташлайди, кимларнидир ёмонлаб, ғийбат қилади ва ҳоказо. Орада мутлақо омонат бўлган гапларни ҳам айтиб юбораверади. Айниқса, бир хонадонга меҳмон бўлганини айтиб, ўша хонадонга хос бўлган ҳолатларни, ҳатто сирларни ҳам бирма-бир гапириб, ҳаммани оғзига қаратиб ўтиради. Аммо афсуски, қилаётган бу иши нақадар ёмон иш эканини, гуноҳ эканини ҳис қилмайди. Қизи ажрашиб келганми, куёви билан можаро бўлганми, кичик фарзандининг оғзидан уят сўз чиқиб қолганми, эр-хотинни ноқулай ҳолатда кўриб қолганми – ҳаммасини ўтирганлар ичида дастурхон қилади. Ваҳоланки ўша хонадондаги мезбонлар бу ердаги гапларни фалончига ёки ҳаммага етказиб қўйинг, дейишсагина  бу гапларни айтиш жоиз бўлади. Акс ҳолда «Бу ердаги гаплар шу ерда қолсин» деб айтиш ҳам шарт эмас аслида.

Омонатдорлик – динимиздаги энг улуғ сифатлардан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур хулқларидан биридир. Мусулмонлар айнан мана шундай эзгу хислатлар билан  бутун дунёга намуна бўлишган. Шундай экан, бир жойга борган одам учун ўша ерда кўрган, эшитган нарсалари омонат бўлади, уларни ошкор қилиш мезбонларга нисбатан хиёнат ҳисобланади. Қолаверса, бу гапирилаётган гаплар уларни айтаётган одамнинг нуқтаи назари, савияси, дунёқарашидан келиб чиқиб айтилаётган бўлади, ўша бўлган воқеанинг ҳаққоний тавсифи бўлмайди. Шунинг натижасида кўпчиликда бир инсон ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлади, уларга нисбатан нотўғри муносабат шаклланади.

Аллоҳга бўлган муносабатлар ичида бандаларнинг ўзаро муносабати ҳам энг муҳим нуқталардан бири экан. Ҳадиси шарифларда ҳам дўзахнинг аксар аҳли аёллар экани ва бунинг сабаби тил экани қатъий таъкидланган.

Аллоҳ таоло барчамизга эзгу хислатлар билан, олий ахлоқлар билан сифатланишни насиб этсин!

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Махлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан нимадир умид қилиш, давоми...

06:01 / 30.11.2020 2331
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

19:00 / 21.05.2020 4298
Ҳақиқий тойй яқинлаштириш ndash охиратни ўзингдан ҳам яқинроқ кўришинг учун бу дунёнинг масофасини ўзингга давоми...

22:01 / 06.10.2020 2786
АЛЛОҲНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ҚАДРИНИ БИЛИШ УСЛУБИУ Зотнинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сени нима билан давоми...

19:00 / 27.04.2020 4567