Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан
Тарбия нима? “Тарбия” сўзи арабча “роба” феълидан олинган бўлиб, “ўстирди”, “зиёда қилди”, “раҳбарлик қилди” ва “ислоҳ қилди” каби маъноларини англатади. Кўпинча “таълим” сўзи билан ёнма-ён келадиган бу атама ўзида инсоннинг оилавий, диний, миллий, умуминсоний қадриятларини мужассам этади. Бу икки тушунчани бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Илмли инсон тарбия кўрмаган бўлса, уни комил инсон дейиш ўринсиз. Демак, баркамоллик чўққиси томон юксалиш учун билимнинг ўзи кифоя эмас!
Тарбиянинг ҳаётимизда қанчалик муҳим рўл ўйнашини биз у бўлмаганда нималар бўлишини тасаввур қилиш орқали яхшироқ англашимиз мумкин. Хўш, у бўлмаганда нима бўларди? Бир сўз билан айтганда, дунё остин-устин бўларди! Ҳар ерда тартибсизлик ҳукм сурармиди?! Инсонлар бир-бирига гўзал муомалада бўлишни билишмасмиди?!
Тарбия орқали инсон, аввало, ўзининг бошқа махлуқотлардан ажралиб туришини англайди. Ота-онаси, қариндошлари, устозлари, қолаверса, атроф-муҳит томонидан онгига сингдирилган қадриятлар мажмуи унинг юриш-туриши, муомаласи, ахлоқи ўзини тутишида намоён бўлади. Мукаммал дин бўлмиш Исломда ҳам тарбияга алоҳида урғу берилади.
Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадислари орқали биз умматларига тарбиянинг муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида таълим берганлар.
Саъд ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилининади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”, дедилар» (Термизий ривояти).
Демак, отанинг фарзандига қилган ҳадялари ичида энг яхшиси унга берган таълим-тарбияси экан. Дарҳақиқат, инсон туғилиб, дунёни англашга, уни ўрганишга киришади. Ёшликдан унга ўргатилган, онгига сингдирилган билимлар унга умрининг охиригача ҳамроҳ бўлади. Ота-она ва тарбиячилар ёшлигиданоқ унга илм, одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатишни бошлашлари ва албатта, унга ижобий тарафлама ўрнак бўла олишлари зарур. Пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, “комиллик” аталмиш бино ҳам кўркам ва мукаммал яралади. Ота-она фарзандининг икки дунёда ҳам бахт-саодатга етишишини истар экан, унга диний ва дунёвий илмларни бериш билан бир қаторда одоб-ахлоқ қоидаларини тарбия орқали таркиб топтиришга интилмоғи шарт. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислардан фарзанд тарбиясига оид, хусусан, уларнинг одобини гўзал қилиш, ёлғон сўзламаслик, уларга илм ўргатиш, фарзандларни бир-биридан ажратмай, бир хил муомалада бўлиш каби сабоқларни олишимиз мумкин.
“Тарбия” сўзини эшитганимизда, албатта, буюк мутафаккир аждодимиз Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари кўз олдимизда намоён бўлади. Абдулла Авлоний мазкур асарида педагогика учун жуда зарурий билимлар ҳақида ҳикоя қилади. “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган сўзларининг қанчалик тўғрилигига ҳаётимиз давомида кўп бора гувоҳ бўламиз. Тарбия инсоният учун ҳаёт-мамот масаласи экан, хўш, биз бу мураккаб жараёнга қанчалик аҳамият беряпмиз? Айниқса, ҳозирги техника ва технологиялар жадал ривожланаётган даврда мазкур масъулиятли вазифамизга етарлича вақт ажратяпмизми? Замонавий маиший техникалар кўпайиб, ишимиз анча енгиллашиб, вақтимиз тежалаётган бир пайтда, биз ундан фарзанд тарбияси учун фойдаланиб қолиш ўрнига, уни телевизор ёки телефон, компьютерлар қаршисига ўтирғизиб, ўзимиз эса виртуал оламга шўнғияпмиз! Натижада уларни биз эмас, “ақлли жиҳоз”лар тарбия қилмоқда! “Энг яхши дўст?” деган саволга аввалгидек “Китоб”, деб жавоб берадиган болалар камдан-кам топилса керак... Ахборот оқими шунчалар кўпки, китоб варақлаб ўтиришга ҳожат қолмагандай, гўё. Бахтимизга интернет номли “дўстимиз” омон бўлсин!
Тарбияланувчини тарбиялаш ўрнига тарбиячини ўзининг тарбияси оқсаётган бўлса, додингизни кимга айтасиз?! Бир ўйлаб кўринг, интернетга сарфлаган пулларимизни ўзимиз ва фарзандларимиз учун фойдали китобларга, беҳуда кеткизган соату дақиқаларимизни жигарбандларимизга илм ўргатиш учун сарфлаганимизда қандай натижаларга эришган бўлардик-а?! Олим учун илм манбаи, золим учун зулм манбаи бўлган бу техникалардан
фақатгина яхшилик йўлида, нафли билимларни ошириш учун фойдаланиш мумкин-ку! Халқ тилида “Дилбузар” деб аталмиш ойнаи жаҳонда керакли кўрсатувларнигина кўриб, қимматли вақтимизни дилбандларимизга ажратишимиз тўғри бўлмасмикин? Ўзи пулт билан бошқариладиган телевизор ўзимизни бошқараётгани ёлғонми?! Ҳатто кундалик юмушларимизни ҳам кўрсатувлар дастурига қараб режалаштирадиган бўлиб қолдик, токи биз севган кўрсатув ёки фильм ўтиб кетмасин. Сериалнинг энг қизиқ жойига келганда телевизорни ўчириб қўйган кичкинтойимизга бақирамиз. Билмаймизки, у бу ҳаракати билан ўзига эътибор кераклигини кўрсатяпти! Ойнаи жаҳон аллақачон “иккинчи она”га ҳам айланиб улгургани рост. Эрталабдан то кечки уйқуга қадар болажонларнинг кун тартибини белгилаб, тишларини ювишларини эслатиб, аллалаб ухлатади... Бир қарашда ҳаммаси яхши, бола қизиқиб ҳам керакли вазифаларини қилади. Аммо бу ишларни бир бурчакда турувчи жиҳоз эмас, она ўргатиши керак эмасми?
Авваллари ёш болаларга уят сўздек эшитиладиган “севаман” сўзини бугун уч-тўрт ёшли болалар бемалол қўшиқ қилиб хиргойи қилишяпти. Юзни қизартирадиган сериаллардаги уят саҳналарни бешикдаги чақалоғу, боғча, мактаб ўқувчилари ота-оналари билан биргаликда томоша қилишмоқда. Кўчаларда кўпайиб бораётган, борган сари инсонлар кўзига оддий ҳолдек кўринаётган беҳаёликнинг илдизи шу эмасми?!
Айниқса, ўсмир йигит-қизларимизнинг кийиниши, гап-сўзи, ўзини тутишини кўриб, кино қаҳрамонларига тақлид қилаётганини пайқаш қийин эмас.
Кўчадаги аёллар билан ғийбатлашиб ўтирганимизда “Қайсидир мактабда ўқийдиган қиз ҳомиладор бўлиб қолганмиш”, деган совуқ хабарни эшитиб, «Вой шўрим», деётганимизда ўзимизнинг фарзандимиз телевизор ё телефонда беҳаё кинолару клиплар кўрмаётганмикин?! Ўтган-кетганни оғзимизни тўлдириб ғийбат қиламиз, гўё ўзимиз мукаммалдек, фарзандларимиз тарбияси аълодек... Уйда эса турмуш ўртоғимизга дугонамизнинг янги кўйлаги, қимматбаҳо тақинчоғию, қўшнимиз янги олган машинасини оғзимиздан бол томиб мақтаймиз. Арзимас матоҳларни деб ёримиз билан жанжаллашаётганимизда кўзлари жавдираб турган мурғак болага ё эътибор ҳам бермаймиз ё бор аламимизни ундан оламиз. Кичкинагина буюмни синдириб қўйгани унинг каттакон айби! Шунинг эвазига еган калтак зарби, эшитган қарғишлари оқибатида синган кўнгли билан эса ҳеч кимни иши йўқ! “Болалигим-пошшолигим” деб яшайдиган даври аламзадалик, дилхираликлар ва калтаклар остида ўтади...
Бундай кўнгилсизликларни олдини олиш учун нима қилиш керак? Фарзандларимизга чиройли тарбия беришимиз керак. Уларга, улардан аввал, албатта, ўзимизга тарбия беришимиз керак! Аввало, ўзимизда исломий илмларни, миллий қадриятларимизни, одобни, вақтни қадрлашни, хушмуомалаликни, сабрни, ҳурматни, адолатни, тартибни мужассам қилолсак, оилада фарзандларимизга энг гўзал ўрнак бўламиз. Шундагина тарбия ва одобини гўзал қилишга эришамиз. Дунёда ўзининг одоби, андишаси, хушмуомаласи билан танилган ўзбегимга муносиб ворис бўлайлик! Исломнинг нақадар гўзал дин эканлигини биз мусулмонлар ўзимизни тутишимиз, чиройли ахлоқимиз билан намоён этайлик! Тарбияни ўзимиздан бошлайлик! Зеро, мактаб оиладан бошланади...
Дилором Юсупова